Сулаймоний ўлдирилишидан сўнг: Эрон-АҚШ ўртасидаги халқаро муносабатлар

Сулаймоний ўлдирилишидан сўнг: Эрон-АҚШ ўртасидаги халқаро муносабатлар

Эрон генерали Қосим Сулаймонийнинг АҚШ кучлари томонидан Ироқ ҳудудида ўлдирилиши халқаро ҳуқуқ нормаларига тўғри келадими?

Ушбу масала ҳозирда Яқин Шарқдаги вазиятни жуда таранг ҳолатга олиб келиб қўйди, вазият юмшади дейишга эса ҳали жуда ҳам эрта. Буларнинг барчаси ортида турган АҚШнинг ҳаракатларини халқаро ҳуқуқ қоидалари билан оқлаш мумкинми? Генерал Сулаймонийнинг бошқа давлат ҳудудида ўлдирилиши бир неча мураккаб ҳуқуқий саволларни туғдиради. 

Аввало қўлимизда бор фактлар ҳақида бир оғиз сўз юритсак.

2020 йил 2 январ куни АҚШнинг Ироқ ҳудудида жойлашган кучлари Бағдод шаҳридаги аэропортда Эроннинг Ал-Қудс ҳарбий гвардияси генерали Қосим Сулаймонийни дрон орқали зарба бериб ҳалок қилди. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, генерал Сулаймоний билан Хатаиб Хизболлаҳ гуруҳининг муҳим аъзолари бўлган 5 нафар ироқликлар ҳам авиазарбалар туфайли ҳаётдан кўз юмган.

АҚШ ўз ҳаракатларини қуйидагича оқлади: Эроннинг энг муҳим генералларидан бўлган Қосим Сулаймоний Яқин Шарқ минтақасида жойлашган АҚШ қуролли кучларига қарши режалаштиралаётган муқаррар қуролли ҳужумларни (imminent attacks) олдини олиш учун йўқ қилинди. Яъни, АҚШ сиёсатчилари ушбу авиазарбани давом этаётган қуролли тўқнашувларнинг олдини олиш учун эмас, балки келажакда келиб чиқиши мумкин бўлган хавфдан ҳимояланиш учун халқаро ҳуқуқдаги “ўз-ўзини мудофаа қилиш” (self-defence) доктринасига таянган ҳолда амалга оширилди дея хаспўшлашга ҳаракат қилишди. Энди эса юқоридаги фактларни куч ишлатишни тақиқлашга оид халқаро ҳуқуқ мезонлари билан ўлчаб кўрсак.

Авваламбор, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомининг 2-моддаси 4-банди давлатлар ўртасидаги муносабатларда куч билан таҳдид қилишни ва уни қўллашни тақиқлайди. Фақатгина БМТ Низомининг 51-моддаси ўз-ўзини мудофаа қилиш учунгина, шунда ҳам фақатгина тор доирада бундай қуролли ҳаракатга рухсат беради. Кўпчилик мутахассисларнинг талқинига кўра, бу қоида аниқ ҳужум юз берганда ёки шундай ҳужум амалга оширилиш арафасида тургандагина давлатларга ўзини ҳимоялаш учун бошқа бир давлатга ҳужум қилиш ҳуқуқини беради. Хўш, БМТ уставининг 51-моддасидаги “ўз-ўзини мудофаа қилиш” қоидаси АҚШ президенти Трампнинг Сулаймоний ўлими юзасидан айтган “муқаррар ҳужумга қарши мудофаа” даъвосини қай даражада оқлаши мумкин?

 Бундай даъвони оқлаш учун АҚШ ҳукумати энг камида қуйидагиларни исботлаб бериши лозим:

  • 1) Генерал Сулаймоний АҚШ фуқаролари ва мулкларига нисбатан ҳужумларни режалаштириш учун амалий ҳаракатларда иштирок этганини;
  • 2) Эрон ҳам ўша ҳужумларнинг амалга оширилиши бўйича энг сўнгги қарорни қабул қилиб бўлганини;
  • 3) Генерал Сулаймонийнинг ўдирилиши режалаштирилаётган АҚШга тегишли объектларга нисбатан ҳужумларнинг тўхташига сабаб бўлишини;
  • 4) Генерални йўқ қилиш АҚШ объектларини ҳимоялашнинг энг сўнгги чораси бўлиб, бу муаммони қуролли ҳаракатларсиз ҳал этишнинг имконсизлигини;
  • 5) Генерални айнан Ироқ ҳудудида йўқ қилиниши келажакдаги ҳужумларнинг олдини олиш учун ягона йўл бўлганини.

Ҳозирча АҚШ ҳукумати юқоридаги масалаларга ойдинлик киритадиган ва генерал Сулаймоний томонидан муқаррар ҳужумлар режалаштирилаётган бўлганини исботлайдиган далилни жаҳон оммасига тақдим этганича йўқ. Балки АҚШ буни кераксиз деб ҳам ўйлаётган бўлиши мумкин. Аммо АҚШ ҳукуматининг собиқ аъзолари томонидан берилган маълумотларга қараганда, генерал Сулаймонийга шу пайтгача Эрон ҳукумати томонидан юклатилган миссия фақат режалар тузиш ёхуд ғоявий масалаларни ҳал этишдан иборат бўлиб, у амалий ҳаракатларга бевосита бошчилик қилмаган. Очиқланган маълумотларга кўра, Эроннинг диний раҳнамоси Оятуллоҳ Хоманаий ҳам АҚШ объектларига нисбатан оммавий ҳужум тўғрисида ҳали аниқ қарорга келмаган эди. Шундай қилиб, Америка Қўшма Штатлари ҳукумати юқоридаги ҳолатларни исботлайдиган ишонарли далилларни ошкор этмас экан, БМТ Уставининг 51-моддасидаги “ўз-ўзини мудофаа қилиш” қоидаси чегараларини АҚШ яна бир бор керагидан ортиқ кенгайтириб, ўз фойдасига ишлатди дейишдан ўзга иложимиз қолмайди.

Бундан ташқари, агар Эрон ўз генерали ўлими учун қасос оладиган бўлса, президент Трамп Эрондаги 52 та маданий марказларни мўлжалга олишини айтиб таҳдид қилди. Бу эса БМТ Устави 2-моддаси 4-қисмдаги низоларни ечишда ўзаро куч ишлатишни тақиқлаш тамойилини очиқдан очиқ бузишдан ўзгаси эмас.

Ушбу ҳодисага доир яна бир ҳуқуқий масалага тўхтаб ўтсам: Эроннинг АҚШга жавоби ўлароқ, АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий ҳаво базаларига берган зарбаси (16 та ракета отилиши) халқаро ҳуқуқ меъзонлари бўйича қандай баҳоланади?

Генерал Сулаймоний ўлими учун қасос сифатида 2020 йил 8 январ куни Эрон қуролли кучлари Ироқдаги АҚШ ҳарбий базаларига баллистик ракеталар орқали ҳаво зарбалари берди. Инсоний талафот кўрилмаган бўлса-да, Эрон Ташқи ишлар вазири Жавод Зариф ушбу ҳаракатни “БМТ Низомидаги 51-моддага мувофиқ “ўз-ўзини мудофаа қилиш учун мутаносиб (пропорсионал) чоралар кўриш” дея оқлашга уринди.

Эроннинг бундан кейин бошқа ҳаракатлар қилишга нияти йўқлиги таниқли Эрон вазирининг баёнотидан аён. Бироқ АҚШ ҳаракатлари қанчалик халқаро ҳуқуқ нормаларига зид бўлса, унга жавобан амалга оширилган Эрон ҳукуматининг ҳаракатлари ҳам шунчалик зиддир. Сабаби шуки, нима бўлган тақдирда ҳам, АҚШ қуролли кучларининг 2020 йил 3 январ кунидаги генерал Сулаймоний ўтирган машинага берган зарбаси тугалланган ҳаракат бўлиб, АҚШ ушбу ҳаракатни яна давом эттириш ниятида эмас эди. Эрон ўз ҳаракатларини АҚШ томондан яна шундай “муқаррар ҳужум” яқинлашиб келаётганлигини исботлаш орқалигина асослаши мумкин. Аммо юқорида айтиб ўтганимиздек, ҳозирча АҚШнинг бундай нияти йўқ. Шундай экан, Эрон ҳукумати Ироқдаги АҚШ ҳарбий базаларига ҳужум қилиш орқали АҚШнинг ҳаракатларини маълум маънода оқлайдиган ишга қўл урди. Ваҳоланки, БМТ Устави ҳеч қандай қуролли қасос олиш йўлларини оқламайди.

Албатта, бу ўз генералининг АҚШ томонидан ўлдирилишига нисбатан Эрон ҳеч қандай чора кўра олмайди, дегани эмас. Халқаро жавобгарлик ҳуқуқи бўйича АҚШ ҳукуматининг Эрон олдида жавобгарлигини асослайдиган кучли далиллар, албатта, мавжуд. Аммо бу бошқа бир мақола мавзуси.

* * *

Сўнгги масала эса ушбу мавзунинг энг мураккаб жиҳати бўлган Ироқ билан боғлиқ ҳолатдир. Юқорида айтилганидек, АҚШнинг генерал Сулаймоний ва унинг ироқлик ҳамкорларига нисбатан олиб борган операциялари ҳам, бунга жавобан Эроннинг 8 январ кунидаги ракета зарбалари ҳам мустақил ва суверен Ироқ давлати ҳудудида рўй берган эди. Аммо иккала давлатнинг ҳаракатлари ҳам Ироқ марказий ҳукуматининг розилигини олмасдан амалга оширилди. Бу эса Ироқ давлати суверенитетини очиқдан очиқ бузиш деганидир. Хўш, АҚШ ва Эрон давлатлари Ироққа нисбатан ўз ҳаракатларини қандай қилиб оқлашлари мумкин?

АҚШ ҳарбий ҳаракатларни бошлаш орқали нафақат Эронга, балки Ироққа нисбатан ҳам қуролли куч ишлатди. Шундай бўлса-да, АҚШ ўз ҳаракатларини қуйидаги икки йўл билан оқлаши мумкин: розилик ва ўз-ўзини мудофаа қилиш. Ҳозирда ИШИДга қарши курашиш учун Ироқ ҳудудига кирган АҚШ ҳарбий базалари мавжуд. Бунга Ироқ ҳукуматинингҳам розилиги ҳам мавжуд бўлиб, АҚШ ўша пайтда Ироқ мустақиллигини сақлаш учун ҳаракат қилган эди. Аммо Сулаймонийга қарши операция учун АҚШ ҳукумати Ироқ ҳукуматидан розилик олмаганди. Бундан норози бўлган Ироқ парламенти 5 январ куни АҚШ қуролли кучларининг ўз давлатлари ҳудудидан чиқиб кетиши тўғрисида қарор қабул қилди. 10 январ куни эса Ироқ бош вазири АҚШдан буни расман талаб этди.

Шундай экан, АҚШ “ўз-ўзини мудофаа қилиш” доктринаси доирасида генерал Сулаймоний операциясини Ироққа нисбатан ишлата оладими? Гарчи Оқ Уй томонидан Ироққа доир ҳолатга нисбатан ҳеч қандай изоҳ берилмаган бўлса-да, кўпчилик давлатлар томонидан рад этилган, аммо АҚШ томонидан қабул қилинган “unable or unwilling” қараши АҚШга ёрдам бериши мумкин. Халқаро қуролли тўқнашувларга оид ўз-ўзини мудофаа қилиш доктринасининг кенгайтирилган талқини ҳисобланадиган “имконсиз ёки хоҳишсиз” (unable or unwilling) тушунчаси орқали АҚШ ўз ҳаракатларини оқлаши мумкин.

Ушбу қарашга кўра, Ироқнинг розилиги бўлмаса-да, АҚШ Ироқ ҳудудидаги ўз объектларини қўриқлаш учун ўз-ўзини мудофаа қилиш ҳуқуқидан фойдаланган. Чунки Ироқ ҳукумати Эроннинг таъсири остида бўлиб, унда генерал Сулаймонийни йўқ қилишга хоҳиш ҳам, имкон ҳам йўқ эди. Демак, бу вазиятда АҚШ ҳаракатлари тўлиқ оқланади.

 Аммо “имконсиз ёки хоҳишсиз” қарашини татбиқ этиш давлат суверенитетини ҳимоя қилишда жиддий муаммоларни туғдиради. Чунки бу қарашни тўлиқ татбиқ этадиган бўлсак, АҚШ ҳукумати Сулаймонийни йўқ қилиш учун аввало Ироқ ҳукуматидан рухсат сўраши керак эди. Ироқ эса қўшни Эрон билан муносабатларини ўйлаб, табиийки, рад этарди. Буни Сулаймоний ишига “хоҳишсиз” қарамоқда дея талқин этувчи АҚШ ҳукумати эса операцияни Ироқ розилигисиз ҳам амалга оширарди (ва амалга оширди ҳам). Бу, албатта, мустақил давлатларни шунчаки йўқ дея ҳисоблашдан ўзгаси эмас. Яна ҳам ваҳималиси шундаки, бундай қараш қабул қилинадиган бўлса, АҚШ авиазарбаси пайтида генерал Сулаймоний ўтирган машинада Ироқ бош вазири бўлганда ҳам, “имконсиз ёки хоҳишсиз” қарашига кўра, АҚШ ҳукумати халқаро ҳуқуқ бўйича оқланиб қолаверади. Шунинг учун, БМТ Уставининг 51-моддасини бундай кенгайтирилган шарҳи дунёдаги кўпчилик давлатлар томонидан ҳақли равишда қабул қилинмаган. АҚШ ҳукумати Ироқнинг ички суверенитетга очиқдан очиқ даҳл қилиб, халқаро ҳуқуқ нормаларини поймол қилгани кўриниб турибди.

Сўнгги изоҳ

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, АҚШ кучлари генерал Сулаймонийни халқаро ҳуқуқ нормаларига зид равишда қатл этди. Албатта, АҚШ ўз мақсадига бошқа қонуний йўллар билан ҳам етишиши мумкин эди. Мисол учун, Ироқ ҳукумати орқали генерал Сулаймонийнинг ҳаракатларини чеклаши ёки марҳум генерал режаларидан ўз қўшинларини мудофаа қилиш учун уларни Ироқдан кўчириш каби йўллар, албатта, мавжуд бўлган. Минг афсуски, АҚШ буларнинг орасида энг ёмонини танлади ва унинг Ироқ ҳудудидаги унинг қўшинлари энди доимий хавф остида қолади.

Бошқа томондан, АҚШ ва Эроннинг генерал Сулаймоний ўлими атрофидаги зиддияти ортида Сурия, Ироқ, ва Ливан каби Яқин Шарқ мамлакатларидаги Эроннинг ўзига содиқ қуролли гуруҳларни қўллаб-қувватлаши ётгани кўпчиликка сир эмас. Марҳум генерал Эроннинг диний раҳнамоси Оятуллоҳ Хоманаийнинг яқини сифатида бундай ҳаракатларни АҚШга нисбатан гиж-гижлаш учун “мия” (mastermind) ролини бажаргани аниқ. Лекин қизиғи шундаки, генерал Сулаймоний ўлими туфайли дунё иқтисодиётида катта ўзгариш юз беражаклиги ҳақида хавотирлар кучайиб бораётган бир пайтда, АҚШ томонидан генерал Сулаймонийни ўлдирилишининг қонунийлигини сўроқлашни кўпчилик давлатлар истамади.

Бундан ташқари, АҚШ ҳукуматининг Ироқдаги операциялар учун Ироқ ҳукуматига ҳеч қандай изоҳ бермаётганлиги ёки бўлмаса Ироқ бош вазири томонидан АҚШ ҳарбийларининг мамлакатдан олиб чиқиб кетилишига оид талабининг ҳам ўта қўпол тарзда рад этилиши ҳали ҳамон президент Трамп томонидан халқаро ҳуқуқ нормалари жиддий равишда менсилмаётганлигидан дарак берадики, бу 21-аср дунёмиз учун яхши аломат эмас.

 

 


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.