Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Эйнштейн: ХХ асрнинг энг машҳур телба даҳоси
5.02.2020 16:14,  
1444

Олти ойлик танаффусдан сўнг Эйнштейн биографияси ҳақидаги китобни тугатдим. Муаллиф Уолтер Айзексон физикага оид масалаларни оддий тилда тушунтириб беришга ҳаракат қилган, барибир тушунмадим. Физикага оид жойларини ташлаб кетдим. Ўзи Эйнштейннинг нисбийлик назариясини мутахассислар ҳам зўрға тушунаркан. Журналистлар беш минутда қисқача тушунтириб беринг деса, энг камида уч соат кетади деркан.

Эйнштейн яҳудий бўлган. XIX аср охири, XX аср бошларида Австрия-Венгрия ва Германияда ҳамма соҳаларда яҳудий олимлар кўпаяди, кўплаб етук олимлар етишиб чиқади. Оламшумул кашфиётлар ва ихтиролар қилади. Физика бўйича Нютондан кейин фанда энг катта янгилик қилган деб Эйнштейн ҳисобланади.

Эйнштейн узоқ йиллар фанда ўз йўлини тополмай қийналади. Коллежда оддийгина ўқитувчилик қилишга ҳам киролмайди. Университетларга иш сўраб қилган юзлаб мурожаатлари эътиборсиз қолдирилади. Патент берувчи ташкилотда техник ходим бўлиб ишлайди.

Эйнштейн анчайин шўх бўлган. Бир нечта аёллар билан дон олишади. Оилавий ҳаётда бефарқроқ, совуқроқ бўлади. Хотини билан ажрашади.

Ажрашмаслик учун қўйган шартларини ўқиб, ундан кўра ажрашиб қўя қол дейсиз. Шартлари ичида ётоғи алоҳида бўлиши, овқати ва тоза кийимлари доим тайёр бўлиши таъкидланган. Оилавий можароси узоқ давом этади, охири ажрашиб, бошқа Элса деган бевага уйланади. Элсанинг бўйига етган қизлари бор эди. Катта қизи ҳам унга ишқибоз бўлади. Ҳатто онасигами ёки қизига уйланиш ҳақида ўйланган.

Эйнштейн нисбийлик назариясини ишлаб чиққач, ниҳоятда машҳур бўлиб кетади. Президентлар, вазирлар, подшоҳлар унга иззат-эҳтиром кўрсатади. Бутун дунё бўйлаб саёҳат қилади.

Эйнштейн яҳудийлар учун қайғуради. Сионистлар ташкилоти президенти Вайзмен билан дўстона муносабатда бўлади. Қуддусда Яҳудий Университети очиш учун хайрия тадбирларида қатанашади, пул йиғади. Аммо Исроил давлати қурилишига қарши бўлади.

Эйнштейннинг энергия борасидаги тенгламалари алалоқибат атом бомбаси яратишга асос бўлади. Бир таниши унга атомнинг потенциали ҳақида айтиб беради. У пайтда Эйнштейн аллақачон АҚШга кўчиб ўтган эди. Гитлерга қарши курашда қўл келишини ва немислар атом бомбасига эришмай туриб тезроқ буни амалга оширишни ўйлайди. АҚШ президентига хат ёзади. Оқ Уй хат мазмуни билан танишган куннинг ўзидаёқ атом бўйича комиссия тузади. Атом бомбаси яратиш учун Манҳеттен Лойиҳаси ишлаб чиқилади ва яна бошқа яҳудий физик Опенҳаймер бу лойиҳага бошчилик қилади.

Эйнштейн атомнинг оқибатларини яхши англайди. Дарҳол унинг хатаридан сақланиш ва уни назорат қилиш учун халқаро ташкилот тузиш ҳақида ўйлай бошлайди. Учинчи Жаҳон Уруши қандай бўлади деган саволга "Қандай бўлишини билмадиму, аммо Тўртинчисида одамлар таёқлар ва тошлар билан урушади" деган.

Эйнштейн инсонда эркин ихтиёр борлигига ишонмаган. Истаганингни қилишинг мумкин, аммо истаганингни истолмайсан, дейди у. Яъни, инсон ихтиёри мутлақ эмас, унга бошқа факторлар таъсир ўтказади деган маънода.

Бу китобни ўқиб илм-фан олами ва одамлари ҳақида ҳам бироз тасаввур пайдо бўлди. Конспирация назарияларига бўлган менсимаслигим янада кучайди. Масалан, АҚШни яҳудийлар бошқаради деган фикр ҳам ўша тарихий жараённи билмасликдан бўлса керак. Гитлер репрессияси туфайли кўп яҳудий олимлар АҚШда қўним топади ва АҚШда илм-фан ривожига катта ҳисса қўшади. Ўша пайтда агар мусулмон олимлар шундай қилганда АҚШ уларни ҳам қабул қилавериши турган гап эди.

Хуллас, биз илм-фандан нақадар орқада қолиб кетганимизни бироз ҳис қилдим. Инсонга миядаги маълумотдан кўра фикрлаш ва тасаввур қилиш қобилияти муҳимроқ. Илмни бирор касбли бўлиб қолиш учун эмас, завқланиш учун ўрганиш керак деган фикрлари ёқди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан