Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллар
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар








Пул ёки тарбия: фарзанд учун қай бири муҳим?
26.08.2022 17:41,  
1009

Болалигимни яхши эслайман: кафтдекгина қишлоғимизда бобом чорва боқиш баҳонасида яйловнинг кунгай томонига ёнбошлаб олиб, ҳали Алпомиш, ҳали Гўрўғли достонларини ўқиб берар эди. Эсимда ўша кезлари ҳар бир оиланинг ўз кутубхонаси бўларди. Катталар насиҳатида, ёшлар суҳбатида илм олишнинг ҳосияти бот-бот тилга олиниб, эътироф этиларди. Билим олиб муваффақиятга эришган ҳамқишлоқларимизга нафақат биз ёшлар балки катталар ҳам ҳавас билан қараганликларини кўп бор кузатганман. Шунинг учунми қишлоғимиздаги аксар оилаларда уларни ибрат қилиб кўрсатишдек яхши бир одат бор эди.

Эҳтимолики, одамлар орасида шу сабаб китоб, газета, журнал ўқишга бўлган иштиёқ жуда баланд эди. Юқори синфда ўқиётган пайтларимни ёдимга олсам. Михти гавдалик, кўзойнак таққан устозимиз, хориж ва Ўзбекистон янгиликларини мароқ билан ўқиб бергани ва бунга бизни ҳам қизиқтирган пайтларни эслайман. Албатта, ўша пайтлари маҳалла ҳудудида жойлашган почта жуда тезкор ишлай оларди деб айта олмайман, лекин бир ойда бир келтириладиган газеталарнинг ҳеч бири ўқилмай қолмас эди. Ўша дамларда кексалар китоб ёки газетани нондек азиз билиб оёқ остига ташлатмас, мабодо ўқиш учун олиниб ёддан кўтарилиб қолган газета ёки журнални ҳам ҳатлаб ўтишга йўл қўймас эдилар...

Эл ичра билим олишга касб ўрганишга шундай даъват бор эди. Аммо вақт ўтиб нимадир ўзгарди...

Баҳор ойининг дастлабки кунлари, ҳаво ҳароратига бироз илиқлик инган. Лекин барибир қишнинг этни жунжиктирувчи намхуш ҳавоси кишига тетиклик бағишлаб турарди. Онда-сонда эсган майин шабада ўзи билан икки-уч томчи ёмғирни қувалаб келарди. Азим шаҳарга томон қишлоғимиздан таниш бир киракаш йигит билан йўлга чиқдим. Йўл узоқ ўзаро суҳбатлашган бўлдик. Мен давлатимиз раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурганини хурсанд бўлиб айтдим. У дастлаб бироз ажабсинди, кейин тилга кириб шундай деди:

 — Ака, шахсан мен, мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъат деган нарсани тушунмайман. Кутубхоналар ярим кечагача очиқ турса нима бўпти? Менга деса, эрталабгача очиқ турмайдими! Барибир кирмайман, кирсам ҳам китоб ўқимайман. Қизиқмайдиган одамни мажбуран қизиқтира олмайсиз, ўқимайдиган одам барибир ўқимайди-да, тўғрими?! Лекин спортга озгина қизиқиш бор, аммо унга вақт қани, пул қани? Ҳозир пултопарни замони, ака!

Гапимиз шу нуқтада узилди. Иккимиз ҳам тушундик — баҳслашишнинг фойдаси йўқ, у бошқа дунё, мен бошқа дунё одами эдик.

Ўйга чўмиб, муаммонинг илдизини қидира кетдим. Бу бола мактаб чоғларида ҳам дарсдан қочиб, безорилик қилиб юрарди. Баъзида дарсларга ҳам отасининг машинасини ўғринча миниб келарди. Кимларгадир ўзини кўрсатгиси келарди. Лекин синфдошларининг таъбири билан айтганда “калла бўм-бўш, бу бошдан кундуз куни чироқ ёқиб алиф топиб бўлмас”ди. Аммо пул топиш, одамлар билан муомала қилишнинг ҳадисини олганди. Худди отасига ўхшаб. Отаси ҳам шундай одамохун кимса эдики, ўзига иши тушган одамдан қандай қилиб пул ундиришни санъат даражасида эпларди. Порахўрликнинг минг хил мисли кўрилмаган сир-асрорларни яхши билар ва бу устомонлигидан ғурурланар ҳам эди.

Мана сизга муаммонинг илдизи – “қуш уясида кўрганини қилади”, – деб бекорга айтишмаган. Ота шундай тарбия кўрган, бола ҳам буни ҳаёт ҳақиқати, деб билади. Йўқса, олий ўқув юртини тамомлаб, киракашлик қилиб юрмаган бўлармиди?

Бундан бир неча йил аввал Янгийўл туман ҳокимлиги муассислигидаги туман газетасида ишлайман. Бир куни газета қошидаги тўгарагимизга туманнинг Ниёзбош қишлоғидаги 23 мактабнинг 9 синфида ўқийдиган мактаб ўқувчиси келди. У қиз шу даражада очиқ-сочиқ кийинганки, у учун беихтиёр ўзинг хижолат тортасан киши. Тағин бир ўзи эмас, ёнида билакларига татуировка чиздириб олган барзанги бир йигит ҳам бор. Ҳамма бир томон-у улар бир томон бўлди. Бир-бирига суйкалишиб, кўпчиликнинг ғашига тегар, баъзи ёшларнинг хаёлини ҳам бўлар эди. Бир муддат иштиёқ билан шеър ўқиётган қиз ҳам тутилиб, сўнг тўхтаб қолди. Беихтиёр ҳамма уларга юзланди. Улар ҳам ўзларига қадалган шунча нигоҳдан бироз ноқулайлик ҳис этгандек бўлиб жимиб қолишди. Оний сонияларга орага совуқ сукут чўмди. Шундан сўнг ёши улуғ ижодкор ётиғи билан улардан нима мақсадда бу ерга келганлигини сўради. Қиз шеър ёзишини баён қилгач, бирма-бир унинг қўлёзмаларига кўз югуртирдик. Унинг ёзганлари жуда саёз, уни шеър, деб ҳам бўлмас эди.

Шундай бўлса-да, ёши улуғ ижодкор унга сўз бериб, саҳна тўрига чиқарди. Унинг шеър дея ўқиётганлари “ўлим”, “айрилиқ” ва “ёлғизлик” маъносини англатувчи тўмтоқ бир уюм гап эканлигини деярли барча сезиб турар эди.

Ёш ижодкорлар бирин-кетин унинг ижодига “расмана нигоҳ” билан қараб танқидий фикр билдирар, бироқ ёши улуғ ижодкор у қизга ён босиб, “жуда яхши”, “ажойиб” дея унинг шеърларини тинглаб, эҳтиёткорлик билан камчиликларини кўрсатарди. Тўгарак тугагандан сўнг кўпчилигимиз савол назари билан устозга қарадик. У, бу қизни шеър ёзишга иштиёқи йўқлиги, шунчаки уни қандайдир муаммолари борлиги, шу дардини қайсидир йўл билан бўлишгиси келганини изоҳлади. Дарҳақиқат, бу қиз бошқа қайтиб тўгарагимизга қадам босмади.

Орадан анча сувлар оқиб ўтди. Бу воқеа хотирамиздан ҳам ўчиб кетгандек эди, аммо бир мудҳиш хабар у ҳақдаги хотираларимизни янгилади. Маълум бўлишича, тўгарагимизга келган ўша қиз ва унинг дугонаси соат кечки 20:00 атрофида темирйўлга ноқонуний равишда тўсиқлардан ошиб тушишган. Бир муддат ўзларини қўл телефонининг камераси орқали видеога олиб, яқинларига видо айтишган. Сўнгра бир-бирини қучоқлаб ўзларини “Урганч — Тошкент” йўловчи поездининг остига ташлашган.

Ҳатто бу воқеа содир бўлгунича бир неча кун тайёргарлик кўришган. Юриш-туришини тузатишини сўраб кўп танбеҳ берадиган ўқитувчисидан ўзларича қасд олмоқчи бўлишган. Ўқитувчисини обдон асабини эговлаб, сўнг телефонига тасвирга туширишган. (Оқибатда шу воқеа сабаб синф раҳбари ва мактаб директори жавобгарликка тортилди.)

Бироқ вафот қилган шу қизлар билан бир маҳаллада истиқомат қилувчи газетада ишлайдиган кекса аёл ҳар гал ўқитувчиларнинг жавобгарликка тортилиши ноҳақлик бўлганини бот-бот такрорларди. Чунки иккала оила ҳам ноқобил дея таъкидларди у. Сабаби бир қизни онаси Туркияда, бошқасини отаси Россияда муҳожир. Яъни қизларнинг тарбияси билан шуғулланадиган одам йўқ. Унинг устига тўгарагимизга келган қизнинг онаси чет элдан кийим-кечак келтириб сотадиган аёл бўлиб, ойлаб ўз уйидан йироқларга кетиши, ичкиликка ружу қўйган отаси фарзандларининг тарбиясини бутунлай ташлаб қўйганини такрорларди. Аслида уларнинг ота-онасини жазолаш керак, дер эди...

Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Айб кимда? Оиласини моддий аҳволини яхшилаш учун фарзандининг тарбиясини тақдир ҳукмига ташлаб бегона юртга ошиққан онадами? Ёки усти-бошига, миниб юрган машинасига, қўлидаги телефони-ю, чўнтагидаги пулига қараб муомала қилаётган оламондами? Мезонлар қачон ўзгарди, одамлар қачондан бошлаб, маънавиятдан моддиятни устун қўя бошлади? Наҳот энди китоб ўқиш, билим олиш урфдан қолган бўлса? Шу каби ўйлар билан банд бўлиб, хаёлчан ўтирар эканман. Қаршимдаги бино ичидан чиққан фаррош аёл диққатимни тортди. Яқин бориб у кишини суҳбатга тортдим.

— Хўжайиним уста, ўзим 11 йилдан буён Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида фаррошлик қиламан. Уч нафар фарзандим бор, — дейди фаррош Дилдора Азизова. — Биз-ку ўқимадик, ҳеч бўлмаса фарзандларимиз олий маълумотли бўлсин, яхши жойларда ишласин, деган эзгу ният билан тўнғич ўғлим Абдуқуддусни 5 синфлигидан бошлаб репетиторга бера бошладик. Ўғлим дастлаб математика фанидан тайёрлов курсига қатнади. Ўйинқароқлиги сабабми, ўқимайман, дарсга бормайман, деб кўп хархаша қиларди. “Даданг келяпти”, “Дарсга бормасанг, даданг уришади”, дея ўқишга мажбурлаб жўнатган пайтларим ҳам кўп бўлган. Гоҳида унга кўчадаги аравакашларни кўрсатиб, ўқимасанг сени ҳам шунақа келажак кутяпти, дея қўрқитар эдим.

Дастлаб, даромадимиз жуда кам эди. Оилада фақат хўжайиним ишларди. У кишининг топгани рўзғорга етса, репетитор тўловларига етмай қоларди. Ёки акси. Мен кичкина фарзандим борлиги учун уйда ўтирардим. Ўғлим инглиз тилидан ҳам репетиторга қатнай бошлади. Айтаётганим 10-15 йил олдинги гап ва ўша вақтлари ҳам тайёрлов курслари қиммат, битта фан ўртача 200 минг сўмдан эди. Хўжайинимга ёрдам бериш учун пазандалик қилмоқчи бўлдим. Аввалига ширинликларни қўшниларга текин тарқатдим, кейин улардан буюртма туша бошлади, айниқса, Ҳайит ва турли байрамлар арафасида ҳафталаб уйқу билмасдим.

Топганимни тийин-тийинигача ҳисоблаб, хўжайинимга берардим. Умр йўлдошим эса ўғлимнинг курсларига тўлов қиларди. Ўзлари иш жойидан бирида пул олса, гоҳида 1,5-2 ойлаб иш ҳақини ололмасдан, қуруқ қўл билан уйга қайтарди.

Қайнона ва қайнотам қўлдан келганча ёрдам беришарди, лекин кўп ҳолларда уларнинг нафақаси дори-дармонидан ортмасди.

Ўғлим 8 синфгача тайёрланди. Кейин: “Қийналяпсизлар, ўртоқларим ойига фалон сўм топяпти экан, мен ҳам ишлайман”, деб ўқишни ташламоқчи бўлди. Шунда дадаси: “15-16 ёшли боласан, ишлаганинг билан қанча пул топардинг?! Ўртоқларинг билан ишинг бўлмасин, дарсингни қил!”, деб роса койирди.

Шундай лаҳзалар бўлар эдики, чўнтагимизда сариқ чақа ҳам пул бўлмай қолар эди. Шундай кезлари ҳам фарзандларимизга пулимиз йўқлигини сездирмаганмиз. Етишмовчиликни болалардан сир тутишга уринганмиз. Ўғлим ҳам бироз улғайгач, ўқимаса бўлмаслигини тушунди. Математика, физика, инглиз тили ва IELTS дарсларига ойма-ой тўлов қиламиз, ортиқча емаймиз, ошиқча кийинмаймиз, беҳуда пул сарфлаб, кўча айланмаймиз. Боламнинг дил қулфи очилиб кетдими, бор вужуди билан дарсга киришди.

Гоҳида танишларимиз, қўни-қўшнилар ёрдам тариқасида бир-икки сўм бериб турарди. Янги кийим олмасдик, ўғлимнинг шимлари қизариб кетарди. Шунда ҳам янги шим олдирмасди. Шимнинг пулини ўзимга беринг, репетиторимга тўлов қиламан, дерди. Ёғингарчилик вақтида оёқ кийимидан сув ўтиб, шалаббо ҳолда уйга келарди. Эртасига кийимларини қуритиб, яна кийиб кетаверарди.

Вақт ўтиб, болам Олмазор туманидаги Молия коллежига ўз билими билан ўқишга кирди. Ўғлимдан кейин Дилноза исмли қизим бор. У ҳам репетиторга бора бошлади. Фарзандларим ҳатто таътилда ҳам ўқишни ташлаб қўйишмасди.

Моддий томондан анчагина қийналиб, танишларимиздан кўп қарз олардик. Баъзан қарзимизни вақтида қайтаролмагач, улар билан орамизга совуқчилик тушарди. Дилноза ҳам математика ва инглиз тилидан курсга борарди. Қизим бу орада тўқишни ўрганган ва қўшниларнинг фарзандлари учун шарф, пайпоқ, нимча ҳамда бошмоқчалар тўқиб, сота бошлади. Мен буюртма асосида ширинлик пишириб, қизимнинг репетиторига тўлов қиламан, хўжайиним эса ўғлимнинг устозига.

Ўғлим ўқишга қаттиқ киришди. Кечалари столга бошини қўйганча неча бор ухлаб қолганига гувоҳ бўлганман. Бу орада инглиз тилидан IELTS топширди, унинг 500 минг сўм тўлови бор эди. Ҳатто шунга ҳам пул топишга қийналдик. Аммо, дадаси банкдан микроқарз олиб берди. Шукр, ўғлим IELTSдан 6,5 балл олди. 2017 йил эди ўшанда. 5 та: Тошкент шаҳридаги халқаро Вестминстер университети, Сингапур ва менежментни ривожлантириш институти, Турин политехника университети, ИНҲА ва Миллий университетига ҳужжат топширди. Боламнинг ҳар имтиҳонида ундан кўра биз кўпроқ ҳаяжонландик. Юрагимизни ҳовучлаб кутдик. Кўнглимизда, оддий одамларнинг ҳам фарзанди талаба бўла олармикан, деган гумон бор эди.

Йўқ. Аллоҳга шукр. Аввалига Вестминстерга ўқишга қабул қилингани ҳақида хабар келди. Сўнгра бошқаларига. Ҳаяжонимни таърифлаб беролмайман.

Абдуқуддус ИНҲАда ўқишни орзу қиларди, унинг жавоби бироз кечикди. Демак, “йиқилибман”, Туринда ўқийман, дея умидини узиб турганида, ИНҲАга ҳам ўқишга киргани ҳақида хабар келди. Ўзимни билмайман, дадаси ишда эди, қўнғироқ қилиб: “Ўғлимиз ИНҲАга ҳам ўқишга кирди!”, – деб бақирганман...

Ўғлим ИНҲАга йилига 22 миллион сўм миқдоридаги контракт асосида ўқишга кирди. Сезганингиздек бизда бунча пул йўқ эди. У қийналиб қолишимизни ўйлаб, бюджет асосида талабаликка қабул қилинган Миллий университетида ўқишини айтганда, дадаси: “Шунча ҳаракат қилдинг, энди яхши ва ўзинг орзу қилган ерда ўқишинг керак”, дея рухсат бермади. Яқинларимиздан қарз кўтариб, контракт тўладик...

Икки йилдан кейин ўғлимнинг контракти 28 миллион сўмга кўтарилди. Ўғлим Абдуқуддус инглиз тилидан қўшимча дарс ўта бошлади. Бундан ташқари бўш вақти бўлди, дегунча дадаси билан устачилик қиладиган бўлди. Мен кечаси билан пишириқ тайёрлаб, каллайи саҳарлаб, соат 4-5 да АОКАга борардим, раҳбарлар ишга келгунга қадар ҳамма ёқни тозалаб, йиғиштириб чиқардим.

Бу орада қизим ҳам 3 та ОТМга ҳужжат топшириб, барчасига қабул қилинди ва: “ЕОЖУда ўқийман, ўзим ҳам ишлаб, контрактимга ёрдам бераман”, дея йиғлади. Бу ОТМнинг йиллик шартнома пули 26 миллион сўм эди. Ноилож рози бўлдик. Дадаси контракт тўловлари учун имкон қадар пул топди, етмаганига банкда таълим кредити тугагани учун 16 миллион сўм микроқарз олди. Дилноза қизим ҳозир 3 курсда ўқийди ва биз ҳалигача банкка ойма-ой пул ўтказиб келяпмиз.

Бугун ўғлим ўқишни битириб, малакали мутахассис бўлиб етишди. Унга нуфузли фирмаларнинг бошлиқлари яхши таклифлар билан чиқишяпти, чет элларга ҳам ишга чақиришди. Ҳозир “CLICK” компаниясида ва бир нечта IT —фирмаларда фаолият юритмоқда.

Турмуш ўртоғим билан фарзандларимизни билимли бўлиши, олий маълумотли бўлиши учун бор имкониятимизни аямадик. Мана ҳозир ҳам ҳатто 14 ёшли кенжа қизалоғим дарсдан кейин математика ва инглиз тили фанларидан қўшимча дарсга бораяпти. Дилнозанинг контрактига тўлаймиз. Банкдан олган кредитимизни ёпамиз, кенжамизнинг репетиторига 1 миллионга яқин пул берамиз. Минг шукр, мен фаррош, дадаси устачилик қилиб, ҳалол меҳнатимиз билан болаларимизни ўқитдик, вояга етказдик, муҳими, яхши инсон қилиб тарбиялашга ҳаракат қилиб келаяпмиз.

Хулоса қилиш ўзингиздан, деган бўлар эдим-у, аммо баъзи мулоҳазалар тинчлик бермаяпти. Фикрим индаллосига келсак, киракаш йигитни бундай хулоса қилишига, онани бойлик ахтариб ўзга юртларга кетишига, моддийликни маънавиятдан устун қўйилишига нима сабаб бўлмоқда? Ҳавойи-нафсми ёки фаровон яшашга бўлган уринишми, ёки бошқа сабабми? Агар шундай бўлса қаҳрамонимиз фаррош аёлнинг ҳикояси ҳақида фикрингиз қандай?

Аслида моддият ва маънавият қушнинг икки қанотига ўхшайди. Қуш бир қанот билан уча олмагани каби, маънавиятсиз моддияти юксалган жамият ҳам ҳалокатга маҳкумдир.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, вазирлик, идоралар ва тегишли бошқа ташкилотларнинг мутахассислари билан биргаликда маҳаллаларда ёшларни таълим билан тўлақонли қамраб олиш, уларни маънавиятини юксалтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Турли тадбирлар, йиғилишлар, бадиий-маънавий кечалар ташкил қилинмоқда. Савол туғилади – турли тадбирлар билан ёшларни маънавиятли қилиб бўлармикан? Бунинг ўзи етарлимикан? Ёшларни, фарзандларни маънавиятли қилишдан аввал балки уларнинг ота-онасини маънавий-маърифий тарбиялаш керакдир. Сиз нима дейсиз?

Абдулла НУР

Тавсия Этамиз








Тавсия Этамиз