Францияда фавқулодда ҳолат режими 10 июлгача узайтирилди

Францияда фавқулодда ҳолат режими 10 июлгача узайтирилди

Франция парламенти коронавирус пандемияси туфайли мамлакатда фавқулодда санитария ҳолатини 10 июлгача узайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда мамлакат парламентининг қуйи палатаси - Миллий Ассамблея расмий твиттер саҳифасида хабар берилди. 

"Аралашган паритет комиссияда депутатлар ва сенаторлар ўртасида келишувга эришилгандан сўнг, Миллий Ассамблея фавқулодда ҳолатни узайтириш тўғрисида қонун лойиҳасини қабул қилди", - дейилади хабарда. 

Ушбу ҳужжат илгари Сенат (парламентнинг юқори палатаси) томонидан маъқулланган.

Францияда икки ойлик фавқулодда санитария тўғрисидаги қонун 24 мартда кучга кирган эди. Ҳужжатга кўра, ҳозирги вақтда ҳукумат парламент билан маслаҳатлашмасдан жамоат эркинликларини, жумладан саёҳат қилишни тақиқлаш, комендантлик соатлари жорий қилиш, корхоналарнинг айрим гуруҳларини ёпиш ва нархларни назорат қилишни чеклаши мумкин.

Апрел ўрталарида президент Эммануел Макрон мамлакатда коронавирусга қарши кураш чораларини 11 майгача узайтирган эди. Шундай қилиб, ҳаракатни чеклаш сақланиб қолмоқда ва мамлакат чегаралари ёпиқлигича қолмоқда. Шу билан бирга, Макроннинг сўзларига кўра, ушбу санадан сўнг Францияда аста-секин янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш учун ўқув муассасалари очила бошлайди. Аммо маданий ва спорт тадбирлари ҳеч бўлмаганда июл ойининг ўрталарига қадар тақиқланади.