Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Федералист №8: Хавфсизлик ва эркинлик дилеммаси
31.03.2020 19:15,  
582

“Федералист” туркумининг 8-мақоласи Александр Ҳамилтон қаламига мансуб бўлиб, 1787 йил 20 ноябрда чоп этилган. Қуйида сиёсий рисоланинг асосий хулосасини келтирамиз.

Мазкур мақолада бирлашув мавзуси давом этади. Шундай қилиб, янги миллатнинг олдида икки йўл турибди. Биринчиси: маҳаллий худудлар (колониялар, штатлар, уч-тўртта катта-кичик штатлардан иборат суб-конфедерациялар)га ажралиб, иттифоқ шартнома асосида бўлиши; иккинчиси: янги конституция доирасида иш юритувчи ягона федерал ҳукуматга тегишли штатлар бирлашмасида бўлиш.

Ҳамилтон ва унинг ҳамроҳлари биринчи йўл жуда ёмон оқибатларга олиб келади, деб ҳисоблайдилар. Турли важ-корсонлар кўрсатилади, жумладан, инсоннинг бузғунчи табиати таъсири оқибатида биродар штатлар ўртасида низолар ва хатто ҳарбий тўқнашувлар келиб чиқиши муқаррарлигини таъкидланади. Ушбу масала “Федералист” туркумининг бошқа сонларида қайта-қайта муҳокама қилинса-да, бу сафар Ҳамилтон ўз қарашларини исбот қилиш мақсадида яна бир қизиқ аргументни ўртага ташлайди.

Америка штатлари тарқоқ ҳолида қолса, ҳар бир штат ўзининг мунтазам армиясини сақлаш зарурати пайдо бўлади.   Биринчидан, Шимолий Америка диёри катта жанглар учун мутлақо очиқ, бундай катта ҳудудда ҳардий истеҳкомларни қуриш ва уларни тартибга солиб туриш ўта мушкул вазифа. Ундан ташқари, юқорида ва бошқа мақолаларда бир неча марта айтилганидек, штатлар ўртасидаги зиддиятлар келиб чиқиш эҳтимоли катта. Келажакда бўлиши мумкин бўлган ўзаро урушлар мамлакатнинг осойишта ҳаётига катта зарба беради, аҳолининг моддий ва маънавий заҳираларини емириб ташлайди.

Бундай ҳолатда, табиийки, ҳар бир штат учун хавфсизлик масаласи биринчи ўринга чиқади. Натижада энг асосий қадрият бўлмиш эркинлик эътибор марказидан четланиб, ҳарбийлар олий қатламга айланади ва халққа зўравонлик қила бошлайди. Бундай жараён оқибатида, янги яккахон подшоҳлар пайдо бўлиши ҳам мумкин. Хавфсизликни эркинликдан устун қўйилиши миллатнинг сиёсий ва фуқаролик ҳуқуқларини емиради. Бу кўп бора қайтарилган тарихий фактдир.

Ҳамилтон ўз фикрининг тўғри эканини исботлаш учун Европа қитъаси давлатларини Буюк Британия билан таққослаб, мисол келтиради. Европанинг кенг ҳудудида бир қанча йирик ва майда давлатлар жойлашган бўлиб, улар ўртасида тинимсиз равишда урушлар содир бўлиб келган. Шу сабабли Европада ҳарбий қудратга жуда катта эътибор бўлиб, фуқаролик ҳуқуқлари эса ҳамиша қуйи даражадаги масала бўлган.

Британияда эса инсон эркинликларига қадимдан катта эътибор қаратиб келинган, ҳуқуқий ва сиёсий муносабатлар анча мукаммал шаклланган. Бунинг асосий сабаби - Британиянинг ороллик мавқеи бўлиб, у давлатнинг мудофаасини табиий равишда таъминлаб берган. Бунинг оқибатида, ҳарбий салоҳият мувозанатлашган ва асосий эътибор денгиз ортидан келадиган ҳарбий ҳужумларга қаратилган. Шундай қилиб, орол ичида бир нечта мунтазам армияни сақлашга катта эҳтиёж бўлмаган, ҳарбий кучлар тарафидан инсоний эркинликлар бўғилмаган, натижада инглизлар бошқа европаликларга нисбатан анча эркин ва каттароқ сиёсий ҳуқуқларга эга бўлиб келган.

Демак, хулоса қилади Ҳамилтон, агар Америка миллати донолик қилиб, ягона федерал ҳукумат бошқаруви остида бирлашишни ихтиёр этса, у Буюк Британия каби кучли “орол давлатига” айланади, вилоят-штатлар ўртасида урушларга йўл қўйилмайди, умумий федерал армия фақат ташқи ҳамлаларни қайтаришга йўналтирилади. Миллатнинг равнақини фақат унинг бирлигида ва эркинлигида топиш мумкин.

Аввалги мақолалар:

Федералист №1: “Давлатга пойдевор қўйган "уч блогер". Кириш”
Федералист №2: “Бирлашиш аҳамияти”
Федералист №3: “Ташқи ва ички хатарлар”
Федералист №4-5: Хулосалар. Жон Жей таржимаи ҳолидан лавҳалар
Федералист №6: Давлат бошқарувини нега аёлларга ишониб бўлмайди?
Федералист №7: Ички зиддиятлар

Юқорида Федералист №8нинг асосий ғоясини келтирдик. Ўтган мақолаларимизнинг бирида Жон Жейнинг биографияси ҳақида сўз бошлаган эдик. Бу сафар мақоламизнинг иловасида Александр Ҳамилтон умрининг бошланғич қисми билан танишамиз.

Илова

Александр Ҳамилтон  таржимаи ҳолидан лавҳалар

(Раҳимжон Қудратов тайёрланган)

Александр Ҳамилтон туғилишидан олдиноқ, унинг мураккаб ва қийинчиликларга тўла ҳаёти учун етарлича замин ҳосил бўлиб улгурган эди.  Онасининг иккинчи турмушидан туғилган фарзанд бўлганлиги туфайли унинг ёшликдаги муаммолари ҳам айнан онаси билан бўғлиқ бўлди. Иккинчи турмушидан икки нафар фарзанд орттирган она (Жеймс ва Александр) икки маротаба турмуш қурганлиги сабабли, халқ орасида тавқилаънатга қолади ва ўз болаларининг келажаги учун бутун умрлик тўғоноққа айланади. Турли вазиятларда жамият ичида четга чиқаришлари, барча қатори тенг кўрмасликлари, ҳақоратлар ичида улғайиш болаларга оғир таъсир қилади. Бунинг устига 1765-йил, Александр 11 ёшга етганида, ота оилани ташлаб кетади. Турли миш-мишлар бунга сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Ёш Александр жуда истеъдодли ва меҳнаткаш бўлишига қарамай, онаси тўғрисидаги гап-сўзлар туфайли бошланғич мактабдан юқорисига ўтказилмайди. Мактабда билим олиш имкони йўққа чиққач, у индувидуал ҳолда таълим олишга ўтади, сўнгра эса шахсий мактабга ўқишга киради. Шунингдек, оила кутубхонасидаги 34 дона китоб уни қўшимча билимлар билан таъминлашга ўз ҳиссасини қўшади.  Бўладиган бола бошидан маълум деганларидек, Александр кўплаб танлов ва мусобақаларда шеър ва эсселари орқали ғолибликка эришади. Бироқ оилавий аҳвол танглиги туфайли ёш Александр билим олиш баробарида, турли касблар билан ҳам шуғулланишга мажбур бўлади. Унинг онаси оиланинг ягона боқувчиси сифатида савдогарлик қилар эди, Александрнинг ўзи ҳам шу соҳада ишлашга ўтади. Касбий фаолиятини бир савдогар қўлида бухгалтер бўлиб ишлашдан бошлаган Александр, кейинги ҳаёти давомида бошқарувчилик даражасигача кўтарилишга эришади.

1768 йилда она вафотидан сўнг, болалар етим қолди. Онасининг ўлимидан сўнг ҳам, унинг ёмонотлиққа чиққанлиги болалар ҳаётида ўз ножўя таъсирини кўрсатишда давом этади. Ота уйга қайтади ва барча мол-у мулкни қайтариб олиб, болаларини меросдан маҳрум қилади. У ўз болаларига нафрат билан қарар, уларнинг онасини эса ҳақорат билан тилга олар эди. 

Онасининг ўлимидан кўп ўтмай, Алесксандр катта савдо ширкатига ишга киради. Унинг акаси Жеймс эса маҳаллий гилам тўқувчиларга шогирдликка тушади. Мана шу нуқтада икки ака-ука ажралишади ва шундан сўнг тақдир уларни ҳеч қачон қайта кўриштирмади. Шу пайт, Александр ишлаётган ширкат эгаси сафарга кетади ва ширкат вақтинчаликка бўлсада, ўн бешли ёшли бола қўлида қолади. Шунга қарамай, Александр ширкатни муваффақиятли бошқара олади. Унинг маҳоратидан таъсирланган кишилар, унинг тоғаси, ширкат эгаси ва яна бир неча киши, пул тўплаб, уни Ню-Йоркдаги Қироллик коллежига ўқишга юборишга қарор қиладилар.

“Федералист” мутафаккир ва сиёсий арбоб Александр Ҳамилтоннинг қизиқарли ҳаёти лавҳаларига кейинги мақоламизда қайтамиз.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан