Эронлик телебошловчи 13 йиллик ёлғон учун узр сўраб, ишдан кетди

Эронлик телебошловчи 13 йиллик ёлғон учун узр сўраб, ишдан кетди

Эрон давлат оммавий ахборот воситаларида ишлаб келган иккита журналист ўз ишидан воз кечди ва халқдан 13 йиллик ёлғонлари учун узр сўради. Ходимларнинг ишдан кетиши Теҳрондаги норозилик намойишлари ва Украина фуқаролик самолётининг адашиб уриб туширилишидан сўнг юз берган.

МАВЗУГА ДОИР: Украинага тегишли Boeing самолёти ҳалокатини Россия телевиденияси қандай ёритди?

Fox Newsʼнинг хабар беришича, ишдан кетишдан аввал журналистлардан бири ўзининг Инстаграм саҳифасида узрини эълон қилган, лекин кейинчалик пост ўчирилган.

“Одамларимизни ўлдирилганига ишонишим жуда қийин бўлди... 13 йил давомида алдаб келганим учун мени кечиринглар”, — дейилган эди постда.

Шунингдек, яна бир қанча телебошловчилар юқоридаги каби фикрларни билдиришган. 21 йил давомида телевидениеда ишлаган яна бир журналист-бошловчи аёл ҳам кетишга қарор қилганини ва бошқа ҳеч қачон ОАВ соҳасида ишламаслигини айтган.

МАВЗУГА ДОИР: Эрон-АҚШ можаросидан Ўзбекистонга нима?

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 8 январ куни эрталаб “Украина халқаро авиалиниялари” компаниясига қарашли самолёт Эронда ҳалокатга учраган эди.

Самолёт Теҳрондаги Имом Хоманаий аэропортидан кўтарилгандан сўнг қулаб тушган. Хабарларга кўра, самолёт бортидаги барча йўловчилар (170 га яқин) ҳалок бўлган.

Шундан сўнг, Эрон ҳарбийлари “Украина халқаро авиалиниялари”нинг Boeing 737-800 самолёти хато сабабли “душман учоғи” дея қабул қилиниб уриб туширилганини тан олди ва Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зариф ўз Твиттерида Теҳрон яқинида “Украина халқаро авиалиниялари”нинг самолёти “тасодифан” уриб туширилганини хабар берди. Зарифга кўра, “ҳалокатга АҚШнинг провокацияси туфайли юзага келган инқироз давридаги “инсон хатоси” омили сабаб бўлган”.