Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Fitch Ratings Ўзбекистон иқтисодиёти ўсиши бўйича прогнозни пасайтирди
2.04.2022 15:07,  
364

2022 йилнинг 1 апрель куни Fitch Ratings халқаро агентлиги Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги бўйича навбатдаги ҳисоботини чоп этди, дея хабар бермоқда Молия вазирлиги ахборот хизмати.

Ҳисоботга кўра, республика суверен кредит рейтингининг баҳоси ВВ- (барқарор кутилма) даражада тасдиқланган.

«Ўзбекистоннинг мустаҳкам ташқи ва фискал захиралари, мўътадил давлат қарзи даражаси ва BB рейтингига эга мамлакатларга нисбатан юқори ўсиш суръатлари республика суверен кредит рейтингини қўллаб-қувватловчи омиллар бўлган», дейилади хабарда.

Шу ўринда, мамлакатнинг хомашё товарларига боғлиқлиги, институционал ва бошқарув сифати даражалари сустлиги, юқори инфляция даражаси ва аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) пастлиги республика кредит рейтингини чекловчи омиллар сифатида келтирилган.

Қайд этилишича, жаҳонда юзага келган вазият Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш пасайишига, 2022–2023 йилларда жорий операциялар ҳисоби дефицити ва инфляция даражаси ортишига олиб келади.

Агентликнинг янгиланган прогнозига кўра, жорий йилда Ўзбекистоннинг реал иқтисодий ўсиш суръати 3,1 фоизни ташкил қилади. 2021 йилнинг 8 октябрь куни эълон қилинган ҳисоботда бу кўрсаткич 5,5 фоизга баҳоланганди.

 

Мазкур прогноз пул ўтказмалари камайиши туфайли уй хўжаликлари истеъмоли камайиши, инвестиция лойиҳалари кечикиши, ташқи қарз жалб қилиш шартлари қатъийлашиши, валютанинг кўпроқ қадрсизланиши ва юқорироқ инфляция кутилмалари билан изоҳланган.

Fitch’нинг кутилмаларига кўра, фискал сиёсат ва хомашё (олтин, мис ва газ) экспорти учун қулай нархлар шок таъсирини юмшатишга хизмат қилади.

Агентликка мувофиқ, миллий валюта курси пасайиши, юқорироқ инфляция кутилмалари ва озиқ-овқат нархлари сабабли 2022 йилда инфляция даражаси ўртача 12,7 фоизни ташкил қилади.

Шунингдек, 2021 йилда юқори иқтисодий ўсиш, барқарор валюта курси ва қарз жалб қилиш суръати пасайгани сабабли давлат қарзининг ЯИМга нисбати камайгани эътироф этилган. 2021 йил якунида ҳукуматнинг ликвид активлари юқори даражада (ЯИМга нисбатан 23,5 фоиз) сақлаб қолинган.

Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги қуйидаги ҳолларда оширилиши мумкин:

  • макроиқтисодий барқарорликни таъминлаган ҳолда юқори иқтисодий ўсишга эришилганда ва аҳоли жон бошига ЯИМ миқдорининг BB рейтингига эга давлатлар билан фарқи камайганда;
  • «қонун устуворлиги», «аҳоли фикрини инобатга олиш ва ҳисобдорлик», «тартибга солиш сифати» ва «коррупцияни назорат қилиш» каби бошқарув стандартлари сезиларли яхшиланганда;
  • фискал ва ташқи захиралар сезиларли ошганда.

Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги қуйидаги ҳолларда пасайтирилиши мумкин:

  • ташқи молиявий кўрсаткичлар ёмонлашганда, пул ўтказмалари доимий камайиши, ташқи савдо дефицити ошиши ва тўғридан тўғри хорижий инвестициялар соф ҳажми камайиши сабабли жорий операциялар ҳисоби манфий сальдоси ортиши, халқаро захираларнинг сезиларли даражада камайиши ёки ташқи мажбуриятларнинг тез ошиши;
  • иқтисодий ўсиш суръатининг давомий секинлашиши, давлат қарзининг ЯИМга нисбати кескин ошиши ёки суверен фискал буферлар камайиши.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан