Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Европарламентда коррупция билан боғлиқ жанжал нимадан далолат беради?
21.12.2022 19:07,  
44

Яқинда Европа Парламентида коррупция билан боғлиқ катта жанжал бошлангани ҳақида маълум қилинган эди. Европа жамоатчилиги, қолаверса, коррупцияни жамият ривожининг кушандаси деб қараётган халқаро ҳамжамият ушбу воқеаларнинг ривожини диққат билан кузатиб бормоқда. Тергов ишлари эса янги маълумотларни ошкор қилишда давом этмоқда. 

Бельгиянинг LeSoir нашри тергов ҳужжатларига таяниб ёзишича, яқингача Европарламент  раиси ўринбосари бўлган Греция фуқароси Ева Кайли Брюссель шаҳрида отасига яшириб қўйиш учун нақд евро солинган портфелни берганини тан олган. У, шунингдек, ушбу маблағ унинг квартирасида сақланганини ҳам бўйнига олган. 

Аввалроқ сиёсатчининг отаси полициячилар томонидан Брюсселдаги меҳмонхоналарнинг бирида катта миқдорда нақд пул билан қўлга олингани айтилган эди. 

Ўз навбатида, Европарламентнинг собиқ депутати Италия фуқароси Антонио Панцери ҳам Қатар ва Марокашнинг Евроиттифоқ фаолиятига аралашгани билан боғлиқ ушбу жанжалга алоқадорлигини қисман тан олганди. У ушбу коррупция ишининг ташкилотчиси сифатида  айбланмоқда, деб ёзган мазкур нашр. Панцери ҳам Брюсселдаги квартирасида 600 минг евро билан ҳибсга олинган.

Тергов ҳужжатида яна уч нафар евродепутат исми-шарифи қайд этилган, улар ҳам терговга жалб қилиниши мумкин, дейилади хабарда.

Декабрь бошида Европарламент қароргоҳи жойлашган Бельгия полициячилари ҳамда прокуратура бир қатор қамоққа олишларни ҳамда тинтувларни амалга оширган эди. Бунга Қатарда футбол бўйича жаҳон чемпионатини ўтказиш билан боғлиқ коррупция ишида олиб борилаётган тергов сабаб бўлганди. Хусусан, полиция Европарламент раиси ўринбосари грециялик сиёсатчи Еву Кайли ҳамда унинг шеригини ҳибсга олганди. Улар яшаётган уйларда тинтув ўтказилган. 

Бу ерда гап Қатарнинг жаҳон чемпионатини ўзида қабул қилиш бўйича аризасини қўллаб-қувватлаш эвазига  "йирик пул мукофоти" ва "қимматбаҳо совғалар" олинган бўлиши мумкинлиги устида кетмоқда.

Ўтган ҳафта бельгиялик изқуварлар гумондор шахслардан нақд пул кўринишида 1,5 миллион евро ва қимматбаҳо совғаларни мусодара қилгани маълум қилинганди. Ушбу воқеадан кейин Кайли ўзининг ватанидаги сиёсий партиясидан ҳам ҳайдалган, шунингдек, Европарламентдаги лавозимидан ҳам маҳрум бўлди.

Бундан ташқари, Бельгия оммавий ахборот воситаларининг маълум қилишича, евродепутатларга Қатардан ташқари, Марокаш томонидан ҳам таъсир ўтказишга уринишлар бўлган.

Мазкур жанжал юзасидан Бельгия прокуратураси олиб бораётган тергов ишларига Европа Иттифоқининг полиция агентлиги бўлмиш, Европол ҳам қўшилди, деб ёзмоқда LeSoir нашри. 

"Европол белгиялик терговчиларга ёрдам бермоқда", – деб хабар берган ушбу нашр агентлик вакили берган маълумотга таяниб.

Европарламентда бошланган коррупция можароси таниқли сиёсатчиларни ҳам бефарқ қолдирмаяпти. Масалан, Германия канцлери Олаф Шольц Европарламентда коррупция иши билан боғлиқ тергов бошлангани ҳақидаги маълумотни хавотир билан қабул қилган. Бу ҳақда журналистларга Германия Вазирлар Маҳкамаси расмий вакили Штеффен Хебештрайт  маълум қилган.

"Федераль канцлери, шубҳасиз, ушбу маълумотни қаттиқ хавотир билан қабул қилди. Энди воқеаларнинг давомини кутиш лозим. Олдиндан хулоса чиқариш керак эмас, бу маълумотлар тасдиқланиши керак, чунки айблов ўта жиддий. Ҳар қандай вазиятда ҳам  бу жанжал алоҳида бир давлатлар даражасида эмас, балки Европа Иттифоқи парламенти даражасида муҳокама қилинади", – деган Вазирлар Маҳкамаси вакили душанба куни бўлиб ўтган брифингда.

Европа парламенти раҳбари  Роберта Метсола сўнгги йилларда энг шов-шувли коррупция жанжалига аралашиб қолган мазкур муҳим Европа институтининг обрўсини қайта тиклаш ниятида эканини маълум қилди. Жумладан, унинг таъкидлашича, яқин орада депутатлар билан хорижий давлатлар ва ташкилотлар вакиллари ўртасидаги муносабатлар тартибига ўзгартириш киритишни таклиф этмоқчи. Таклиф этилаётган ислоҳот маълумот тарқатувчиларни ҳимоялаш бўйича парламент тизимини қучайтириш, хорижий давлатлар билан ҳар қандай норасмий жамиятлар  дўстлигини тақиқлаш, депутатларнинг ўзларини тутиш тартибларини қайта кўриб чиқишни ўз ичига олади.

Коррупция билан боғлиқ жанжаллар дунёнинг исталган минтақасида, исталган давлатда ва халқаро ташкилотларда бўлиб туради. Унга тараққиётни орқага тортувчи хавфли иллат сифатида қаралади.  Бунга кўп бор гувоҳ бўлинган. Лекин дунёнинг энг очиқ, энг демократлашган жамияти сифатида кўрилаётган Европада, хусусан, Европарламентда кузатилаётган коррупция можароси инсониятнинг бу иллатдан халос бўлиши учун ҳали етарлича чоралар кўрмаётганига яна бир бор  далил бўлади. 

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан