Европа Иттифоқи Украинага яна 9 миллиард доллар ажратмоқчи. Шунингдек, урушдан сўнг мамлакатни тиклаш учун иттифоқчилар йиғади.
Бу ҳақда Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен маълум қилди.
“Украина ҳозир олд фронтда, у Европа қадриятларини ҳимоя қиляпти. Биз уруш давом этаётганда ва ундан сўнг мамлакатни тиклашда Украинани қўллаб қувватлашда давом этамиз”, деган у.
Россия армияси вайрон қилган мамлакатни тиклашга қанча маблағ кетишига фон дер Ляйен аниқлик киритмаган. У Европа Иттифоқи бу ишни ёлғиз қилмоқчи эмаслигини, балки иттифоқчи кераклигини айтган.
Украина учун янги “Маршал режаси” ҳақида АҚШ Молия вазири Жанет Йеллен гапирганди. Британия Ташқи ишлар вазири Лиз Трасс эса катта еттилик давлатлари Украинани тиклашга Россияни қандай мажбурлаш йўлларини муҳокама қилаётганини айтди.
Гап 100 миллиардлаб евро ҳақида кетмоқда. Апрел ойи бошида таниқли иқтисодчилар Украинани урушдан сўнг тиклаш учун 200-500 миллиард доллар керак бўлишини маълум қилганди.