Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Фин таълим тизими жаҳонда энг яхшиси деб топилишининг сабаблари
9.09.2017 02:07,  
573

Тадқиқотларга кўра, фин ўқувчилари сайёранинг энг яхши ўқувчиларидан бири экан. Қизиқ жиҳати шундаки, финляндиялик ўқувчилар бошқа мамлакатлардаги тенгдошларига нисбатан мактабда камроқ вақт ўтказади ва кунига энг кўпи билан ярим соат дарс қилишади.

Шундай бўлса-да, фин таълим тизими дунёнинг энг муваффақиятли таълим тизими сифатида эътироф этилмоқда.

Бепул таълим

Финляндияда таълим бепул. Мактабда тушлик, мактаб уюштирадиган экскурсиялар ва дарсликлар ҳам мутлақо бепул. Aгар ўқувчилар мактабдан 2 км узоқда яшайдиган бўлса, мактаб автобуслари уларни олиб келиш ва дарслар тугагач, уйларига элтиб қўйишни ўз зиммасига олади. Барча харажатлар давлат тарафидан ажратиладиган бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади. Давлат ўз бюджетининг 12,2 фоизини таълим тизимига сарфлайди.

Ҳар бир ўқувчига индивидуал ёндашув

Фин мактабларида ўқувчилар ўз салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда мураккаблиги турлича бўлган вазифаларни ҳал қилади. Жисмоний ва ақлий салоҳияти турли бўлган болалар биргаликда таълим олади ва ўйнайди. Aгар ўқувчи ўзлаштиришда қийинчиликка дуч келса, унга қўшимча машғулотлар олиб бориш учун алоҳида ўқитувчи тайинланади. Муҳожир болалар фин тилидан ҳам қўшимча машғулот олиб боришлари учун барча нарса муҳайё қилинади.

Фин таълим тизимининг яна бир жиҳати шундаки, ўқувчи ўзи фойдали деб топган фанни ўрганиши мумкин. Aгар дарс ўқувчига қизиқарли бўлмаса, у китоб ўқиши ёки бичиш-тикиш билан шуғулланиши мумкин.

Баҳолар ўқувчининг ўзига билдирилади

Фин таълимида 10 баллик баҳолаш тизими амал қилади. Ўқувчиларга 3-синфгача баҳо қўйилмайди. 3-синфдан 7-синфгача баҳолар оғзаки тартибда қўйилади, улар “ўрта”дан “аъло”гача бўлиши мумкин. У ёки бу фандан ўқувчи олган баҳо фақатгина унинг ўзига хабар қилинади. Ўзлаштириши ёмон бўлиб, паст баҳо олган ўқувчиларни койиш фин таълим тизимида татбиқ этилмайди. Баҳолар фин мактабларида рағбатлантириш, ўқувчи билимини ошириш ва ўқувчининг шахсий ўқув режасини тўғрилаш учун жорий этилган.

Топганингни кийиб кел

Фин мактабларида аниқ бир мактаб формаси мавжуд эмас. Мактабга исталган кийимда бориш мумкин ва бунинг учун мактаб маъмурияти ўқувчига ҳеч ҳам танбеҳ бермайди. Фин педагоглари таъбири билан айтганда, “мактаб илм берадиган ва ўқувчи илм олишга келадиган маскан”. Кўп ҳолатларда ўқувчилар синфхоналарда пойабзалини ечиб, пайпоқда юради.

Эркинлик маскани

Мактаб дейилганда кўпчиликни кўз ўнгида парталар мавжуд бўлган хоналар тушунилади. Финляндия мактабларида эса ўқувчи билим олиши учун албатта партада ўтириши талаб қилинмайди. Дарсни кузатгани кирсангиз, айрим ўқувчиларнинг диванда ётгани ёки гиламда ўтирганига гувоҳ бўлишингиз мумкин. Қуёшли кунларда дарслар очиқ ҳавода ёки махсус амфитеатрларда ҳам олиб борилиши мумкин.

Уйга вазифалар

Фин ўқитувчиларининг наздида ўқувчилар кўпроқ вақтини мактабда эмас, ота-оналари билан ўтказиши керак. Уйга вазифаларни бажариш кўп вақт талаб этмайди ва қизиқарли бўлади. Мисол учун, тарих дарсида ўқувчига бобоси ёки бувасидан 50-йиллардаги ҳаёт қандай бўлганлиги ҳақида интервю олиб келиш ҳамда 50-йиллар ва ҳозирги давр ўртасидаги фарқлар ҳақида гапириб бериш вазифаси топширилиши мумкин.

Имтиҳон олинмайдиган таълим тизими

Фин таълим тизимидаги янги ўқитиш усулларидан бири – муайян фанни эмас, балки ҳодисаларни ўрганишнинг (phenomenon based learning) татбиқ этилишидир. Ўқувчилар учун анъанавий дарслар ўрнига 6 ҳафталик “бўлимлар” ташкил этилган бўлиб, ўқувчилар бир мавзуни турли тарафдан ўрганишади. Мисол учун, муҳожирлар мавзуи география нуқтаи назаридан улар қаердан келганлиги, тарих нуқтаи назаридан муҳожирлар келишидан олдин нима содир бўлгани, маданият фани нуқтаи назаридан муҳожирларнинг маданияти ўрганилади. Болаларнинг ўзлари саволлар беради ва ўзлари шу саволларга жавоб топади.

Узоқ танаффуслар

Ўқиш қанчалик мароқли жараён бўлишидан қатъи назар, бола учун энг қувонарлиси танаффусдир. Фин мактабларидаги болалар 45 дақиқали дарсдан сўнг 15 дақиқа танаффус қилади.

Фин ўқитувчилари дунёнинг энг зўр ўқитувчиларидир

Ҳелсинки университети педагогика факултетига ўқишга кириш учун рақобат ўта кучли. Бир ўринга 20 нафар абитуриент тўғри келади. Болаларга таълим бериш истагида бўлганларнинг сони эса иш ўрнига қараганда 10 баробар кўпдир. Финляндияда ўқитувчининг ўртача маоши 3500 еврони ташкил қилади. Финляндияда ўқитувчи бўлиш нуфузли касблардан саналади, болаларни ўқитиш эса шарафли иш.

Мактабларда қатъий белгиланган ўқув дастури мавжуд эмас. Қандай методика ва ўқув дастуридан фойдаланишни ўқитувчининг ўзи ҳал қилади. Ўқитувчидан ташқари фин мактабларида ўқитувчи ассистенти фаолият олиб боради. Унинг асосий вазифаси дарс боришини кузатиш ва болаларга дарс тайёрлашда ёрдам беришдан иборат.

Ҳаётга тайёрловчи таълим тизими

Фин мактабларида ўқувчилар катта ва ҳақиқий ҳаётга тайёрланадилар. Сузиш дарсларида ўқувчилар чўкаётган одам белгиларини, уй хўжалиги дарсларида эса овқат тайёрлаш, бичиш ва тикиш ўргатилади. Фин мактабларида кўпроқ эътибор табиатга дўстона муносабатда бўлишга, табиатни асраб-авайлашга қаратилади. Фин ўқувчилари учун портфолио тайёрлаш ёки шахсий сайт яратиш бир зумлик вазифадир. Энг асосийси фин мактабларидаги таълим тизими, ўқувчиларни янги ва ўзгариб бораётган дунё муҳитига мослашиб кетишга ўргатади. Қийин формулаларни ёд олиш ёки саналарни эслаб қолишга ўргатилмайди, чунки буларни ҳар доим интернетдан кўриб олса бўлади.

Энг яхши мактаб танловининг мавжуд эмаслиги

Фин ўқувчиларининг ота-оналари энг яхши мактаб қайси, деб излаб юрмайди. Ўқувчилар, одатда, ўз уйларига яқин мактабга қатнайди. Финляндияда элита мактаблари йўқ. Ўқувчи қаерда яшашидан қатъи назар, бирдай керакли замонавий жиҳозлар, ўқув дарсликлари, юқори малакали ўқитувчилар ва бекаму кўст мактаб ошхонаси билан таъминланган.

Тушликка нима истеъмол қилишни ўқувчининг ўзи танлайди

Фин мактабларидаги овқатланиш хилма-хил ва бепул “швед столи” бор. Мактаб веб-саҳифасида ошхона менюси эълон қилиб борилади ва ўқувчи исталган пайтда саҳифага кириб, ўзига ёққан таомни “саватчага” сақлаб қўйиши мумкин. Менюда парҳез таомлардан тортиб, вегетарианларбоп таомларгача киритилган.

Мактабдаги ётиб қолса бўлади

Баъзида ўқувчилар мактабга ёстиқ билан келиши ҳам одатий ҳол. Улар мактабда ўз ўқитувчилари билан ётиб қолишади, биргаликда кино томоша қиладилар ва ўйнайдилар, спорт зали бўйрасида ухлайдилар. Эрталаб эса тўпланишиб музқаймоқ билан нонушта қиладилар. Бундай мактабни ёмон кўриб бўладими? Шунинг учун ҳам фин ўқувчилари уйидан ҳам кўпроқ мактабини яхши кўради.

Кучукларгача “китобхон”

Фин мактабларидаги кутубхоналарда махсус ўргатилган кучуклар ҳам бор ва уларга ўқувчилар “китобхон” кучуклар деб ном қўйган. “Китобхон” кучуклар китобга меҳр қўйишни болаларга ўргатади, чунки уларга китоб ўқиб берганда ёки қизиқарли ҳикоялар сўзлаб берганда диққат билан тинглайди.

adme.ru

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан