Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






ESG нима?
23.09.2022 19:10,  
248

Бугун глобал миқёсда ESG атамаси тез-тез тилга олинмоқда. Турли йирик компаниялар ўз фаолиятида ESG тамойиллари жорий этилганини маълум қилишмоқда, бу борада кўплаб изланишлар олиб борилиб, янгиликлар татбиқ этилмоқда. Хўш, ESG ўзи нима, нима сабабдан бизнес эгалари бу қисқартмадан гўёки фахрланиш манбаи сифатида фойдаланмоқда? Унинг Ислом молияси, “Ҳалол” стандарти билан қандай алоқаси бор? Қуйида шу ҳақда қисқа ва лўнда суҳбатлашамиз, дея ёзмоқда "GlobalHalal.uz" манбаси.

ESG қисқартмаси (аббревиатура)ни “экология, ижтимоий сиёсат ва корпоратив бошқарув” деб ёйиш мумкин. Кенг маънода буни қуйидаги тамойилларга асосланган тижорий фаолиятнинг барқарор ривожланиши деб тушуниш мумкин:

  • атроф-муҳитга нисбатан масъулиятли муносабатда бўлиш (ингл., E — environment);
  • юқори ижтимоий масъулият (ингл., S — social);
  • юқори сифатли корпоратив бошқарув (ингл., G — governance).

ESG тамойилларининг замонавий кўриниши илк бор БМТнинг собиқ бош котиби Кофи Аннан томонидан шакллантирилган. У дунёнинг йирик компаниялари бошқарувчиларига ушбу тамойилларни, биринчи навбатда иқлим ўзгаришига қарши курашиш учун, ўз стратегияларига киритишни таклиф қилган.

Ушбу тушунчанинг асосий моҳияти шундан иборатки, йирик компаниялар фақатгина пул топиш, кўпроқ даромад топишни мақсад қилиб қўймаган. Бугун улар жамият ривожига ҳисса қўшиш, жумладан, хайрия ишларини бажариш, ўз ходимларининг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий муаммоларни бартараф этишда кўмаклашиш каби масъулиятларни ҳам зиммаларига олишмоқда. Шу билан бирга, фаолияти давомида атроф-муҳит, табиат, экологияга зарар етказмаслик, миллий қонунларга риоя қилиш, таъминот тизимининг соғлом ва барқарор ишлашини таъминлашга ҳам муҳим вазифа сифатида қаралмоқда. Уларнинг барчасини битта қилиб ESG деб аташ мумкин.

Мазкур атама Ўзбекистонда ҳали деярли оммалашгани йўқ, аммо хорижда аллақачон ўз ўрнини топиб, тобора мустаҳкамлаб бормоқда. “Тинькофф” собиқ вице-президенти, Different Technologies компанияси таъсисчиси ва бошқарувчиси Нери Толлардонинг сўзларига кўра, яқин келажакда жаҳон инвестицион фондлари барқарор ривожланиш тамойилларини эътиборсиз қолдирувчи компанияларга сармоя киритишни тўхтатади.

ESG афзалликлари

Ўз фаолиятига ESG тамойилларини жорий этган компаниялар юқори шаффофликни таъминлаш устида иш олиб боради. Натижада компания кенг омма, манфаатдор томонлар  учун очиқ, ишонарли ва прогноз қилиш мумкин бўлган ҳолатга келади. Бундай компаниялар билан ҳамкорлик қилиш инвесторлар учун ҳам, мижозлар учун ҳам ёқимли. Шаффоф ва очиқ фаолият кўрсатувчи компаниялар сармоядорлар эътиборига тезроқ тушади.

ESG – этика демакдир. Йирик инвестицион компаниялар этикага риоя қилинмайдиган тадбиркорлик фаолиятларига сармоя киритишдан хавфсирашади. Бу нарса биринчидан сармояларнинг йўқолиш хавфини оширса, иккинчидан, уларнинг обрўсига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Бундан ташқари, ESG самарали, масъулиятли ва ишончли бошқарув демакдир. Бугун молия бозорида ижтимоий муаммоларга бефарқ бўлмаган бошқарув ишончли бошқарув деган қараш шаклланмоқда. Шу боисдан компаниянинг ESG тамойилларига қанчалик амал қилишига оид маълумотлар сармоядорлар томонидан синчковлик билан ўрганилмоқда.

Глобал иқлим ўзгариши шароитида компанияларнинг экологияга таъсири масаласи ҳам долзарб бўлиб бормоқда. Чунки иқлим исиши, қурғоқчилик, сув тошқинлари ёки бошқа табиий офатлар жаҳон миқёсида инсонларнинг ҳаётига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатиб, ҳаёт сифатини тушираётган бўлса, локал миқёсда атроф-муҳит, хусусан, тупроқ, сув ва ҳавон ифлосланиши аҳолининг норозилигини келтириб чиқармоқда. Бу борада муайян бир компаниянинг экологияга салбий таъсири аниқланса, бу жиддий муаммо демакдир. Бундай шароитда компанияларнинг самарали экологик сиёсат юритиши жуда муҳим.

Ўзбекистонда ESG

Юқорида таъкидланганидек, Ўзбекистонда ESG тамойиллари кенг оммалашмаган, бироқ, бутунлай нотаниш мавзу деб ҳам бўлмайди. Айни пайтда мамлакатда ESG тамойилларини компания ва бошқарув органларига татбиқ этиш борасида амалий қадамлар ташланган. Хусусан, Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 8 апрелдаги “Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида”ги фармонида ESG тамойилларига келажакда халқаро савдо ва молия бозорларига чиқишда кўмак берувчи омил сифатида қаралган. Шу мақсадда тегишли вазирлик ва идораларга экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) ҳисобдорлик тизимларини жорий этиш бўйича илғор хориж тажрибасини ўзлаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш топширилган.

Шу билан бирга, "Ўзбекнефтгаз" компанияси ҳам ўз фаолиятида ESG тамойилларини жорий этиш бўйича ишларни олиб бормоқда. Хусусан, акционерлик жамияти IPO қилиш халқаро кредит рейтингини мустаҳкамлаш мақсадида узоқ ва ўрта муддатли стратегия ишлаб чиқиш ва халқаро рейтинг агентликларидан Барқарор ривожланиш рейтингини (ESG) олишни режалаштирмоқда. Бунинг учун компания таркибида ESG стандартларини жорий этиш бўйича масъул мустақил бўлинма ҳам тузилган.

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ҳам фаолиятига ESG тамойилларини жорий этишга қизиқиш билдирмоқда. Бу борада ташкилот БМТнинг Европа Иқтисодий Комиссияси (UNECE) билан ҳамкорликни йўлга қўйди.

Ташаббуснинг мақсадлари экологик, ижтимоий ва бизнес этикасини бошқариш тизимларини ривожлантириш, экологик ва ижтимоий хавфларни бошқариш, шу жумладан энг яхши халқаро стандартлар бўйича сертификатлашни такомиллаштириш имкониятларини тақдим этишга қаратилган. Ташаббусни амалга ошириш доирасида барқарор ва хавфсиз тўқимачилик материалларини синовдан ўтказиш учун мустақил тўқимачилик синов лабораториясини яратиш режалаштирилган.

ESG ва Ислом молияси, “Ҳалол” стандарт

Очиқлик, ижтимоий масъулият, самарали бошқарув, буларнинг барчаси Ислом молияси ва “Ҳалол” стандартлари асосини ташкил этади. Агарда Ислом молияси ва “Ҳалол” сертификатига ишонч, сифат, масъулият, жавобгарлик ҳамда кучли ва қатъий назорат деб қарайдиган бўлсак, ESG`га ҳам худди шу тарифларни бериш мумкин. Шу маънода ESG билан Ислом молияси ва “Ҳалол” стандарти аслида ўхшаш тушунчалар деган хулосага бориш мумкин.

Қайд этиш жоизки, бугунги кунда Sustainable Asset Management, Refinitiv, Morgan Stanley, Trucost, Sustainalytics каби компаниялар ESG тамойилларига амал қилинишини ўрганиб, тегишли хулосаларни бериш билан шуғулланиб келмоқда. “Ҳалол” сертификатини олишда ҳам худдий шундай йирик компаниялар, давлат ташкилотларига мурожаат қилиш талаб этилганидек, стандарт меъёрларига амал қилиниши устидан ҳам доимий назорат олиб борилади.

Хулоса ўрнида

Дунё янги бир босқичга қадам қўймоқда. Бу босқич глобал муаммолари, умуминсоний қадриятлари, ўзгача талаблари, инжиқликлари, таъсирчанлиги билан ажралиб туради. Ахборот айланиши кўлам ва тезлик нуқтаи назаридан кенгайган, марказлар ва қутблар заифлашиб, ўз марказларини йўқотаётган бир давр деб аташ мумкин. Бундай шароитда ишонч энг асосий инвестицияга айланади. Замоннинг ўзгаришлари, глобал трендларни доимий кузатиб бориш ва уларга мослашиш эса бугунги бизнеснинг асосий шартларидан. ESG ана шу ишонч ва мослашувчанлик пойдевори устида барпо этилаётган янги муносабатлар тизимидир. Усиз ҳеч қайси компания глобал марраларни кўзлашига ҳожат йўқ.

Санжар Саид

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан