Фарғонада хотини ва 13 ёшли ўғлини таёқ билан уриб ўлдирган эркак 22 йилга қамалди

Фарғонада хотини ва 13 ёшли ўғлини таёқ билан уриб ўлдирган эркак 22 йилга қамалди

Фарғона вилояти Қўқонбой қишлоғида 2021 йилнинг 11 май куни ўз аёли ва фарзандини ўлдирган эр суд қилинди. Бу ҳақда Фарғона вилояти суди ахборот хизмати хабар қилди.

Аниқланишича, ҳодисадан бир кун аввал эр ва аёл ўзаро жанжаллашиб қолган. Оила бошлиғи уйда йиғиб қўйилган пулдан 500 минг сўмини олиб, дорихонага чиқиб кетаётган вақтда аёли кеч бўлганда кўп пул кўчага чиқиб кетаётгани учун эрига эътироз билдирган. Аёл эрининг эркаклик шаънига доғ туширувчи уятли сўзлар билан ҳақорат қилгани учун эрининг ғазаби қўзиган.

Эркак аёли ва фарзандини қасддан ўлдириш мақсадида яшаб турган уйнинг ҳовлисида болта дастасига мўлжалланган таёқ билан аёли ва вояга етмаган 13 ёшли фарзандининг бош қисми ва бошқа соҳаларига ўта шафқатсизлик билан кўп маротаба уриб, уларга ҳаёт учун хавфли бўлган оғир жароҳатларни етказиб, қасддан ўлдирган.

Судланувчи Ю. ўз қўллари билан ўлдирган рафиқаси унинг иккинчи турмуши экани ва у билан турмуш қурган пайтдан бошлаб ўзаро муросага кела олмагани учун ичкиликка ружу қўйгани ва хотини уни бундай қайтариш учун руҳий касалликлар шифохонасига ҳам ётқизганини маълум қилган. Шунингдек, эр марҳума аёлини бузуқликда айблаб, вояга етмаган фарзандини ўзининг фарзанди эмаслик гумони остида яшаб келган.

Суд қарорига кўра, судланувчи Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а» ва «ж» (ўта шафқатсизлик билан икки ёки ундан ортиқ шахсни қасддан ўлдириш) бандлари билан айбли деб топилиб 22 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.