Фаттоҳ Шодиев фонди ўзбек муҳожирларига ёрдам беради

Фаттоҳ Шодиев фонди ўзбек муҳожирларига ёрдам беради

Фото: Instagram

Асли келиб чиқиши ўзбекистонлик Фаттоҳ Шодиевга тегишли Халқаро фонд (ICF) ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ва уларнинг Россиядаги оилаларига тезкор ёрдам кўрсатишга мўлжалланган "Саҳоват" маркази ҳамкорига айланди. Бу ҳақда жамғарма матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Айни пайтда "Саҳоват" Москва шаҳри ва вилоятида ишламоқда, марказ Россиянинг бошқа йирик шаҳарларида ҳам ўз фаолиятини ривожлантирмоқда. Эҳтиёжманд ўзбекистонликларга озиқ-овқат пакетлари ва дори-дармонларни етказиб бериш шаклида мақсадли ёрдам кўрсатадиган тизим аллақачон ишлаб чиқилган. Тўғридан-тўғри молиявий ёрдам кўрсатиш тизимини яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ёрдам биринчи навбатда аёллар, ёш болали оилалар, қариялар ва ногиронларга берилади.

ICF "Саҳоват" марказининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва унинг географиясини кенгайтириш учун маблағ ажратади.

"Биз ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаймиз ва "Саховат" марказининг асосчилари ва кўнгиллиларига ҳамда Россияда бирон бир сабабга кўра бошқа қийин вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароларининг тақдирига бефарқ бўлмаган барча одамларга миннатдорчилик билдирамиз. Биздаги маълумотларга кўра, Россия Федерациясида яшайдиган бир миллионга яқин ўзбекистонлик фавқулодда ёрдамга муҳтож бўлиши мумкин. Уларнинг аксарияти ишсиз қолган ва оғир ҳаёт шароитларига тушиб қолган меҳнат муҳожирлари", - дейди жамғарма асосчиси Фаттоҳ Шодиев.