Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Федералист №7: Ички зиддиятлар
29.03.2020 17:59,  
879

Инсоният тарихида, жуда оз истиснолардан ташқари, ҳукмрон тузумлар фақат қонли курашлар натижасида шаклланиб келган. АҚШ тарихида эса бир неча сиёсат, ҳуқуқ ва фалсафа мутафаккирлари ақлий баҳслар ва инсофга мурожаат қилиш асосида янги тузумни барпо қила олдилар. Бу инсоният тарихидаги ўта ноёб тажриба!

Бу баҳсларнинг натижасида нафақат миллат бирлашди, балки улкан бир давлатнинг мустаҳкам пойдевори ўрнатилди. Ана шундай ҳужжатлардан энг аҳамиятлиси “Федералист” туркум мақолаларидир. Улар хозиргача АҚШнинг конституцияси учун асосий шарҳловчи манба ҳисобланади, қонунчилик соҳасидаги муаммолар Федералист мақолаларига мурожат қилиш орқали ўз ечимини топади. Шунингдек, бугунги демократик кўринишидаги давлатларнинг аксари айнан АҚШ конституциясидан андоза олганлари бежиз эмас.

Америка Қўшма Штатлари мустақиллиги эълон қилинганида бу штатлар (a state инг. “давлат”) мустақил давлатлар иттифоқи тарзида қабул қилинган эди. Мустақиллик учун уруш якунлангач, Америка миллатининг бир неча фаоллари тарқоқликдан воз кечиш ва ягона марказга эга федератив давлат тузиш ғояси ҳақида ўйлай бошлайдилар. Улар махфийликда янги конституция лойиҳасини ишлаб чиқадилар ва уни кенг жамоатчиликка тақдим этадилар. Кўпчилик учун бу ташаббус кутилмаган эди ва табиийки, катта ишончсизлик уйғотди.

Асосий хавотир шундай эди: марказни истаб қолганлар яқиндагина ажралиб чиққан Британия империяси ўрнига ўзларини янги ҳукмдор қилишмоқчими?

“Федералист” мақолалари Александр Ҳамилтон, Жон Жей ва Жеймс Мадисон тарафидан “Публиус” тахаллуси остида ёзилган. Жей ташқи ишлар масалаларига тааллуқли мақолалар ёзиб беради, Мадисон ҳокимиятлар мувозанати, янги давлат “анатомияси ва сиёсий “ўйин қоидалар”ни белгилаб берувчи ғоялар билан шуғулланади, Ҳамилтон эса эътиборни штатлараро муносабатларга  қаратади.

“Федералист”нинг 7-сони (1787 йил 15 ноябр, Нью-Йорк, the Independent Journal) асосий ғоялари:

Ҳар қандай империя бирон ҳудудни ташлаб кетар экан, ўзидан кейин мураккаб ҳудудий муаммоларни қолдириб кетади (СССР қулаши ёдга келади). Баҳсли ерлар ва чалкашлик билан белгиланган  чегаралар қачондир портлайдиган соат бомбасини эслатади. Америка штатлари мустақилликка эришгач, айнан шундай хатарга йўлиқа бошлаган эдилар.

Ҳамилтон худудий муаммоларнинг ечими - ягона марказий ҳукуматни ташкил қилишдир, деб ҳисоблайди. Ҳамилтон ўзининг олдинги мақоласида ташқи кучларнинг ички можароларга аралашуви хатари ҳақида сўз юритган бўлса, бу сафар штатлар ўртасидаги зиддиятлар оқибатида юзага келадиган жиддий таҳдидлар тўғрисида фикр юритади ва таҳлил учун бир неча тахминий вазиятларни ўртага ташлайди.

Янги ерлар учун кураш

Американинг ўн уч колонияси олдида ҳали ўзлаштирилмаган ва чегаралари белгиланмаган улкан ғарб ерлари мавжуд эди. Эртами кечми улар устидан эгаликка даъвогар штатлар ўртасида тўқнашув юзага келиши кутилганди. Хўш, тарафларни ажратадиган ва ҳаққоний қарор чиқариб берадиган ҳакам бўлмаган шароитда масала яна қурол билан ҳал қилинадими? Қачонгача эски тарихни қайтараверишга тўғри келади? Наҳотки ақлни ишлатиб, оқилона йўл топиб бўлмаса?

Штатлар монополияси хатари

Иқтисодий қулайликларга бой ҳудудлар баъзи штатларни бошқа штатлардан устун қилиб қўяди. Мисол учун жаҳон океани дарвозаси бўлган Нью-Йорк штатининг ҳукумати импорт солиғини оширганда штатнинг ғазнаси тўлади, аҳолиси учун давлат ҳисобидан кенг имкониятлар очилади, аммо шу штат орқали товарлар импорт қилишга мажбур бошқа штатлар учун импорт солиғи оғир юк бўлади. Тадбиркорлик руҳи билан тирик турган Америка миллати учун қанчалик аламли ҳолат! Бундай вазиятда ўзаро норозилик, жанжаллар ва урушлар келиб чиқиши табиий. Марказий ҳукумат бўлмаса, бундай ҳолатни қандай енгиб ўтиш мумкин?

Давлат қарзи

Мустақиллик учун кураш даврида америкаликлар моддий таъминот учун бошқа давлатлардан катта миқдорда молиявий ёрдам сўрайдилар. Қарзни катта қийинчилик билан олаётган вақтда музокарачилар ўзларини худди  ягона бир давлат вакилларидек тутишган эди (аслида эса, иттифоқ шартномаси ва уруш асосида бирлашган бир-биридан мустақил колониялар ва штатлар мавжуд бўлган, ягона ҳукумат эса мавжуд эмасди, машҳур музокарачи вакиллар орасида Жон Жей ҳам бўлган). Уруш тугагач қарзни қайтариш вақти келди. Хўш, молиявий мажбуриятлар штатлар ўртасида қандай тақсимланади? Улушлар қандай белгиланади? Қанчалик оқилона тўлов тақсимоти белгиланмасин, барибир норози тарафлар бўлади ва улар ўз манфаатлари учун тортишишдан тўхтамайдилар. Бу эса вақтни чўзади, штатлараро низони авжига чиқаради ва қарз берган давлатларнинг сабри тугаб, Америка ички ишларга аралашувини кучайтиришлари эҳтимоли пайдо бўлади.

Хусусий шартномалар бузилиши

Бир штатнинг қонунлари бошқа штатнинг қонунларига тўғри келмаслиги фуқаролар ўртасида тузилган хусусий шартномаларни кучсиз қилиб қўяди. Бу одамлар ўртасидаги савдо ва бошқа муомалаларни қийинлаштиради. Маҳаллий қонунчилик, ягона бир ҳуқуқий рамкага солинмас экан, айрим штатларда бошқа штатларнинг ва штат фуқароларининг ҳуқуқларини поймол қиладиган қонунлар чиқиши мумкин. Марказий ҳакам бўлмаган вазиятда, масала қилич билан ҳал қилинади. Демакки, яна зўравон ҳамиша ҳақ бўлиб чиқаверади. Наҳот бу Америка мустақиллиги меваси бўлса?!

Сўзининг якунида муаллиф аввалги мақоласининг асосий хулосасини, яъни ташқи давлатларнинг Америкага қиладиган тажовузлари хатарини эслатади:

“Агар Америка умуман бирлашмаса ёки иттифоқ шатномасининг мудофаа мажбуриятлари ҳақидаги заифгина бандлари билан билан чекланса, юқорида айтилган  зиддият ва келишмовчиликлар йиғиндиси натижасида бирдамлик аста-секин бузилиб кетади. Натижада, Европанинг сиёсий ва ҳарбий можаролар лабиринти ичига тушиб қолган Американинг турли қисмлари ёмон ниятли кучларнинг фитналари ва ҳийла-найранглари қурбонига айланадилар. Бизни ёмон кўрган ёки биздан қўрққан барча давлатларнинг асосий иш тутиш принципи “divide et impera” (“ажратиб ташла ва бошқар”, лот.) бўлиши муқаррардир”

Шундай қилиб, Ҳамилтон ушбу мақоласида Америка штатларининг бир давлат бўлмаслиги турли низолар ва беқарорликка олиб келади, деган даъвони қувватлайди ва асосий ечим янги конституция асосида иш юритувчи федерал ҳукуматни ташкил қилишда, деб ишонтиришга уринади.

Аввалги мақолалар:

Федералист №1: “Давлатга пойдевор қўйган "уч блогер". Кириш”
Федералист №2: “Бирлашиш аҳамияти”
Федералист №3: “Ташқи ва ички хатарлар”
Федералист №4-5: Хулосалар. Жон Жей таржимаи ҳолидан лавҳалар
Федералист №6: Давлат бошқарувини нега аёлларга ишониб бўлмайди?

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан