Фарғонада соврин жамғармаси 100 миллион сўм бўлган фан олимпиадаси бўлиб ўтди

Фарғонада соврин жамғармаси 100 миллион сўм бўлган фан олимпиадаси бўлиб ўтди

30 октябрь куни Фарғона вилоятида Абу Райҳон Беруний номидаги кимё олимпиадаси бўлиб ўтди.

Олимпиадада 2018-2019 ўқув йилида ҳудудий халқ таълими ва касб-ҳунар таълими бошқармалари томонидан ўтказилган асосий фан олимпиадасининг III босқичида ғолиб бўлиб (1-2-3-ўрин), ҳозирги кунда умумий ўрта таълим мактабларининг 10-11-синф, академик лицейларнинг 1- ва 2-босқич ҳамда касб-ҳунар коллежларининг 3-босқичида таҳсил олаётган 100 нафарга яқин ўқувчилар иштирок этди.

Унда 1-ўрин Тошкент давлат педиатрия тиббиёт институти қошидаги академик лицей ўқувчиси Мирумид Миракбаровга, 2-ўрин Бухоро шаҳридаги 35-мактаб ўқувчиси Фирдавс Собировга, 3-ўрин эса Ғузор туманидаги 68-ДИМИ ўқувчиси Қобул Хайитовга насиб этди.

Ғолиб ўқувчилар жами 56,9 млн. сўм (ўқитувчилари эса 43,5 млн. сўм) пул мукофоти ҳамда диплом билан тақдирланди.

Мазкур олимпиада ғолиблари 2020 йилда Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказиладиган 52-халқаро кимё олимпиадасида (IСhO-2020) иштирок этувчи миллий терма жамоасини шакллантириш бўйича саралаш босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Шунингдек, иштирокчилар орасидан энг юқори балл тўплаган дастлабки 20 нафари иқтидорли ўқувчилар захирасига қабул қилинади.