Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Форобий нега ҳар бир инсон мулкка эга бўлиши шарт, дея ҳисоблаган?
19.12.2022 13:39,  
91

Авлодлар бугун Абу Наср Форобий ҳақида гап кетганда унинг фақат Форобий тахаллусини-ю, аллома бўлганлигини фахр билан айта олишади. Аммо аксар ҳолларда унинг ҳаёти ва ижоди, дунё учун қандай хизмат қилгани, бой илмий-иқтисодий мероси ҳақида ҳеч нарсани билишмайди.

Мисол учун Абу Наср Форобий бобомизни олайлик. Форобий унинг тахаллуси бўлиб, тўлиқ номи Абу Наср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Узлуғ Тархон – жаҳон маданиятига катта ҳисса қўшган Марказий осиёлик машҳур файласуф, қомусий олим. Ўрта асрнинг бир қанча илмий ютуқлари, умуман Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида тараққийпарвар ижтимоий-фалсафий тафаккур ривожи унинг номи билан боғлиқ. Форобий ўз замонаси илмларининг барча соҳасини мукаммал билганлиги ва бу илмлар ривожига катта ҳисса қўшганлиги, юнон фалсафасини шарҳлаб, дунёга кенг танитганлиги туфайли Шарқ мамлакатларида унинг номи улуғланиб, “Ал-Муаллим ас-соний” – “Иккинчи муаллим” (Аристотелдан кейин), “Шарқ Арастуси” деб юритилган.

Форобий туркий қабилалардан бўлган ҳарбий хизматчи оиласида, Сирдарё қирғоғидаги Фороб – Ўтрор деган жойда туғилган. У туғилган ҳудуд Сомонийлар томонидан бошқарилиб, араб халифалигининг шимолий чегараси ҳисобланган. Форобий бошланғич маълумотни она юртида олди. Сўнг Тошкент (Шош), Бухоро, Самарқандда ўқийди. Кейинроқ ўз маълумотини ошириш учун араб халифалигининг маданий маркази бўлган Бағдодга боради.

Абу Наср Форобийнинг иқтисодий мероси марказида инсон ва унинг эҳтиёжларини қондириш масаласи туради. Зеро, юқорида айтилганидек, инсон бу дунёнинг олий неъмати ва унинг эҳтиёжларини қондириш ҳар қандай жамиятнинг яшаш ва ривожланиш шартидир. Албатта, инсон эҳтиёжлари турли-туман ва доимий ўсиб борувчи ҳисобланади.

Шу боис, одамлар эҳтиёжини иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, маънавий гуруҳларга ажратиш мумкин. Аммо инсон эҳтиёжлари ичида устувор ўринда иқтисодий-ижтимоий эҳтиёжларни қондириш туради. Абу Наср Форобийнинг иқтисодий ва бошқа ижтимоий қарашлари Арасту ва Афлотун асарларини тушунтиришга қаратилган бир қанча асарларида баён этилган, жумладан, унинг иқтисодий дунёқараши “Фозил одамлар шаҳри” асарида ҳам ўз ифодасини топган. Мутафаккир Афлотун қарашлари ҳақида гапирар экан, “мулкка эга бўлиш ёмон одат эмаслигини, қашшоқликда (мулксиз) яшагандан кўра, бадавлат яшамоқ афзалдир”, деган фикрни айтади. Фақат “мулкни бефойда жамғаришдан сақланиш зарур”, деган фикрни илгари суради. Форобий фикрини давом эттириб ёзадики:

– одамларга, авлодга зарар келтирмайдиган мол-мулк орттириш фойдали ишдир;

– бунда қонунлар ёрдамида руҳ ва баданни эъзозланишига сазовор қиладиган тарбия муҳим аҳамиятга эгадир;

– фақат бошқалар учун зарар келтирадиган бойлик тўплаш, мол-мулкка эга бўлиш ёмон одатдир.

Олим Афлотун фалсафасини шарҳлар экан, одамларни мулкий қонунлар асосида тарбиялаш масаласига алоҳида эътибор беради. “Агар шаҳар аҳолиси маърифатсиз, тажрибасиз одамлар ва болалардан иборат бўлса, у ҳолда улар қонун ўрнатган тартиб ва бошқарув усулини қабул қилмайдилар”.

Қайд этиладики, қонунлар асосида, яъни ҳуқуқий тарбия ижтимоий-иқтисодий ҳаётда ғоят муҳим аҳамиятга эга. Ҳуқуқий тарбия фақат ўзини эмас балки бошқаларни ҳам ўйлаб яшаш ва ишлашга хизмат қилади, мулкни, манбаларни тўғри тасарруф этиш, ундан яхши натижалар олишга даъват этади.

Шунинг учун ҳам мамлакатимизнинг “Таълим тўғрисида”ги Дастури ва Қонунида ҳуқуқий ва мулкий тарбияга катта ўрин ажратилган.

 Форобий уқтирадики, “Мулк орттиришда унчалик хавф йўқ, аммо уни эҳтиёт қилиб сақлаш керак. Агар бошқа бировлар ҳисобига мулк орттирганлар жазоланмасалар, у ҳолда шаҳар аҳолисидан инсоф ва шуҳрат йўқолади. Мулкни эҳтиёт қилиб сақлаб, ўз эҳтиёжи учун ишлатса, бу ёмон иш ҳисобланмайди...”.

Бу кўрсатмаларнинг аҳамияти бугунги кунда ҳам жуда муҳим. Зеро, одамлар, мустақиллик ва демократия туфайли мулкдор бўлишмоқда. Бироқ мулкдор бўлиш бошқа-ю, мулкни эҳтиёт қилиб, ўзи ва жамияти учун самарали фойдаланиш ундан ҳам муҳим. Ишлаб чиқариш ва истеъмол учун харажат қилиш муайян заруратдир. Ишлаб чиқариш ва ҳаётнинг самараси кўпинча ана шу харажатлар миқдори, тартиби ва мезонларига ҳам боғлиқдир.

Олим яшаш учун эга бўлинган маблағларни, маҳсулотлар ва мулкни тўғри тақсимланмаса, меъёри билан харажат қилинмаса, бундай ишда “номақбулчилик рўй беради”, дея ҳисоблайди.

“Бу – бошқарилиши энг қийин бўлган ишдир, кимда-ким ўз ихтиёрида бўлган мулкни фойда чиқариш учун муомалага қўймаса, уни фақат ўзи учунгина жамғарса, жуда катта зарар келтиради”.

 Форобий қарашларида тақсимот масаласи жуда кенг ва ўзига хос усулда талқин этилган. У жамият ва одамлар йўлидаги мулк ва ноз-неъматларни тўғри тақсимлаш давлат қурилишида асосий масала, эканлигига урғу беради. Демак, жамият ҳаётида энг муҳим муаммолардан бири мулкни, маҳсулотларни керакли мақсадларга тўғри, самарали тақсимланиш экан. Тақсимот иши мақсадга мувофиқ йўлга қўйилмас экан, кўпчилик одамлар бачканалашиб кетади, одамлар фақир аҳволга тушиб қолади. Тақсимот мавжуд мулк, маҳсулот, бойликлар ҳисобини тўғри йўлга қўйишдан бошланади. Худди ана шу фикр Форобий томонидан олдинги ўринга чиқарилади.

“Аввало, – дейди олим, – ер ва жойларнинг миқдори, кейин уларнинг эгалари ва тутган ўринлари, сўнгра ниҳоятда зарур нарсалар бўлган озиқ-овқатлар, экиладиган ерлар, сарой ва шахсий уйларнинг миқдори ҳисобга олиниши зарур”. Форобий Афлотуннинг қуйидаги фикрларини алоҳида ажратиб келтиради: “Тақсимотнинг иши жуда қийин, лекин жуда зарур ишдир”. Буюк даҳоларнинг тақсимот ва мулкни тасарруф этиш масалаларига бу қадар чуқур қарашлари бежиз эмас. Албатта, тақсимот мавжуд нарсалар тақсимотидир, у ишлаб чиқаришга нисбатан вақт жиҳатидан кейинги ўринда туради, ишлаб чиқариш муносабатларидаги иккинчи бўғиндир. Бироқ шуни унутмаслик керакки, тақсимот ишлаб чиқаришнинг бошқа томони, аслида унинг давоми ва такрорланишидир. Бунинг маъноси шуки, тўғри ва адолатли тақсимот тизими яратилган шароитдагина ишлаб чиқариш натижалари шунчалик яхши бўлади. Бу ерда гап фақат макроиқтисодий даражадаги тақсимот устидагина бораётгани йўқ, бу хулоса микроиқтисодиётнинг барча бўғинлари учун ҳам баб-баравар аҳамиятга эга.

Форобийнинг иқтисодий қарашларида жамият ҳаётининг энг муҳим масалалари кўтарилган. Шарқ фалсафасида эҳтиёжлар масаласи, деганда одамлар эҳтиёжлари ва уларни қондириш воситаларини қидириш эмас, балки ҳар бир одамнинг шахс сифатидаги зарурий эҳтиёжларни тадқиқ қилиш ва уларни қондириш муаммолари муҳим аҳамият касб этади. Ана шу эҳтиёжлар тизимида одамнинг шундай физиологик эҳтиёжлари мавжудки, улар фақат ҳаракат қилиш, меҳнат ва яратувчанлик (ишлаб чиқариш) билан қондирилади.

Демак, инсон эҳтиёжларининг энг муҳими меҳнат қилиш (яратувчанлик) эҳтиёжидир. Барча эҳтиёжларни қондиришга ҳам худди ана шу меҳнатга бўлган эҳтиёжни қондириш орқали эришилади. Шарқ иқтисодий тафаккури марказида инсон ва унинг эҳтиёжлари, уларни қондириш масаласининг туриши бежиз эмас. Ижтимоий-иқтисодий тафаккурнинг ана шу энг долзарб масаласи Шарқнинг буюк фарзанди, файласуф Абу Наср Форобий асарларида асосий ўрин олганлиги фикримизнинг далилидир.

Шарқ Арастуси номи билан машҳур бўлган аллома Арасту фалсафаси таҳлилига бағишланган асарида иқтисодиёт фанининг муҳим категорияси бўлган эҳтиёжлар масаласига алоҳида эътибор бериб, эҳтиёжларни қондириш инсон ҳаракатининг марказида туражагини кўрсатди. У инсон эҳтиёжларини қондиришда меҳнат ва меҳнат қуролларининг ўрни беқиёс эканлигини уқтириб ўтади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан