Фарғонадаги жанжалли ўйиндан кейин 5 киши 15 суткага қамалди, 6 кишига жиноят иши очилди

Фарғонадаги жанжалли ўйиндан кейин 5 киши 15 суткага қамалди, 6 кишига жиноят иши очилди

Фарғонада «Нефтчи»—«Турон» ўйинидан сўнг юзага келган тартибсизликларда иштирок этган беш нафар шахсга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти маълумотига кўра, жанжал оқибатида бош ҳакамда юз қисми лат ейиш ва танасининг шилинмалари, ёрдамчи ҳакамларда эса танага турли кўринишдаги жароҳатлар етказилганлиги аниқланган.

«Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан ЖКнинг 277-моддаси 3-қисми «в» (оммавий тадбирлар ўтказилаётган вақтда содир этилган безорилик ) банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Ҳозирда, жиноят иши доирасида 6 нафар шахс гумонланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган бўлиб яна 2 нафар фуқаронинг шахсини аниқлаш чоралари кўрилмоқда.

Бундан ташқари, яна 5 нафар фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддасида (майда безорилик) кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликлари учун, тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда ҳамда тартиббузарлик содир қилган барча шахсларни қонун олдида жавоб берилиши таъминланади», дейилади Тергов департаменти баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, «Нефтчи» ва «Турон» учрашуви тугаганидан кейин «Нефтчи» футболчилари ва мухлислар ҳакамларга ҳужум қилди. Вазиятларнинг бирида фарғоналиклар ўйинчиси учрашув бош ҳаками Шавкат Насибуллаевга оёқ билан зарба берган. Кейинчалик ҳакамни тепган футболчи 98-рақамли Жамшид Тўрақулов эканлиги маълум бўлди.

Бош ҳакам Шавкат Насибуллаевда юз қисми лат ейиш ва танасининг шилинмалари, ёрдамчи ҳакамлар Ришат Нугманов ва Дониёр Сайлавовда эса танага турли кўринишдаги жароҳатлар аниқланган.

Маълумот учун, ушбу баҳсдаги ғалаба эвазига «Турон» ўз тарихида илк марта Суперлигага йўлланма олган бўлса, плей-оффда тўп суриши лозим бўлган «Нефтчи»нинг кейинги тақдири ҳақида ЎФА ва ПФЛ расмий баёнот бериши кутилмоқда.