Эртага Аё София расман масжид деб эълон қилиниши мумкин

Эртага Аё София расман масжид деб эълон қилиниши мумкин

Турк журналистлари икки кундан бери Туркия Давлат Кенгашининг Аё София музейининг мақоми масаласида чиқарадиган эҳтимолий қарори ҳақида ёзяпти. 

Кеча NTV Haber телеканалининг жонли эфири вақтида ҳукуматга энг яқин газета – Sabah'да муаллифлик рукнини олиб борадиган Окан Мударрисўғли ўзидаги маълумотга кўра, "Давлат Кенгаши Туркия Вазирлар Маҳкамасининг 1934 йилда Аё Софияни масжиддан музейга айлантириш тўғрисида чиқарган қарорини кўриб чиққан ва бир овоздан буни ноқонуний деб топгани"ни айтди. Яъни, агар бу маълумот тўғри бўлса, Аё Софиянинг музей мақоми бекор қилиниб, у қайтадан масжидга айлантирилади.  

Hürriyet газетасининг ҳукуматга яқин таҳлилчиси Абдулқодир Селви ҳам бугун шундай деб ёзиб чиқди. Унинг ёзишича, Аё София масжид бўлади, бу ҳақдаги қарор 10 июл, жума куни эълон қилинади.

Аввалроқ, Туркия Давлат кенгаши Аё Софиянинг мақоми масаласини кўриб чиққан эди. Кенгаш раҳбари томонларни эшитган, аммо мажлис 30 дақиқага ҳам бормай якунланган. 

"Аё Софияни масжидга айлантириш бўйича мурожаат"да ҳимоя томони "Аё София Фотиҳ Султон Меҳмеднинг шахсий мулки бўлгани ва уни вақф қилиб қолдиргани, Туркия қонунларига кўра Вазирлар Маҳкамаси вақф мулкларини тасарруф этиши мумкин эмаслиги; шунга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 1934 йилда масжидни музейга айлантириш ҳақидаги қарори ноқонуний бўлгани"ни айтган.

Давлат Кенгаши прокурори эса "1934 йилда Аё Софияни масжиддан музейга айлантириш ҳақида чиқарилган қарор қонун доирасида қабул қилингани, шунинг учун бу ишни кўриб чиқишни рад этиш кераклиги"ни таъкидлаган эди.