Эронда мудофаа вазирлигининг собиқ ходими жосуслиги учун қатл этилди

Эронда мудофаа вазирлигининг собиқ ходими жосуслиги учун қатл этилди

Фото: haier al-Sudani / Reuters

Эронда мудофаа вазирлигининг собиқ ходими Ризо Асқарий жосуслик ва АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) билан ҳамкорлик қилгани учун қатл қилинди. Бу ҳақда Эрон суд тизими вакили Ғуломҳусайн Исмоилийга таяниб ярим расмий Tasnim агентлиги хабар бермоқда.

“Ўтган ҳафта Мудофаа вазирлигининг собиқ амалдорини қатл қилдик. У 1995 йилда нафақага чиққан, кейин Марказий разведка бошқармаси билан ишлашни бошлаган ва ракеталаримизга оид маълумотларнинг бир қисмини сотиб юборган", - деди Исмоилий.

Эронда Асқарийдан ташқари, Маҳмуд Мусавий-Мажид исмли киши ўлим жазосига ҳукм қилинган. Дастлаб унинг ҳибсга олиниши АҚШ ва Исроил ҳарбий кучларига Бағдодда АҚШ ҳаво ҳужуми натижасида январ ойи бошларида ўлдирилган юқори мартабали Эрон генерали Қосим Сулаймонийнинг манзилини сотгани билан боғлиқ эди. Аммо, кейин ОАВ бошқа версияни илгари сурди. Tasnim агентлиги сўзларига кўра, Сурияда Мусавий-Мажид Эрон маслаҳатчилари билан боғланиб, кейин маълумотни Исроил ва АҚШ разведка идораларига сотган.

Мусавий-Мажид қачон қатл қилиниши номаълум.

2019 йил июнь ойида Эронда МРБ ва АҚШ ҳукумати номидан жосуслик қилгани учун, собиқ мудофаа пудратчиси Жалол Хожизафар қатл қилинган эди. Кейин унинг собиқ хотини жосуслик фаолиятида айбланиб, 15 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Февраль ойида яна бир эронлик Марказий разведка бошқармаси билан ҳамкорлик қилгани учун ўлимга ҳукм қилинган. Амир Рахимпур исмли одам Теҳроннинг ядровий дастури ҳақидаги маълумотни АҚШ разведкасига этказишга уринганликда айбланган.