Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Фарғона вилояти ҳокими Конституциянинг нечта моддасини бузган?
1.10.2019 13:35,  
1656

Динни ва халқни ҳақорат қилган Шуҳрат Ғаниев президент ва сенаторлардан кечирим сўраб (табиийки, халқдан эмас!), осонгина қутулиб кетди.

Унинг даъво қилишича, у учун бирламчи қадрият манбаи – Конституция. Бинобарин, ўша машъум нутқида конституция сўзини ўн мартадан зиёд эслаб, шулардан бирида “Биз конституцион демократик давлатмиз,” дея таъкидлаган.

Юридик институтда ўқиган йилларимда 2 та мактаб ва бир коллежда ўқитувчи бўлиб ишлаганман, 3 йил Конституциядан дарс берганман. Собиқ Конституция муаллими ўлароқ ҳокимнинг нутқини таҳлил қилсам.

Хўш, унинг ишларига Конституция асосида баҳо берсак, аҳволи нима бўлар экан? Марҳамат:

"Ҳурматли ҳокимлар, эшитиб олинглар. Биронтанг мажлис қилсанг, ман борсам ўша кийимда ўтирган аёл кишини кўрсам, маҳалла раисими у, ўқитувчими у, жамоатчими у, депутатми у – ўша рўмолини олиб оғзингга тиқиб қўяман", дейди Шуҳрат Ғаниев.

Яна

"Замонавий кийимларни реклама қилишга мўлжалланган реклама баннерлари ва плакатларда миллий қадриятларимизга хос бўлмаган ташқи кўринишда, соқол билан, ҳижобда турли жойлари йиртилган ёки ямоқ солинган”.

Ушбу сўзлари билан ҳоким Конституциянинг қуйидаги моддаларини бузган:

“18-модда. Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, мильлати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”.

“31-модда. Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”.

Ҳеч кимга сир эмаски, ҳижоб муқаддас динимиз белгиларидан, Исломнинг фарзларидандир. Бундай кийиниш тарзи рус босқинчилари кириб келгунигача минг йил давомида халқимизнинг нафақат диний балки миллий либоси бўлган. Ахир момоларимиз шу ҳокимнинг олдида юрган опа-сингилларимиз кийганларидек тиззадан кўйлак киймагандирлар? Ҳар бир Ислом олими Ислом фарзи эканини айтиб турган ҳижоб араб ва турк либоси бўлса, шу юбка ва кўйлаклар ўзбек либосими? Ўрислардан кириб келмаганми бизга?

“26-модда. Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади. Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас”.

26 – моддада, биринчидан, иш судда кўрилмагунча киши айбдор бўлмаслиги айтилган. Иккинчидан, унда ҳеч ким зўравонлик ва инсон қадр-қимматини камситувчи тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги қайд этилган. Ҳоким эса судсиз, қонунсиз, зўравонлик ва камситиш билан бировнинг рўмолини бошқанинг оғзига тиқиб қўймоқчи. Бу инсон қадр-қимматини камситиш ва зўравонлик эмасми?

У Қува туманида қўшма корхона очган туркиялик сармоядорга соқолини олиш ҳақида гапирганини айтган:


"Мен айтдим, яхши, қўшма корхона очибсизлар, раҳмат. Лекин бунақа соқолни қўйиб олманглар. Чет эллик меҳмон, лекин бу шу ерда фаолият юритиб тирикчилик қиладиган бўлса, Ўзбекистон қонунларига бўйсунишга мажбур бўлади ва соқолини оламиз биз. Туркия республикаси фуқаросини. Шундай дедимми?" – дейди у Қува тумани ҳокимига.

Агар ўша соқол турк маданияти бўлса, ёки унинг дини бўлса, ҳоким айтгандек, унда ҳоким бу сўзлари билан юқоридаги 18-модда ва 31-модда билан биргаликда қуйидаги моддани ҳам бузган:

“4-модда. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади”.

