Фуқароларга ҳам Конституциявий судга масала киритиш ҳуқуқи берилади

Фуқароларга ҳам Конституциявий судга масала киритиш ҳуқуқи берилади

Фото: gazeta.uz

«Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Унда Конституциявий суд қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича доимий фаолият кўрсатувчи суд ҳокимияти органи эканлиги мустаҳкамланган.

Шунингдек, "Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, ҳукумат, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш Конституциявий суднинг ваколатлари кириши белгиланган.

Конституциявий суд раис ва унинг ўринбосарини қўшган ҳолда Конституциявий суднинг тўққиз нафар судьясидан иборат бўлади.

Конституциявий суднинг ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир.

Лойиҳада Конституциявий судга мурожаат қилиш, уни дастлабки кўриб чиқиш ва ўрганиш тартиби баён қилинган.

Шунингдек, лойиҳанинг 41-моддасида кимлар Конституциявий суд ишларини юритишда тарафлар бўлиши кўрсатилган:

"Конституциявий судда кўриб чиқиш учун масала киритган давлат органи, мансабдор шахс, фуқаро ва юридик шахс;

конституциявийлиги текшириладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган (чиқарган) давлат органи ёки мансабдор шахс;

Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро шартномавий ёки бошқа мажбуриятларига оид масалаларни ҳал қилишга ваколатли давлат органи;

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ бериш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, Сенатини тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилишида маслаҳат бериш тўғрисидаги ишлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари;

Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги юзасидан хулоса бериш тўғрисидаги ишлар бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, ҳисобланади.

Тараф Конституциявий судда ўзининг манфаатларини ифода этувчи бир ёки бир нечта вакилга эга бўлишга ҳақли. Конституциявий судда кўриб чиқиш учун масала депутатлар ёки сенаторлар гуруҳи томонидан киритилганда уларнинг вакиллари тайинланади.