Фаластин БААдан элчисини чақириб олди

Фаластин БААдан элчисини чақириб олди

Фаластин ташқи ишлар вазири Риёд ал-Маликий БАА ва Исроил ўртасидаги муносабатлар нормаллашгани сабабли Фаластин элчиси БААдан чақириб олинганини эълон қилди.

"Фаластин президенти Маҳмуд Аббоснинг фармонига биноан Фаластин АҚШ, Исроил ва БААнинг муносабатларни нормаллаштириш ҳақидаги уч томонлама баёноти туфайли дарҳол БААдаги элчисини чақириб олади", - деди Фаластин ТИВ Риёд ал-Маликий вазирликнинг расмий Facebook саҳифасида чоп этилган баёнотида. 

Пайшанба куни Фаластин раҳбарияти Исроил, БАА ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги уч томонлама келишувни қатъий рад этиши ва қоралашини маълум қилди.

БАА Исроил билан муносабатларни тўлиқ нормаллаштиришга келишиб олган биринчи кўрфаз мамлакати бўлди

Аввалроқ Исроил ва Бирлашган Араб Амирликлари муносабатларни тўлиқ нормаллаштиришга келишиб олганлари ҳақида хабар берилган эди. Қўшма Штатлар билан тузилган уч томонлама баёнотда айтилишича, Исроил БАА билан келишув шартларига биноан Ғарбий соҳилда ўз суверенитетини кенгайтириш тўғрисидаги қарорни вақтинча қолдиради. Шунингдек, келгуси ҳафталарда Исроил ва БАА инвеститсия, туризм, тўғридан-тўғри авиарейслар, хавфсизлик, телекоммуникация ва бошқа соҳаларда бир қатор шартномаларни имзолашади.