Фарғонада юк машинаси эшак аравани уриб юборди

Фарғонада юк машинаси эшак аравани уриб юборди

Фото: Тергов департаменти матбуот хизмати

Фарғонада юк машинаси аравани уриб юбориши натижасида бир йўловчи ҳалок бўлди, яна бири шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.

Тахминан тонгги 6:30 ларда А-373 Тошкент-Ўш автомагистралида ҳаракатланиб келаётган "Ман" русумли юк машинанинг 28 ёшли ҳайдовчиси М.Г. Бувайда тумани Янгиқадам қишлоғида эшак аравани уриб юборди. Аравада 46 ёшли Ж.Э. ва унинг 13 ёшли ўғли З.Ж. ҳаракатланиб кетаётган эди.

Мазкур ЙТҲ оқибатида эшак аравада бўлган Ж.Э., ҳодиса жойида вафот этган, З.Ж., эса турли кўринишдаги тан жароҳатлари билан туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Ҳолат юзасидан Бувайда тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.