Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Fitch Ratings халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги баҳосини ВВ-даражада тасдиқлади
4.03.2023 20:01,  
43

2023 йилнинг 3 март куни халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтинги бўйича навбатдаги ҳисоботини чоп этди. Ҳисоботга кўра, мамлакатимиз суверен кредит рейтинги BB-(барқарор кутилма) даражада тасдиқланди.

2023 йилнинг 15-23 февраль кунлари "Fitch" халқаро рейтинг агентлигининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Марказий банк, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва бошқа идоралар мутасадди раҳбарлари ҳамда халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотлар билан учрашувлар ўтказилди.

Агентлик Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини йилда икки марта қайта баҳолайди ва баҳолаш жараёнида республикадаги сўнгги иқтисодий янгиликлар билан танишади.

Ҳисоботда таъкидланишича, мамлакатимизнинг мустаҳкам ташқи ва фискал захиралари, мўътадил давлат қарзи даражаси ва "BB" рейтингига эга мамлакатларга нисбатан юқори ўсиш суръатлари республика суверен кредит рейтингини қўллаб-қувватловчи омиллардан ҳисобланади.

Қайд этилишича, Ўзбекистон иқтисодиёти ташқи шоклар таъсирига қарши чидамлилик намойиш эта олди, шу билан бирга ташқи шоклар билан боғлиқ ноаниқликлар сақланиб қолмоқда.

Ҳисоботда келтирилишича, Жаҳон банкининг сўнгги эълон қилинган бошқарув сифати кўрсаткичларида Ўзбекистоннинг ўрни сезиларли яхшиланиб тўққиз поғонага кўтарилган. Бунда, мазкур ўзгариш тартибга солиш сифати ва ҳукумат самарадорлиги, аҳоли фикрини инобатга олиш ва ҳисобдорлик ҳамда коррупцияни тийиб туриш кўрсаткичларида акс этган.

Шу билан бирга, ҳисоботда Ўзбекистон Ҳукумати давлат корхоналари ва банкларни хусусийлаштириш, ҳукуматни ихчамлаштириш ва бюрократия даражасини қисқартириш, шунингдек иқтисодиётда рақобатни рағбатлантириш мақсадида имтиёзли кредитлаш ҳажмини камайтириш каби муҳим таркибий иқтисодий ислоҳотларни амалга ошираётгани ҳамда бундай ислоҳотларни давом эттириш бўйича салоҳияти юқорилиги алоҳида эътироф этилган.

2022 йилда Ўзбекистон иқтисодиётининг 5,7 фоизга ўсишига асосий омиллар сифатида юқори экспорт ҳажмлари, фискал рағбатлантириш ҳамда аҳоли истеъмолининг ўсишига сабаб бўлган пул ўтказмалари кўрсатиб ўтилган.

Агентлик глобал иқтисодиётининг секинлашуви ортидан 2023-2024 йилларда Ўзбекистон иқтисодиёти ўртача 5,4 фоизга ўсишини прогноз қилинмоқда.

Шу билан бирга, "Fitch" прогнозига кўра, фискал консолидация кутилганидан кўра тезроқ амалга ошиб, консолидациялашган бюджет дефицитининг ЯИМга нисбати 2023 йилда агентлик томонидан кутилган 3,9 фоиз ўрнига 3,5 фоизни, 2024 йилда 2,3 фоизни ташкил этади ("BB" рейтингига эга мамлакатлар учун ўртача - 3,3 фоиз).

Агентликка кўра, ЯИМнинг барқарор ўсиши ва солиққа тортиш базасининг кенгайиши давлат бюджет даромадларининг ортишига ҳамда давлат дастурларини кредитлаш ҳажмининг қисқаришига сабаб бўлган, шу билан бирга давлат-хусусий шериклик тизимининг йўлга қўйилиши давлат харажатларининг қисқаришига ҳамда давлат молияси бошқарувининг яхшиланишига туртки бўлади.

Давлат қарзининг ЯИМга нисбати 2023-2024 йилларда ўртача 36,4 фоиз даражасида барқарорлашиши ва "BB" рейтингига эга давлатлар медианасидан (ЯИМга нисбатан 55 фоиз) паст даражада қолиши кутилмоқда.

Шунингдек, агентлик имтиёзли шартларда жалб қилинган узоқ муддатли кредитлар сабабли давлат қарзи билан боғлиқ хатарларни паст даражада баҳолаган.

Ҳисоботда келтирилишича, пул ўтказмалари ўсишининг барқарорлашуви ва импорт ҳажмининг ортиши натижасида 2023-2024 йилларда жорий операциялар ҳисоби дефицити ЯИМга нисбатан ўртача 4,4 фоизни ташкил қилади.

Шу билан бирга, "Fitch" прогнозига кўра Ўзбекистоннинг халқаро захиралари ва ликвидлик позицияси мустаҳкам даражада сақланиб қолади, захираларнинг импортни қоплаш даражаси эса 11 ойни ташкил этади.

Агентлик 2022 йилда инфляция даражаси ўртача 11,3 фоизни ташкил этиши, 2024 йилга келиб мазкур кўрсаткич 9,0 фоизгача пасайиши прогноз қилинмоқда.

"Fitch"нинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги ва кутилмаси қуйидаги ҳолларда оширилиши мумкин:

• бошқарув сифати кўрсаткичлари янада яхшиланганда;

• иқтисодий ўсиш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминловчи ислоҳотларни изчил амалга ошириш натижасида аҳоли жон бошига ЯИМ миқдорининг "BB" рейтингига эга давлатлар кўрсаткичига яқинлашганда.

Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги қуйидаги ҳолларда пасайтирилиши мумкин:

• ташқи молиявий кўрсаткичлар ёмонлашганда, пул ўтказмаларининг сезиларли камайиши ва ташқи савдо дефицитининг ошиши сабабли халқаро захиралар сезиларли даражада камайганда;

• иқтисодий ўсиш суръатининг давомий секинлашиши, давлат шартли мажбуриятларининг давлат томонидан қопланиши туфайли давлат қарзининг ЯИМга нисбати кескин ошганда ёки суверен фискал захиралар камайганда.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан