Европа Иттифоқи Москвага қарши тўққизинчи санкциялар пакети доирасида Россиянинг яна учта банки билан операцияларни тақиқлаши мумкин. Бу ҳақда Financial Times газетаси хабардор манбаларга таяниб хабар бермоқда.
Нашр Россиянинг қайси кредит ташкилотлари ҳақида гап кетаётганига ишора қилмаган. Умуман олганда, Россиянинг 10 та банки, жумладан, Москва кредит банки, Россельхозбанк, Совкомбанк, Новикомбанк маълумот узатиш ва тўловларни амалга ошириш бўйича халқаро банклараро тизимдан (SWIFT) узилган эди.
Газета, шунингдек, Еврокомиссия санкцияларнинг тўққизинчи пакетига Россияда тоғ-кон саноатига янги сармоя киритишни тақиқлашни ҳам киритиши мумкинлигини хабар қилди.
Европа Иттифоқи расмийлари яқин кунларда Иттифоққа аъзо давлатлар билан навбатдаги чекловчи чоралар пакетини муҳокама қилишни режалаштирмоқда. Ҳужжат келаси ҳафта охиригача якунланиши кутилмоқда.
Европа Иттифоқи давлатлари Россияга қарши санкцияларнинг тўққизинчи пакетини жорий этиш масаласини муҳокама қилаётгани октябрь ойининг биринчи ярмида маълум бўлиб улгурган эди.
Ноябрь ойи охирида Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак ИВ Россия-Хитой энергетика бизнес-форумидаги нутқи давомида Россия ва Хитой SWIFT'сиз ҳисоб-китоб тизими устида иш олиб бораётганини айтиб ўтган эди, аммо у қандай бўлиши ҳозирча аниқ эмас.