Эронда ўн минг маҳбус афв этиляпти

Эронда ўн минг маҳбус афв этиляпти

©️ Reuters

Эрон олий диний етакчиси Али Хоманаий 20 март, жума куни Эрон янги йили (Наврўз) муносабати билан 10 минг маҳбусни афв қилади. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар қиляпти

Хоманаийнинг сўзларига кўра, сиёсий маҳбуслар ва хавфсизликка таҳдид туғдиргани учун қамоққа олинганлар ҳам кечирилади. “Ким афв қилинган бўлса, қамоққа қайтарилмайди”, деган у. 

Аввалроқ БМТ ва АҚШ Эронни маҳбуслар ва касалликлар билан тўлиб кетган қамоқхоналарини бўшатишга чақирганди. Бундан ташқари, Вашингтон Эрон қамоқхоналарида вафот этадиган ҳар қандай америкалик маҳбуснинг масъулияти расмий Теҳрон зиммасига тушиши билан огоҳлантирган.

Коронавирус ўта тез тарқалиши таҳдиди остида қолган Эронда шу ой бошида 85 минг маҳбус, шу жумладан, сиёсий маҳбуслар ҳам вақтинчалик, гаров эвазига озодликка қўйиб юборилган, бу қарор касаллик тарқалмаслигига чора сифатида изоҳланган эди.    

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Эрондаги махсус маърузачиси Жавод Раҳмоннинг билдиришича, мамлакат қамоқхоналарида айни пайтда 189 500 маҳбус бўлиб, ўтган йил ноябр ойидаги аксилҳукумат намойишлар вақтида ҳам юзлаб инсонлар ҳибсга олинган. 

Эрон Ислом Инқилоби муҳофизлари корпуси сўнгги йилларда кўплаб қўшфуқароликка эга бўлган – ҳам Эрон, ҳам АҚШ, Буюк Британия, Канада, Австралия, Австрия, Франция, Швеция, Нидерландия ва Ливан фуқаролигига эга шахсларни ҳибсга олган.

Теҳрон бу инсонларни сиёсий сабабларга кўра тутиб турганини инкор этиб, уларнинг аксариятини жосусликда айблаб келади.