Фарғонада эри ва миллий гвардия ходими бўлган қайнакаси томонидан калтакланган аёл воқеасига ойдинлик киритилди

Фарғонада эри ва миллий гвардия ходими бўлган қайнакаси томонидан калтакланган аёл воқеасига ойдинлик киритилди

Ижтимоий тармоқларда Фарғонада аёл собиқ эри ва миллий гвардия ходими бўлган қайнакаси томонидан дубинка билан калтаклангани ҳақида видеохабар тарқалди. 

Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан ҳолат ўрганиб чиқилди. Бу ҳақда "darakchi.uz" хабар берди.

Маълум бўлишича, 2020 йил 22 июнь куни фуқаро М.А. фуқаро М.Н. билан биргаликда Тошлоқ туман Нодира кўчасида фуқаро У.Д. (видеолавҳадаги жароҳатланган аёл) билан ўзаро келишмовчилик сабабли жанжаллашиб, бир-бирларини ҳақорат қилишиб, тан жароҳати етказишган.

Фуқаро М.А. Миллий Гвардия Фарғона вилоят бошқармаси Динамо Жисмоний тарбия ва спорт жамияти кенгаши ходими бўлганлиги боис, ушбу ҳолат бўйича Фарғона ҳарбий прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, у Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-моддаси (ҳақорат қилиш) ва 52-моддасида (енгил тан жароҳати етказиш) кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, ушбу Кодекснинг 16-моддасига (ҳарбий хизматчилар ва интизом уставлари татбиқ этиладиган бошқа шахсларнинг маъмурий жавобгарлиги) мувофиқ, интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида қарор қабул қилинган ҳамда М.А.га нисбатан тегишли интизомий таъсир чораси кўрилган.

Шунингдек, фуқаролар М.Н. ва У.Д.ларнинг ҳаракатларига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41 ва 52-моддалари билан ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган материаллар Тошлоқ туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмасига юборилган.

Тошлоқ туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан ўтказилган қўшимча текширув якунига кўра, фуқаролар М.Н. ва У.Д.ларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг юқоридаги моддалари билан такроран расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳозирда Жиноят ишлари бўйича Тошлоқ туман судида кўриб чиқилмоқда.