Facebook яна бир машҳур сервисни сотиб олиб, Instagramʼга қўшди

Facebook яна бир машҳур сервисни сотиб олиб, Instagramʼга қўшди

Энг оммабоп ижтимоий тармоққа, таниқли мессенжерларга ва бошқа бир қатор сервисларга эгалик қилувчи Facebook компанияси яна бир харидни амалга оширди. Яъни, GIF форматидаги анимациялар сервиси – Giphy ҳам унинг қўлига ўтди.

Facebook ўз расмий сайтида эълон қилишича, “визуал ижод ва ўзини намоён этиш соҳасидаги етакчи Giphy сервиси Instagram жамоаси таркибида Facebookʼка қўшилган”.

Гарчи ушбу харид қиймати айтилмаган бўлса-да, Axios нашрига кўра, келишув нархи 400 миллион АҚШ долларига тенг.

Компания энди Giphy сервисини Instagram тармоғига интеграция қилиб, унинг Stories ҳамда Direct қисмларида идеал GIF-файллар ва стикерлар қидирувини осонлаштирмоқчи. Шунингдек, Giphy мазкур компаниянинг бошқа сервисларига ҳам жорий этилади. Маълумотларга кўра, шундоқ ҳам Giphy кунлик трафигининг 25 фоизи Instagramʼга, яна 25 фоизи компаниянинг қолган иловаларига тўғри келар экан.

Айтиш керакки, ушбу GIF-анимациялар сервиси 2013 йили ишга туширилган ва жуда оммабоп. Сўнгги маълумотларга кўра, у ҳар куни фойдаланувчиларнинг 700 миллиондан ошиқ сўровларини кўриб чиқади ва уларга жавобан 10 миллиард донадан зиёд турли контентларни таклиф этади.

Фойдаланувчилар учун Giphy хариди ва унинг Instagramʼга интеграцияси сезилмайди. Улар аввалгидек GIF-файлларни юклашлари мумкин, дастурчилар ва ҳамкорлар сервиснинг APIʼсини қўллашда, ижодкорлар ҳамжамияти эса – контент яратишда давом этаверадилар.