Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан зилзиладан кейин Греция ва Туркия халқлари билан бирдамлигини билдирди ва ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.
«Кучли зилзила Туркияда ва Эгей денгизидаги бир неча юнон оролларида кузатилди. Греция ва Туркия аҳолиси билан тўлиқ бирдамлик. Биз улар томонидамиз ва уларга ёрдам бериш учун сафарбар қилишга тайёрмиз», - деб ёзган Ле Дриан ўзининг Twitter саҳифасида.
Жума куни тушдан кейин Туркия ғарбида 6,6 балли зилзила содир бўлди, зилзила эпитсентри Эгей денгизда Измир вилоятининг Сефериҳисар шаҳри яқинида бўлган. Зилзила ён-атрофдаги Греция оролларида ҳам сезилди; юнон сейсмологлари унинг кучини 6.9 га баҳолашди.
Измирда камида 20 бино қулаб тушгани хабар қилинган. Зилзила кичик тсунамини келтириб чиқарди, Сефериҳисарнинг қирғоқ кўчаларини сув босди.
Грециянинг Самос оролида ҳам ҳалокат қайд этилди, черковнинг бир қисми қулаб тушди, тўрт киши енгил жароҳат олди.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси маълумотларига кўра, Измирдаги зилзилада жароҳат олган ёки ҳалок бўлган ўзбекистонликлар ҳақида маълумот йўқ, ҳеч қандай шикоят келиб тушмаган.