Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Фармацевтикада буйруқбозлик иқтисодиёти: биринчи партиядан бизга вакцина қолмайди!
27.07.2020 13:57,  
1697

Ҳиндистонлик машҳур “Serum Institute” фармацевтика компанияси, ҳозирда вакцина ишлаб чиқаришга энг яқин келган AstraZeneca компанияси билан вакцинани етказиб бериш бўйича шартнома тузибди. Ишлаб чиқариш жараёни бошлашганида, ойига 4-5 миллионта дона, кейин эса йилига 400-500 миллион дона вакцинани ишлаб чиқариш режалаштирилган. Нархи — 2$ бўлади деб ваъда бермоқда Serum Institute компанияси раиси. Умумий ҳисобда AstraZeneca 1 миллиард дона вакцинани камбағал давлатларга етказиб беришни режалаштирмоқда.

Бир неча ҳафта олдин, АҚШ ва Буюк Британия AstraZeneca‘дан 400 миллион дона вакцина олишни келишишди — вакциналар шу йилни октябрь ойида, аксарияти эса 2021 йилни бошида АҚШ ва Британияда тарқатилади.

Иқтисодий мантиққа кўра, вакциналарнинг нархи бой мамлакатларда қиммат, камбағал мамлакатларда эса арзон бўлади. Ривожланаётган мамлакатларда ва айнан Ҳиндистонда коронавирус вакцинасини катта эҳтимол билан айнан Serum ишлаб чиқаради. Катта эҳтимол билан Ўзбекистон ҳам “Serum Institute”дан вакциналарни олишига тўғри келади. Лекин, Serum бир йилда 400 млн та вакцина чиқарса ҳам, Ҳиндистон талабини қондириш учунгина камида икки йил керак.

Бу ҳодиса бизга сабоқ бўлиши мумкин. Чунки, худди биз каби ривожланаётган мамлакатларнинг хусусий фармацевтика компаниялари ҳам вакцина ишлаб чиқаётган лабораториялар билан келишувлар қилишмоқда.

Бизда фармацевтика соҳасида ҳам, деярли барча бошқа соҳалардек буйруқбозлик иқтисодиёти (давлат режасига асосланган- “плановая экономика”) тизими ўрнатилган.

Давлат дори-дармонларни импортини чеклаб, “ўзимизда дори ишлаб чиқаришни таъминлаш” деб номланадиган олийжаноб, лекин ишламайдиган режага асосан кўп йиллар давомида дори-дармон бозорига аралашиб келган ва шу бозорда энг катта ўйинчи ва назоратчи бўлган. Дори-дармон ишлаб чиқаришга, олиб келиш ва тарқатишга бўлган тўсиқлар натижасида нормал ишлайдиган бозор механизмлари шакланмаган. Автомобиль саноатимизни танқид қиладиганлар, дори-дармон саноатимизга бир кўз ташласалар, автомобилчиларимизни инсоф намунаси деб аташни бошлайдилар.

Аслида, бу муаммо деярли ҳамма соҳада: Собиқ Иттифоқдан мерос қолган буйруқбозлик тизимидан ҳали ҳам воз кечмаганлигимиз ва ҳали ҳам бозор иқтисодиётига ўтмаганимиз учун бу муаммога кўп учраймиз.

Ҳозирги кунда тиббий ускуналар ва дори-дармон етишмовчилигини кузатяпмиз. Бунинг асосий сабаби улар учун божлар ва бошқа тўловлар мавжуд бўлганлигидир. Фақат охирги икки ҳафтада айрим турдаги нарсаларга божлар ва тўловлар бекор қилинди. Биламиз, божлар нафақат бож қўйилган маҳсулотларни нархини оширади, балки таъминот тизими шаклланмаслигини ҳам таъминлаб беради.

Шунчадан бери ўз фармацевтика бозоримизни қўриқлаб келганимиз билан биз нафақат экспорт учун, ҳатто ўзимизга ҳам етарли даражада тиббиёт ускуналари ва дори-дармонлар ишлаб чиқармаймиз. Яъни, импортдан қўриқлаймиз деб биз нафақат ўзимизда бирор нарса ярата олдик, балки дунёдаги “етказиб бериш занжирларидан” (supply chain) ҳам тушиб қолдик. Яъни божларни олиб ташласак ҳам импорт қийин ва қиммат бўляпти. Импорт арзонлашиши учун, ўша таъминот занжирлар қайта пайдо бўлиши керак. Лекин биз уларни тиклашимиз қийин. Нимага? Чунки, пандемия тугаса, яна божлар қиммат бўлиб қолишини тадбиркорлар яхши билади, шунинг учун ҳам етказиб бериш занжири инфратузилмасига пул тикишмайди. Ўша тизим ишлаши учун, сармоя киритиш керак, лекин келажакда божлар тикланишини билган тадбиркор, тикилган пуллар ўзини оқламаслигини ҳам тушунади.

Мен бу ерда нима учун божлар иқтисодни қисқартириши ва ривожланишга тўсиқлик қилиши ҳақида 100500чи мартда ёзгим келмаяпти. Ҳатто жуда кичик божлар ҳам зарар эканлиги, ёки савдо сиёсатида ноаниқликлар ёмон эканлигини шундоқ ҳам ҳамма билади. Менда аргумент бошқа. 

Бундай тизимнинг яна бир аянчли аломати шуки, бутун дунёда, ҳатто камбағал мамлакатлардаги фармацевтика тарқатувчилари, бугун вакцина ишлаб чиқадиган лабораториялар билан шартномалар тузаётган бир пайтда, бизни ишлаб чиқарувчи ва тарқатувчи компанияларимиз ундай қилишмаяпти.

Сабаби нимада? Сабаби оддий. Бизни фармацевтика бозорида давлат улуши катта бўлиб, рақобат чекланган — бу дегани ўша тармоқда ҳамма муҳим нарсаларни ҳукумат ҳал қилишига тўғри келади. Вакциналар ҳам истисно эмас.

Лекин ҳукуматимиз ҳозир бевосита пандемияга қарши курашишга киришиб кетган учун вакцина лабораториялари билан шартномалар ҳақида унутиб юборишган ҳам бўлиши мумкин. Бу жуда нормал ва ҳатто тушунарли ҳолат, ахир пандемиядан жиддий масала кун тартибида йўқ.

Бошқа мамлакатларда эса, масалан Ҳиндистон мисолида кўрдингиз, тадбиркорлар фойда олиш мақсадида олдиндан шундай келишувлар қилиб, келажакда вакцинани сотишга тайёрланишяпти. Сабоқ шуки, давлат ўз зиммасига ҳамма нарсани бошқаришни олса, ҳамма нарсани бирдек яхши бажара олмайди.

Ҳозир масалан, давлат тиббиёт тизими пандемияга қарши курашиши керакми ёки дунёнинг ўнлаб лабораториялари билан шартномаларни тузишни ўйлаш керакми? Ахир шартнома олиш қийин, минглаб фармацевтика компаниялари ҳам ўша лабораториялар келажакда ишлаб чиқарадиган вакцинасини иложи борича тезроқ қўлга киритишмоқчи. Яъни жиддий ва қийин масала, иккала жиддий масаладан ҳукумат кутилганидек долзарброғини танлади. Шунинг учун ҳам марказлаштирилган бошқарув натижасидаги рақобат камайиши - самарали эмас. Барча бундан жабр кўради. Истеъмолчи ҳам жабрланади, давлат бюдежети ҳам ва ҳоказо…

Ачинарлиси, агар биз яна бирор ой вакциналарни қўлга киритиш билан шуғулланмасак, катта эҳтимол билан, биринчи партиядан бизга вакцина қолмайди. Чунки, масалан AstraZeneca бошида атиги 2 миллиард дона вакцина чиқаришини кўзлаган. Ривожланаётган мамлакатлар учун атиги 1 миллиард дона.

Қиссадан ҳисса шуки, инқироз пайтида, эски касалликлар ўзини кўрсатишни бошлайди. Бизда деярли ҳар бир муҳим иқтисодиёт соҳасида давлат энг катта ўйинчи бўлгани ва деярли ҳар соҳада турли йўллар билан рақобатни сунъий чеклаб келгани — инқироз пайтида жуда қимматга тушяпти. Фармацевтика соҳасида, ҳатто хусусий идораларда ҳам рағбат ва рақобат йўқлиги, пандемияда бўлиб туришига қарамасдан, фармацевтика корхоналаримизга вакцина олишга етарли рағбат бера олмаяпти.

Фармацевтика корхоналаримиз вакцинани қўлга киритиш билан шуғулланмаётгани, иқтисодимиз ҳалиям буйруқбозлик тизими (“плановая экономика”) асосида ишлашидан далолат. Бозор иқтисодиётига ҳали ўтмаганимизга — бу ҳолат энг яхши мисол.

Буйруқбозлик иқтисодиётининг асосий хусусияти - буйруқ бўлмагунча ҳаракат бўлмаслигидир. Буйруқ берувчилар жуда банд бўлиб қолишса, пандемия пайтида вакцинадек муҳим нарсалардан жамиятимиз маҳрум бўлиб қолишига олиб келиши мумкин.

Шу тариқа менда иккита умидим бор.

Биринчидан, умид қиламанки, тез орада биз ҳам вакцина ишлаб чиқарувчилар билан келишув қиламиз. Яъни буйруқ берилишига умид қиламан. Ахир вакцинани керакли ҳажмда 6 ой олдин, ёки 6 ой кейин олишимиз — чиндан ҳам ҳаёт мамот масаласи. Шу нарсада секинлик, нечадир минглаб одамни ҳаётини хавф остига қўйиши мумкин.

Иккинчидан эса, иқтисодиётимизни ислоҳот қилишни бошлаймиз. Рақобатли ва адолатли бозор иқтисодиётига ўтамиз. Бугунгидек сабоқлардан тўғри хулоса қилишимизга умид қиламан.

"Иқтисодчи кундалиги"дан

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан