Европа Иттифоқида илк мамлакат локдаунни қайта тиклади

Европа Иттифоқида илк мамлакат локдаунни қайта тиклади

Фото: Cloudagh Kilcoyne / Reuters

Ирландия коронавируснинг иккинчи тўлқини туфайли тўлиқ карантин чекловларини қайта тиклаган биринчи Европа Иттифоқи мамлакати бўлди. Бу ҳақда AFP хабар бермоқда.

Irish Times нашрининг ёзишича, чекловларнинг бешинчи даражасига қайтиш тўғрисида қарор ҳукумат томонидан қабул қилинган. Бу даража ўзини яккалаш тартиби қайтарилишини ва бир неча киши йиғилишини тақиқлашни назарда тутади. Шунингдек, уйдан 5 км. масофагача ҳаракатланиш мумкин. Ишга бориш фақат ходимларнинг танланган гуруҳлари учун рухсат этилади. Умумий овқатланиш шахобчалари ва барлар фаолияти тақиқланади. Ҳаётий маҳсулотларни сотмайдиган дўкон ва хизматлар ёпиқ. Жамоат транспортида ёъловчилар сиғими транспортнинг 25 фоизи ҳажмида чекланган.

Истисно тарзида бу карантинда мактаблар ёпилмайди.

Ирландия миллий карантин режимига кейинги олти ҳафта давомида, яъни декабр бошига қадар амал қилади. Бош вазир Майкл Мартиннинг айтишича, жорий чекловлар "еҳтимол Европадаги энг қатъий [чеклаш] режимидир", аммо "кўпроқ ҳаракат қилиш керак".

Жонс Хопкинс университети маълумотларига кўра, Ирландияда 50,9 минг коронавирус инфекцияси аниқланган. 1852 киши вафот этди. Мамлакатда касалланишнинг кескин ўсиши сентябрдан бери қайд этилди; бир кун олдин у ерда касалликнинг 1000 дан ортиқ янги ҳолатлари аниқланди.