Фарғонага чартер рейс орқали келган 17 нафар фуқарода коронавирус аниқланди

Фарғонага чартер рейс орқали келган 17 нафар фуқарода коронавирус аниқланди

Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, вилоят ҳудудида 2 минг 227 нафар фуқаролар эндемик давлатлардан келган бўлиб, уларнинг 72 нафари турли корхоналарда ишлаётган чет эл фуқароларидир.

Мазкур шахсларнинг 875 нафарини 14 кунлик тиббий кузатув муддати тугалланиб, соғлиги қониқарли деб топилди. Шунингдек, чартер авиарейслар орқали Туркия ва Таиланд давлатидан ҳамда Қувасой шаҳридаги “Ўзбекистон” чегара божхона постидан мамлакатимиз фуқаролари олиб келиниб, карантинга жойлаштирилди. Бу масканларга малакали тиббиёт ходимлари бириктирилиб, уларнинг соғлиги доимо назоратда. Карантинга олинган фуқароларга ташқарига чиқиш, яқинлари билан мулоқот қилиш мумкин эмас.

–Бугун 31 мартга қадар вилоятимизда 26 кишига коронавирус ташхиси қўйилган бўлиб, вилоят юқумли касалликлар шифохонасида белгиланган муолажалар асосида даволанмоқда, – дейди вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи Аҳмаджон Ёқубов. –Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, инфекцияга чалинганларнинг 9 нафари Фарғонадан бўлиб, қолган 17 нафари хориждан чартер рейс орқали олиб келинган мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари фуқароларидир. Улар тўлиқ соғайгач, ўз манзилларига етказилади.

Вилоятнинг чегара постларида ташкил этилган санитария-карантин пунктлари зарур жиҳозлар билан таъминланган. Барча юк машиналари махсус талаблар асосида дезинфекция қилиниб, чегарадан ўтказиляпти.