Фарғонада 90 нафар ИИБ ходими турли даражадаги жазога тортилди

Фарғонада 90 нафар ИИБ ходими турли даражадаги жазога тортилди

ИИВ матбуот хизмати

Фарғонада Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари ҳамда Ўз хавфсизлик бошқармаси бошлиғи иштирокида ички ишлар бошқармаси ва ҳудудий бўлинмаларида хизмат қилаётган ходимлар билан хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Йиғилишни вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Р. Маматов бошқариб борди. Ички ишлар вазирининг кадрлар билан ишлаш бўйича ўринбосари, полковник Р.Ҳатамов кун тартибидаги масала – ходимлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар, хизмат интизомининг бузилиши ҳақида гапирган.

ИИВ матбуот хизмати

– Жамиятда жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиб, одамларни тўғри йўлга соладиган, шахсий ибрат бўладиган ички ишлар ходими ўзи ҳуқуқбузарлик содир этса, буни қандай тушуниш мумкин? – деди вазир ўринбосари. – Энди бундай лоқайд ва масъулиятсизлик билан ишлаб бўлмайди. Юртбошимиз, она ватанимиз, меҳнаткаш халқимиз сизу бизга юксак ишонч билдирган. Бу ишончли оқлаш учун қатъий тартиб-интизом билан ишлашимиз шарт.

Танқидий ва таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда фаолиятида хато ва камчиликларга йўл қўйган айрим ходимларга нисбатан турли хил интизомий таъсир чоралари кўрилди. Масалан, фаолиятида кечириб бўлмас хатога йўл қўйган 2 нафар ходимни ички ишлар органлари сафидан бўшатиш, 2 нафар ходимни хатти-ҳаракатига интизомий жазо сифатида махсус унвонини бир поғонага пасайтириш бўйича таклиф киритилди. Хизмат интизоми ва қонунчиликни бузишга мойил 10 нафар ходимларнинг фаолиятини интизомий кенгашларда муҳокама қилиб, уларни ички ишлар органларида қолиш-қолмаслик масаласини ҳал этиш бўйича топшириқлар берилди.

2 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. 6 нафар ходимга қаттиқ ҳайфсан берилди. 68 нафар ходим эса огоҳлантирилди.

Шунингдек, тадбир жараёнида ўз бурчи ва қасамёдига содиқ қолиб, жиноятчиликнинг олдини олган 2 нафар ходимга пул мукофоти, уларнинг ота-онасига эса ташаккурномалар тақдим қилинди. 10 нафар ходимга эса оилавий шароитини яхшилаш учун моддий кўмак кўрсатилди.