Францияда 5 кун давомида 90 минг киши карантин қоидаларини бузди

Францияда 5 кун давомида 90 минг киши карантин қоидаларини бузди

Охирги беш кун давомида бутун Франция бўйлаб 90 минг нафардан ортиқ киши карантинда бўлиш қоидалари ва ўзини-ўзи изоляция қилиш бўйича кўрсатмаларни бузди. Кризис вазиятларни изга тушириш ва фуқаролар хавфсизлиги бош бошқармаси директори Алена Трионанинг айтишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар 1,7 миллион маротаба карантин қоидалари бўйича текширув ўтказган.

“Текширув натижаларига кўра, 22 март кунининг ўзидаёқ, 22 574 та ҳолатда фуқароларга жарима солинган. Умумий ҳисобда 5 кунлик текширувлар давомида 91824 та жарима квитанцияси ёзилди”, — дейди Триона хоним.

Айни вақтда Франция бўйлаб, 16 мингдан ортиқ киши коронавирус билан касалланган, вафот этганлар сони, 22 март ҳолатига 674 тани ташкил қилмоқда.

Мамлакатда 17 мартдан бошлаб, фуқароларнинг кўчаларга заруратсиз чиқиши тақиқлаб қўйилди. Биринчи маротаба кўчага заруратсиз чиққан фуқарога 135 евро, қоидабузарлик қайтарилса 1500 еврогача жарима қўлланилади.

Агар, фуқаролар тўртинчи маротаба ҳам ушбу қоидаларга амал қилишдан бош тортса, 3750 евро жарима ёки ярим йилга қамоққа олиниши мумкин.