Фарғонада 1 миллиард 350 миллион сўмлик табиий газ ўғриланди

Фарғонада 1 миллиард 350 миллион сўмлик табиий газ ўғриланди

Фарғона вилоятидаги 15 та ишлаб чиқариш объектларида 1 миллион 353 минг кубометрдан ортиқ газни ўғирланган ва газ таъминоти корхоналарига 1 миллиард 350 миллион сўм зарар етказилган. Вилоятда 10 кун давомида "Ҳудудгазтаъминот" АЖ тизимидаги "Ҳудудгаз метрология" филиали, Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бошқармаси вакиллари билан биргаликда оҳак ва бошқа турдаги қурилиш материаллари, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар, шунингдек, Автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларининг (АЁҚШ)ларда текширувлар ўтказилган, дея хабар беради "Ҳудудгазтаъминот" АЖ матбуот хизмати.

Табиий газдан фойдаланишдаги қонун бузилишларининг асосий қисмини умумий фойдаланишдаги газ тармоқларига рухсатсиз уланиш, ҳисоблаш ускуналарига, уларнинг муҳрларига қасддан зарар етказиш, шунингдек, улардаги кўрсатгичларни ўзгартириш учун рухсатсиз таъсир ўтказиш кабилар ташкил этади.

24 август куни "Қўқоншаҳаргаз" инспектори оҳак ишлаб чиқарувчи "Оҳак Микс" МЧЖ текширилганда биргаликда ўтказилган текширув давомида истеъмолчи ўзбошимчалик билан 140 тонналик оҳак печини лойиҳасиз қуриб олгани ва табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланди. Шу билан, мазкур истеъмолчи қўшимча 419 минг кубометрдан ортиқ газ сарфлаб юборган.

Шунингдек, Ўзбекистон тумани "Қоратепа" қишлоғида жойлашган " Kokand Higher Lime " оҳак ишлаб чиқариш цехида 869 минг кубометр табиий газдан ноқонуний фойдаланилган.