Фото: Устюртдаги тузоқ-камераларга тушган сайғоқлар

Фото: Устюртдаги тузоқ-камераларга тушган сайғоқлар

«Сайгачий» мажмуа буюртмахонасида ўрнатилган фотоқопқонга сайғоқлар тўдаси тушиб қолди, деб хабар бермоқда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси.

2020 йилнинг февраль ойида ҳам сайғоқлар тўдаси фотоқопқонга тушганди. Қўмита сўнгги беш йил ичида мамлакатда сайғоқ популяцияси учрамаганлиги сабабли бу ўзига хос муҳим ҳодиса бўлганини айтганди.

Фото: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси

Фото: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси

Бугунги кунга келиб сайғоқ қисқариб бораётган тур сифатида Халқаро ҳамда Ўзбекистон қизил китоблари рўйхатига киритилган. Хусусан, Устюрт популяцияси сайғоқлари қисқариб бораётганлиги сабабли уни сақлаб қолиш учун зарур чора-тадбирлар қабул қилишни талаб этади.

Маълумот учун, «Сайгачий» қўриқхонаси 2016 йилда Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ ва Қўнғирот туманлари ҳудудида жойлашган «Сайгачий» буюртмахонаси негизида табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклида ташкил этилган. Унинг мақсади алоҳида экологик қимматга эга бўлган табиий объектлар ва мажмуаларни ўз ҳудудида асл табиий ҳолатда сақлашдан иборат.

Мазкур қўриқхона умумий давлат аҳамиятидаги қўриқланадиган табиий ҳудуд саналади. 628 минг 300 гектар ер майдонига эга қўриқхонанинг алоҳида қўриқланадиган майдони 219 минг 800 гектарни ташкил қилади. Майдон 5 та — Белеули, Чуруқ, Алманбет, Дувана ва Жийдели ҳудудларига бўлинган.

2010 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари ўртасида сайғоқларни муҳофаза қилиш, кўпайтириш ва барқарор ривожлантириш бўйича ўзаро келишув имзоланган.