Сабаби, ўша тадбиркор Ўзбекистон фуқароси бўлмаса ҳам, Ўзбекистонда фаолият олиб бориши давомида шу ерда истиқомат қилаётган экан, Конституция, жумладан, юқоридаги модда билан ҳимоя қилинади. Бу 23-моддада белгилаб қўйилган ва ҳоким жаноблари бу моддани ҳам бузган бўладилар:

"23-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ таъминланади. Улар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва халқаро шартномалари билан белгиланган бурчларни адо этадилар".

"Унда биз соқолини оламиз” деяпти. Бу мансабини суиистеъмол қилиш ҳам бўлади. Сабаби, ҳокимнинг ваколатлари доирасига одамларнинг соқолларини мажбуран олдириш ёки уларга соқолларини олишлари шарт эканини буюриш кирмайди. Бу билан 99-моддани ҳам бузган бўлади:

“99-модда. Вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда (туманга бўйсунадиган шаҳарлардан ташқари) ҳокимлар бошчилик қиладиган халқ депутатлари Кенгашлари ҳокимиятнинг вакиллик органлари бўлиб, улар давлат ва фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб ўз ваколатларига тааллуқли масалаларни ҳал этадилар”.

Вилоят ҳокими икки кун олдин Марғилон шаҳридаги "Ипакчи" бозорида автотураргоҳни бошқараётган тадбиркорнинг соқолини қандай олдирганини гапирган:

"Катта автостоянкани биттаси бошқаряпти. Соқолни қўйиб олган. Бошига шиаларнинг дўпписини кийиб олган. Автостоянкада турибди. Шаҳарни ҳокимини чақирдим. Гапир нима бўлганини", дейди Шуҳрат Ғаниев.

Шунда Марғилон шаҳар ҳокими туриб соқолли эркакка тушунтириб, соқолини олишгани ҳақида ҳисобот беради.

"Ўша "Ипакчи" бозори раҳбарини алмаштиришинг керак эди ўша куни. Нимага олмадинг? Олиб ташланг уни бозордан. Падарига лаънатни ўзини олиб кириб тиқиб ташланг", дейди Шуҳрат Ғаниев.

Ушбу гаплари билан ҳокимтўра юқорида зикр қилинган 18-модда (бечора мусулмонларнинг тенг ҳуқуқли эканликлари), 31-модда (эътиқод эркинлиги), 26-модда (айби исботланмагунча айбсиз экани тўғрисидаги), 99-модда (ваколатлари доирасида ишлаши кераклиги) ва бошқа моддаларни бузиш билан бирга яна демократиянинг асоси ва бош принципи бўлган қуйидаги моддага ҳам қарши чиқади:

“11-модда. Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими – ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади”.

Бу моддага қарши чиқишининг исботи шундаки, у судга ёки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига буйруқ бериб, бечора фуқарони “Олиб кириб тиқиб ташла” деяпти. Суд мустақил бўлиши эса юқоридаги модда билан белгиланган.

Ҳоким жаноблари яна мана бу сўзлари билан ҳам ушбу моддага хилоф қилади:

"Ички ишлар ва судяларни ҳам чақириб, ҳурматли ҳоким, маҳалла фуқаролар раисини ҳам беш суткага жарима қилиб қамайсизлар. Бунақа маҳалла раиси ҳам керакмас, поспони ҳам керакмас. Риштоннинг хотин-қизлар қўмитасини ишдан олиб ташланглар".

Қолаверса, Марғилондаги автотураргоҳ бошқарувчиси меҳнат шартномаси асосида ишлайдиган бўлса, қуйидаги модда ҳам бузилган:

”37-модда. Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир”.

Хотин-қизлар уюшмаси раҳбарини “олиб ташлаш” буйруғи ҳам Конституцияга зид. Зеро, 56-моддага кўра у ташкилот "жамоат бирлашмаси" ҳисобланади, 58-моддага кўра ҳоким унинг раҳбарини бу тарзда олиб ташлаши унинг фаолиятига ноқонуний аралашиш бўлади.

"56-модда. Ўзбекистон Республикасида қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, олимларнинг жамиятлари, хотин-қизлар, фахрийлар ва ёшлар ташкилотлари, ижодий уюшмалар, оммавий ҳаракатлар ва фуқароларнинг бошқа уюшмалари жамоат бирлашмалари сифатида эътироф этилади".

"58-модда. Давлат жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлайди, уларга ижтимоий ҳаётда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб беради. Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамоат бирлашмалари фаолиятига аралашишига, шунингдек жамоат бирлашмаларининг давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди".

Унинг ушбу сўзлари Конституциянинг яна 106-моддаси, 112-моддаси ва 116-моддаси, 120-моддасига қарши чиқишдир:

"106-модда. Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади".

"112-модда. Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади".

"116-модда. Айбланувчи ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминланади".

"120-модда. Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ўз ваколатларини ҳар қандай давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда, фақат қонунга бўйсуниб амалга оширадилар".

"Мен кеча битта журналистни ҳайдаб юборсам, бугун яна ўша журналистни мани автобусимда олиб юришган. Ҳайдаворсам, тадбиркорлар билан автобусда олиб юришибди, аёл кишини. Яна олиб юришибди. Мундай қилиб кириб келади, липпанглаб", дея ўз норозилигини эълон қилган ҳоким.

"Олиб кириб қамаш керак буларни. Ё бозорга сартарош олиб бориб биттадан юриб сочини олиб, соқолини олиб, бошига Ўзбекистон Республикаси миллий қадриятларига мос бўлган қалампир нусха дўппини кийгизиб қўяйликми? Нимага ҳеч ким индамайди?" – дея ўтирганларга юзланади у.

Яна юқоридаги бир қанча моддаларни қўпол равишда бузиш. Олдинроқ келтирилган иқтибосларда ҳам бузилган, бу ерда ҳам бузилаётган яна бир модда:

"25-модда. Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас".

"Учкўприк туманидаги Хўжа Муҳаммад Вале масжиди, Олтиариқ туманидаги Шоҳи Толиб масжиди шу туман ҳокимлари шу масжидларнинг имоми, ноиби, мутаваллиси, балосими баддари ҳаммасини ҳайдавор" дейди у.

"Ҳозир Нуқроннинг ҳам ўша имомини олиб бориб қамайсан, Фарғона тумани Дамкўлнинг имомини ҳам олиб бориб қамайсан эй, иккала ҳоким. Ўзинг бориб қаматасан ҳозир. Эшитдингми эй, гапимни, Фарғона туман ҳокими?" – дейди Шуҳрат Ғаниев.

Яна мансабни суиистеъмол қилиш. Яна суд ҳокимияти мустақиллигига дахл қилиш.

"Қайси шаҳар ё туманда, агар давлат ташкилоти раҳбарлари, уларнинг ходимлари қонун бузадиган бўлса. Масалан, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида агар битта ноқонуний соқол қўйган одамни топсанг, Фарғона нефтни қайта ишлаш корхонаси раҳбари ва ўша касаба уюшмаси раҳбари иккаласи жиноий жавобгарликка тортилади. Фарғона шаҳар ҳокими эшитяпсизми? Агар хулоса қилинмайдиган бўлса, яхшиликка олиб келинмайди", дейди у.

Касаба уюшмаси ҳам жамоат бирлашмаси ҳисобланади. Яна юқоридаги 10 дан зиёд модданинг таҳқирланиши.

"Болницада нима ҳаққи бор, оқ иштон, оқ лозим кийиб олиб бошида оқ дўппи кийиб олиб ётишини... Нима ҳаққи бор? Шифохонага кўрганлар келса, Марғилонда, биттаси ётибди".

Ҳоким 47 ёшли беморга бу миллий кийимларни кийиш нега мумкин эмаслигини қуйидагича изоҳлаган:
"Мандан 5 ёш кичкина экансиз-ку, дедим. Бу нима кийим? Нечи кун бўлди, бу кийимни кийганингизга, иштон билан кўйлакни, дедим. 4 кун бўлди, деди. Нима бу кийиниш, ичкари кўриниб ётибди-ку. Сизга кириб укол қилаётган аёл бировнинг аёли, нима ҳаққингиз бор кўрсатишга, дедим. Сасиб ётибсиз-ку, дедим. Тур, чиқариб ҳайдавор, дедим. Болницадан чиқартириб юбордим. Устингдан ёзаман, палон пистон. Ёзсанг, ёзавур дедим" дейди у.

Бу ерда юқоридаги ўнлаб моддалардан ташқари, тубанликнинг янги чуқурчасига тушиб, яна бир қанча моддаларни бузган ҳокимтўра:

“40-модда. Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга”.

Ўша беморнинг сассиқликда айбланиб, ҳақорат остида ҳайдаб юборилиши обрўси ва шаънига қандай доғ бўлишини ҳисобга олсак, 27-модда:

“27-модда. Ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга”.

Ҳокимнинг ушбу фуқаронинг тиббий ёрдам олиш ва жамоат жойида бўлиш ҳуқуқ-эркинликларини судсиз чеклашини ҳисобга олсак, 19-модда:

"19-модда. Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан бўлган ҳуқуқлари ва бурчлари билан ўзаро боғлиқдирлар. Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас".

Ҳоким жанобларининг ҳам фуқаро эканликларини инобатга олсак, 48-модда:

"48-модда. Фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар".

У вилоятдаги ташқи реклама билан шуғулланадиган уч фирмаган 300 миллиондан сўмдан жарима солиш топшириғини берган.

"Ҳозир уччовини чақирасан-да, тушунтириш хати олиб, уччала ташкилот ҳар бири 300 миллиондан 900 миллион сўм жарима соласан. Қонуний жарима соласан", дейди вилоят ҳокими.

Яна суд ишларига аралашиш, ўша жарима ўлароқ талаб қилинаётган пул тадбиркорларнинг хусусий мулки эканини ҳисобга олсак, қуйидаги модда ҳам бузилган:

"53-модда. Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди. Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин".

Шуҳрат Ғаниев яқинлашиб келаётган парламент сайловларида кимлар депутат бўлиши мумкинлигига ишора берган:

"4 кундан кейин сайловлар турибди. Сайловларда ҳам ким депутат бўлади? Мана шу масалаларда ўзини кўрсатган одамлар депутат бўлади".

Бу билан ҳоким яна бир бор мансабини суиистеъмол қилиб, сайлов ишларига аралашишини айтади, сайловда сайланувчилар – номзодларнинг тенглиги ва сайловчиларнинг – халқниг иродасини ўз хоҳишига бўйсундиришини айтади, бу билан Конституциянинг қуйидаги моддасини бузади:

“117-модда. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади”.

Шундай қилиб, ҳоким Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ўнлаб (ҳисобдан адашиб ҳам кетдим кўплигидан) моддаларини бузиши билан қонун устуворлигига путур етказади ва бу 7-модда ҳамда 15-моддаларни бир неча бор бузишига олиб келади:

"7-модда. Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир. Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган идоралар томонидангина амалга оширилади. Конституцияда назарда тутилмаган тартибда давлат ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириш, ҳокимият идоралари фаолиятини тўхтатиб қўйиш ёки тугатиш, ҳокимиятнинг янги ва мувозий таркибларини тузиш Конституцияга хилоф ҳисобланади ва қонунга биноан жавобгарликка тортишга асос бўлади".

"15-модда. Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар".

Қолаверса, бировларнинг шахсий ҳаётига дахл қилиши, жумладан, “сочини олдириши”, “соқолини олдириши”, “рўмолини ечтириши” кабиларни Конституцияда ёзилган кийиниш – яшаш тартиби дея Конституция моддаларини фуқароларнинг инсоний ҳуқуқларини топташ маъносида талқин қилиб, 16-моддани ҳам бузади:

"16-модда. Мазкур Конституциянинг биронта қоидаси Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас. Бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас".

Шундай қилиб, ҳоким Конституциянинг 4-, 7-, 11-, 16-, 18-, 19-, 23-, 25-, 26-, 27-, 31-, 37-, 40-, 48-, 53-, 58-, 99-, 106-, 112-, 116-, 117-, 120-моддаларини бузган.

Энди муҳтарам юртдошларим, ўзимизга савол берайлик:

"Бу Конституция фақат халқни, оддий одамларни тийиб туриш учун қабул қилинганми? У мана шу “қаҳрамонимиз” каби амалдор ҳокимтўралар учун шунчалик қадрсиз ва эътиборсизми?"

Маҳмуд Усмон

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан