АҚШда 93 аёлни ўлдирган энг ашаддий серияли қотил ўз айбига иқрор бўлди

АҚШда 93 аёлни ўлдирган энг ашаддий серияли қотил ўз айбига иқрор бўлди

Федерал Қидирув Бюроси Самуэл Литтлнинг АҚШ бўйлаб 93 нафар аёлни ўлдиргани ҳақидаги эътирофини ишончли, деб ҳисоблайди.

ФҚБга кўра маҳкум Қўшма Штатлар бўйлаб 90 нафардан ортиқ аёлни ўлдирганини тан олгани уни мамлакат тарихидаги энг ашаддий серияли қотилга айлантирган.

2012 йилдан буён панжара ортида бўлган Самуэл Литтл ўтган йили терговчиларга 1970-2005 йиллар орасида бутун мамлакат бўйлаб 90 дан ортиқ аёлнинг ўлимига масъул бўлганини айтган эди. Ўтган якшанба куни чиққан хабарда ФҚБ федерал жиноятлар бўйича таҳлилчилар унинг барча эътирофлари ишончли эканига ишониши ва булардан 50 таси расмийлар томонидан тасдиқланганини эълон қилди.

Терговчилар Флорида, Арканзас, Кентукки, Невада ва Луизанада яна 5 та шундай иш бўйича янги маълумот ва тафсилотларни ўрганмоқда.

79 ёшли Литтл кўп марталик бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган бўлиб, Калифорнияда жазони ўтамоқда. У ўзининг 93 қурбонини бўғиб ўлдирганини, уларнинг деярли барчаси аёллар бўлганини айтган.

Қурбонларнинг бир қанчаси жамиятдан ажралиб қолган одамлар бўлган. Шунинг учун уларнинг кўпчилиги гиёҳванд моддани ҳаддан ортиқ истеъмол қилиб юборгани учун, ёки тасодифан, ёхуд номаълум сабабларга кўра ўлганига ишонилган. Баъзи жасадлар умуман топилмаган.

ФҚБ Литллнинг ўзи қамоқда ўтириб чизган 30 та рангли суратдаги қурбонлар бўйича текширув ўтказди. Булар инсонни ҳаяжонга соладига суратлар бўлиб, аксари қора танли аёлларга тегишлидир.

Самуэл Литтл қамоқхонада ўтириб чизган ўз қурбонларининг расми

Associated Press aгентлиги Литтлнинг видеосуҳбатини ҳам ўрганиб чиқди. У бу видеода 1993 йили бир аёлни қандай қилиб бўғиб ўлдириб, кейин унинг жасадини ташландиқ йўл ёқасидаги жарликка ташлаб кетганини тасвирлаб берган. “Мен жасаднинг думалаб ерга урилаётгани овозини эшитдим, бу унинг ҳали ҳам жарликка тушиб кетаётганини билдирарди”, дейди у.

Бошқа бир видеода у Янги Орлеандаги қурбонини хотирлаб: “У гўзал эди. Буғдойранг, бўйи узун, чиройли ва очиқкўнгил аёл эди”, деган.

Бу воқеа 1982 йили бўлган, улар клубда учрашишган. Аёл Литтлнинг Линколн русумли машинасида бирга кетган ва улар кўрфаз қирғоғида тўхташган. “У мен сувга чўктириб ўлдирган ягона аёл эди”, деган у.

Терговчилар ҳалигача бутун мамлакат бўйлаб унинг иқрорликларига далил топиш, ўнлаб йиллар давомида очилмай қолган жиноятларни бунга боғлаш учун ҳаракат қилишмоқда.

Август ойида у Огайода тўрт аёлни ўлдирганини тан олди. Литтл 2013 йили Калифорнияда 3 аёлни ўлдиришда айбдор деб топилган, ўтган йили эса Техасда бир аёлни ўлдирганига иқрор бўлганди.

Теннеси штатидаги Кнокс округи расмийлари душанба куни Марта Куннингҳем исмли аёл ҳам Литллнинг қурбони бўлган бўлиши мумкинлигини айтиб чиқди. Бу аёлнинг жасади 1975 йил 18 январ куни тушдан кейин округнинг шарқидаги ўрмондан, овчилар томонидан топилган эди. Аёлнинг жасади белидан пасти яланғоч бўлиб, ҳамёни ва тақинчоқлари ёнида бўлмаган.

Шунча ашёвий далилларга қарамай изқуварлар ўша пайтда Куннингҳемнинг ўлимини табиий сабабларга боғлаб, жасад топилган куннинг ўзидаёқ ишни ёпишган. Суд-тиббий эксперти эса тергов ҳисоботидаги “ўлим сабаби” деган жойга “номаълум” деб ёзиб қўйган.

856