Евросиё Иқтисодий Иттифоқи: Интеграция сари “тошли йўл”

Евросиё Иқтисодий Иттифоқи: Интеграция сари “тошли йўл”

Россия Федерациялар Кенгаши спикери Валентина Матвиенко октябр ойидаги Тошкентга қилган сафари мобайнида (ҳали Президент билан учрашмасдан туриб) Ўзбекистон Евросиё Иқтисодий Иттифоқига (ЕОИИ) аъзо бўлмоқчилигини сўз ўйинлари билан (атайдан ёки шошилиб) айтиб юборган эди. Бу “айтиб юбориш” кунлик суҳбатларда оддий гап бўлса-да, сиёсатда очиқ ойдин “Ўзбекистон, қани энди аъзо бўлишни тезлат!” дегандай босим эди.

Аслида, бу каби босимлар ёки моддий рағбатлантиришлар аллақачон аъзо бўлган давлатларни ҳам четлаб ўтмаган кўринади. “Аъзо давлатларнинг ЕОИИга аъзо бўлиш тўғрисидаги қарорларига Москвадан мажбурлаш ва пора аралашуви сабаб бўлган бўлиши мумкин” – дейилади “Европа Парламентининг Тадқиқот Хизмати” ҳисоботида (2017).

Масалан, Қирғизистон учун 1 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги Россия-Қирғизистон ривожланиш жамғармаси ва 300 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қарзни кечиш иттифоққа қўшилиш битимининг бир қисми бўлган. Арманистонга эса Россия газига 30 фоиз чегирма берилган. Ундан ташқари, Арманистоннинг қўшни Озарбайжон ва Туркия билан ёмон муносабатларини ҳисобга олган ҳолда, Россиянинг Ереванни (Арманистон пойтахти) ҳарбий ва сиёсий қўллаб-қувватлаши ҳал қилувчи омил бўлган бўлиши ҳам мумкин. Беларусга келсак, у ўз иқтисодини ривожлантириш учун Россиянинг арзон нефт ва газига, шунингдек, Евросиё Тараққиёт Банкининг 2 миллиард долларлик қарзига таянади.

Унда ташқари аъзо давлатларнинг жуда кўп муҳожирлари Россияда эканини ҳисобга олсак, Кремлнинг бу давлатларга ўз муҳожирлари ҳақида бир оғиз “эслатиб” қўйиши ҳам қўшимча “рағбат” бўлган, албатта. Чунки, масалан, Қирғизистон ЯИМнинг 31,5 фоизи Россиядаги мигрантлар ҳисобига тўғри келади (Бу кўрсаткич Тожикистонда 50 фоиз ва Ўзбекистонда 15-25 фоизни ташкил этади). Ҳатто, баъзи манбаларда рус музокарачилари қирғизларга Иттифоққа аъзо бўлмаслик Россиядаги қирғиз муҳожирлари учун чекловларга сабаб бўлишини айтишган (Aslund 2013). Пул ўтказмалари ҳажми Қирғизистон ялпи ички маҳсулотининг учдан бир улуши сифатида ҳисобга олинса, бу Қирғиз ҳукуматининг нозик томони бўлган (Putz 2015).

Аксинча, ЕОИИ ўрнига Европа Иттифоқи билан интегратцияни танлаган Украина, Грузия ва Молдова кабилар жазо чораларига дуч келмоқдалар: 2013 йил декабр ойида Россиянинг 15 миллиард долларлик Украина давлат облигацияларини сотиб олиш ҳақидаги таклифига қарамай, ЕОИИ аъзолигини рад этган Украинанинг аҳволига гувоҳ бўлдик; Грузия ва Молдова товарларига эса эмбарголар эълон қилинди.

Россиянинг бундай тактикасидан фойдаланиш АҚШнинг собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтон айтганидек, ЕОИИ авваламбор собиқ Совет республикаларини Москва орбитасида ушлаб туриш ва Ғарб таъсирини камайтириш учун мўлжалланган геосиёсий лойиҳадир. ЕОИИнинг геосиёсий аҳамияти Путиннинг 2011 йилдаги баёнотида тасдиқланган эди. Унда Совет Иттифоқини тиклаш бўйича ҳар қандай ниятни рад этган бўлса-да, ЕОИИни “замонавий дунё қутб”ларидан бирига айлантиришни мақсад қилган эди. Бу фикр унинг ташқи сиёсатдаги амбицияси билан боғлиқ бўлиб, унинг фикрича, АҚШ ҳукмронлик қиладиган бирламчи глобал тартибни Россияга Ғарб билан тенг ҳуқуқли шерик сифатида олиш имконини бериши керак эди. Яъни Путин ҳам ўзи ҳукмронлик қила оладиган ўз “зонаси” бўлишини истаган эди.

Бундан хулоса қилиш мумкинки, қарор берувчи ўзбек ҳукуматидан ЕОИИга аъзолик ҳақида ҳеч қандай баёнот чиқмасдан туриб, Кремлдан Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиши ҳақидаги хабарларнинг тарқатилиб турилиши ҳали Иттифоққа аъзо бўлмасимиздан бошлаб юборилган “шошқалоқлик”дир. Ўйлайманки, Ўзбекистон бу борада кучли сиёсий иродани намойиш этиб, миллий суверенитетлик тамойиллари билан иш тутади.

“Eвропа Парламентининг Тадқиқот Хизмати” ҳисоботи асосида тайёрланди.
(“Eurasian Economic Union: The rocky road to integration” by Martin Russell, European Parliamentary Research Service, 2017)

Валижон Тўрақулов

Инҳа Университети, Халқаро Савдо йўналиши PhD номзоди

Мавзуга оид бошқа мақолалар:

Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши аниқ бўлдими?

«Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилганидан кейин Қирғизистон барча фронтларда ютқазди» – Мамлакат парламенти ЕОИИдан чиқишини талаб қилмоқда

Лукашенко: «Кечирасиз, бунақа иттифоқ (ЕОИИ) кимга керак?» (видео)

Ўзбекистон қуруқ гап билан иттифоққа кирмайди

Мигрант: ЕОИИ ҳақида эртак айтманг! Патент баҳона эмас!

Ўзбекистон ЕОИИга қўшилишга қарор қилдими?

Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзоликдан ким ютди ва кимлар ютқазди?

Евросиё Иқтисодий иттифоқи: Десталинизация амалга ошмаган Россиядан тенгҳуқуқли муносабатларни кутиб бўладими?

Босим остидаги Ўзбекистон: Россия босими

ОАВ: Ўзбекистон Евросиё Иқтисодий Иттифоқига киришидаги зарурий шартлар ва эҳтимолий хавф-хатарлар таҳлили 2019 йил охиригача якунланади

Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшиладими?


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.