Фарғонада чегарачилар фуқарони уриб-сўкишга ҳаққи борми?

Фарғонада чегарачилар фуқарони уриб-сўкишга ҳаққи борми?

Қуролланган, ниқобли зўравонлар бир йигитни калтаклаётгани тасвирланган видео бўйича Давлат Хавфсизлик Хизмати Чегара қўшинлари баёнот берибди. Унда айтилишича, воқеа 2019 йил 10 ноябр куни тахминан соат 17:00 да Фарғона туманидаги Хосилот аҳоли пунктида бўлган:

"Кўрсатилган вақтда ҳудудга ‘40 G 014 КА’ давлат рақами ўрнатилган Nexia-2 машинасида Умиджон Саиджонов ва Абдурасул Фозилов исмли фуқаролар чегарачиларнинг тўхташ тўғрисидаги буйруғига бўйсунмасдан, катта тезликда чегара нарядини бузиб ўтишга уринган".

Айни шу хабарга кўра, йигитлардан биринчиси Умиджон Саиджонов 2016 ва 2018 йилларда чегарани бузиб ўтгани учун жазоланган. Иккинчиси, Абдурасул Фозилов эса мана шу калтаклаш воқеасидан бироз олдин, яъни, 2019 йил 10 ноябр куни чегарани бузгани ва қўлга олингани айтилган. (Шу куннинг ўзида, бироз олдин қўлга олинган бўлса, бу видеога нима алоқаси борлиги изоҳланмаган; қўлга олинган одам шунчалик тез қўйиб юборилмаса керак?)

"Улар нега калтакланди?" – деган саволга баёнотда шундай жавоб берилган:

"Фуқаролар чегарачилар нарядининг талабларига бўйсунмай, ноқонуний ҳаракатларни бостириш учун қурол ва махсус воситалардан фойдаланишни тартибга солувчи"Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси тўғрисидаги қонун"нинг 43-моддаси ва "Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати" қонунининг 44-моддасига кўра, чегара тартибини бузган фуқаролар Умиджон Саиджонов ва Абдурасул Фозилов жисмоний куч ишлатилган ҳолда ушланган".

"Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси тўғрисидаги қонун"нинг 43-моддасига кўра чегара қўшинлари қуйидаги ҳолатларда қурол ва ҳарбий техникани қўллаши мумкин:

"Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қуролли бостириб киришни даф этиш;
Давлат чегарасидаги ҳарбий фитналарнинг олдини олиш;
транспорт воситаларини йўловчиларсиз чет элга олиб қочишга уриниш ҳолларининг олдини олиш.
Қурол ва ҳарбий техника Давлат чегарасини бузувчилар куч ишлатган ҳолларда уларга қарши жавоб сифатида ёки қоидабузарликнинг олдини олиш ёхуд қоидабузарларни бошқа воситалар билан ушлашнинг иложи бўлмаган ҳолларда ҳам қўлланилади".

Менимча, бу ерда охирги банд – "қоидабузарларни бошқа воситалар билан ушлашнинг иложи бўлмаганда" деган жойи асос қилиб олинган. Аммо видеодан аниқ кўриниб турибдики, калтак еган йигит қочиб кетаётгани ёки жисмоний қаршилик кўрсатаётгани йўқ эди. Бу вазиятда уни енгилроқ усул, балки оддий гап билан ҳам қўлга олиш мумкин бўлса керак.

Баёнотда келтирилган иккинчи асос – "Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ҳақидаги" қонунининг 44-моддаси бу мавзуга умуман тушмайди:

"Давлат хавфсизлик хизматининг фаолиятида қонунларга риоя этилиши устидан назорат

Давлат хавфсизлик хизматининг фаолиятида қонунларнинг аниқ ҳамда бир хилда ижро этилиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга оширилади.

Прокурорлар Давлат хавфсизлик хизматининг тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида ўзига тақдим этилган ҳужжатлар ва материалларда кўрсатилган маълумотларнинг махфийлигини таъминлайди".

Хуллас, бу баёнотда қонунбузарликда айбланган фуқаро нега калтаклангани, уни урган ҳарбий хизматчига қандай чора кўрилиши ҳақида аниқ изоҳ йўқ. Ҳуқуқ тизимида "айбсизлик презумпцияси" деган тушунча бор. Унга кўра ҳеч бир шахс "иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди" (Конституциянинг 26-моддаси). Хўш, шунда айбдор эмас, айбланувчи ёхуд гумонланувчи ҳисобланган йигитни уришга қандай изоҳ берилади? Қолаверса, суд ҳукми билан қўлланадиган жазолар ичида ҳам уриш, калтаклаш йўқ.

Дарвоқе, ўша видеода чегарачилар анави калтакланган йигитни ҳам, камера ортидаги унинг шеригини ҳам қайта-қайта сўккан, ҳақоратлаган. Ким бўлиши, қандай жиноят ёки ҳуқуқбузарликда айбланаётганидан қатъи назар фуқароларга бундай муомала қилишга қайси қонун рухсат беришини шахсан мен билмайман. ДХХ Чегара қўшинлари ҳам бунга далил топа олмаган, шекилли, баёнотда бу жиҳат мутлақо эътиборсиз қолдирилибди...


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.