Форс кўрфазидаги нефт империясининг инқирози ва қулаши яқин

Форс кўрфазидаги нефт империясининг инқирози ва қулаши яқин

Биз билган Форс кўрфазининг интиҳоси яқин. ©️ Karim Sahib/AFP/Getty Images

Айни пайтда бошланган нарх уруши ушбу ҳашаматнинг муқаррар ҳалокатини тезлаштириши мумкин.

Дунёнинг аксар давлатлари учун нефт бойлиги аслида бир офатдир. Нигерия, Ангола, Қозоғистон, Мексика ва Венесуэла каби йирик углеводород захираларига эга мамлакатлар бундан айтарли фойда кўрмайди. 

Фақат Форс кўрфазидаги Араб давлатларигина нефтдан миллий тикланиш ва тараққиёт учун фойдаланишни уддалаган

ХХ аср ўрталарида минтақада улкан нефт захираларининг топилиши тартибсизлик ҳукм сурган, тушкунликка тушган, қашшоқ давлатларни сайёрадаги энг бой мамлакатларга айлантирди. Бугун Қатар, Кувайт ва Бирлашган Араб Амирликларининг ҳар бири Швейцариядан бойроқ; Саудия Арабистони, Баҳрайн ва Уммон эса Япония ёки Буюк Британия билан бемалол рақобат қила олади.     

Ўзгариш шу қадар кучли бўлганидан бойлик табиатнинг одатий қонунларига кўра оқиб келаверади, деб ишониш мумкин эди. Аммо бундай эмаслиги аниқ. Нефт бозорларидаги ҳозирги нарх уруши Форс кўрфази давлатларининг беқарор табиатга эга бўлган иқтисодиётини шафқатсиз ҳисоб-китобга рўпара қилиб қўйди.

Айни вақтда юқорида номи саналган олти монархия (Қатар, Кувайт, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Баҳрайн, Уммон) ва Россия хомашё бозорини арзон маҳсулотга тўлдириш ва уни қимматроқ ишлаб чиқарувчиларни бозордан сиқиб чиқариш учун жўмракларни янада каттароқ очишга киришиб кетди. Саудия Арабистони нефт қазиб чиқаришни кунига режадагидан 2,5 миллион баррелга ошириб, бу тўфондаги энг катта тўлқинга эга чиқмоқчи бўлиб турган бир вақтда унинг қўшнилари ҳам бўш келаётгани йўқ. Бирлашган Араб Амирликлари нефт қазиб чиқаришни кунига 200 000 баррел ва ундан ортиқ, Кувайт эса кунига 100 000 баррелга оширмоқчи. Россия ўз навбатида кунига 200 000 баррел ортиқча нефт қазиб олишини эълон қилган. 

Таъминотнинг бу қадар тўйиниши геосиёсатга боғлиқ эмас. Аксинча, бу нефт нархи пасайишининг математик натижасидир. Ҳар бир баррел нефт учун камроқ доллар келса ҳам Форс кўрфази давлатлари жорий даромадни ушлаб туриш учун янада кўпроқ сарфлашга муҳтож бўляпти. 

Аслида, бу урушда қатнашиш учун катта куч мавжуд. Форс кўрфазида бир баррел нефтни қазиб олиш харажати бир стакан минерал сув баҳосида туради. Ҳатто бир баррел нефт нархи 10 АҚШ долларигача тушиб кетадиган ва дунёдаги барча нефт ишлаб чиқарувчи саноатлар катта пул йўқотадиган энг кескин ҳолатда ҳам Форс кўрфази давлатлари “қора олтин” устида, зиён кўрмай қолаверади. Аммо бу уларнинг бюджетларидаги мувозанатни ушлаб туриш ва долларга боғланган миллий валюталарини қоплаб туриш учун етарли эмас.   

Минтақадаги марказий банклар ва мустақил жамғарма фондлари шу каби инқирозларга, узоқ давом этадиган бўҳронларга тайёргарлик кўриш мақсадида катта миқдордаги маблағларни йиғиб қўйган. Шунга қарамай, нефт нархи пастлар экан, бу жамғармалар тезлик билан парчаланиши мумкин.

Масалан, Саудия Арабистони ҳукумати ихтиёридаги соф молиявий активларни олайлик – Марказий Банк захиралари, мустақил жамғарма фондларининг маблағлари ва давлат қарзлари. 2014-2018 йиллар ичида Саудия Арабистонинг ялпи ички маҳсулоит ҳажми (ЯИМ) 0,1%га камайган. Чунки нефт хомашёсининг бир баррели 2014 йил охирида 100 АҚШ доллари атрофида эди. Аммо қироллик буёғига нефт нархи 80 долларга кўтарилса ҳам аниқ қарздор бўлиб қолса керак.      

Халқаро Валюта Жамғармаси (ХВЖ) ҳисоб-китобларига кўра, айни шу тўрт йил ичида Форс кўрфазидаги олти монархия 0,5-2 триллион доллар атрофида пул йўқотган. Фонднинг маълум қилишича, агар нефтга бўлган талаб 2040 йилгача ўзининг чўққисига чиқмаса, ҳозир ундан келаётган маблағлар 2034 йилда тугаб битади. Аммо нефт нархи бир баррелга 20 доллар атрофида қолса, 2027 йилга бориб бу давлатларнинг ғазнаси бўшаб қолади.    

Нафт нархи 50-55 доллар атрофида бўлиб турса, 2024 йилнинг дастлабки 5 ойи мобайнидаги импорт натижасида Саудия Арабистонининг халқаро захиралари қисқариб кетади. Бу ҳақда ХВЖ ўтган йилги ҳисоботида маълум қилганди. Бу жуда ташвишли истиқбол бўлиб, қиролликнинг тўлов мувозанатини бир неча ой ичида инқирозли ҳолатга тушириб, миллий валютанинг долларга боғлиқлигига чек қўяр, бутун бир авлод умри давомида нефт нархи барқарор бўлиб турганда юритилган сиёсатни қайта кўриб чиқишни тақозо қилар эди. Аммо айни кунларда биз гувоҳ бўлаётган нефт нархи манзарасида бу ҳам анча умидли (оптимистик) истиқбол бўлиб қолади.

Бундай хавотирли келажакни ўзгартириш учун ҳали ҳам вақт бор. Аммо бу Форс кўрфази давлатлари ва уларнинг жаҳон иқтисодидаги ўрни ҳақидаги тасаввурларимизга ҳам кескин таъсир қилади. 

Минтақадаги ҳукуматлар 2014 йилда нефт нархи пасайгач, бюджетда кескин қисқартиришларни амалга оширди, давлат томонидан бериладиган имтиёзли қарзларни (субсидия) бекор қилиб, савдо соҳасидаги тушумларга солиқ (Қўшилган қиймат солиғи – ҚҚС) ўрнатди. Бу охир-оқибатда уларнинг умумий фаровонликка салбий таъсир қилди. Аммо агар нефт нархи янада пастлайдиган бўлса, унда бюджетга босим ошади, қўшимча солиқларни жорий қилиш ва ортиқча давлат хизматларини қисқартириш керак бўлади. Ҳеч қачон демократик сайловларни кўрмаган ушбу давлатларнинг фуқароларига эса бундай чоралар маъқул келмайди. Саудия Арабистони бюджетининг қарийб учдан бир қисмини ташкил этадиган улкан мудофаа ва хавфсизлик харажатларини қисқартиришга мажбур бўлиши мумкин.  

Форс кўрфази давлатлари ва уларнинг мустақил жамғарма фондлари исталган қитъадаги бойликларни қўлга киритиш учун катта миқдордаги долларларни тўлашга тайёр “сеҳрли” пул ғазналари даври охирига етганга ўхшайди. 

Сўнгги ярим асрда ушбу монархиялар жуда катта миқдорда бойиш имкониятига эга бўлди. Аммо ҳар қандай имкониятнинг интиҳоси бор. Келажак авлод ҳозиргилар баҳра олаётган бойликни ҳеч қачон кўра олмайди. Шу кетишда Форс кўрфази давлатлари, барибир, нефт офатидан қочиб қутула олмайдиганга – худди дунёнинг бошқа ҳудудларидаги нефт қазиб чиқарувчи мамлакатлар сингари бундан ўзлари фойда кўрмайдиган ҳолатга тушадиганга ўхшайди. Бу фақат вақт масаласи, холос.