Фуқаролик суди: кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ишлар...

Фуқаролик суди: кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ишлар...

ИБТИДО. Судларда ажабтовур воқеликлар учраб тургани бор гап. Айниқса, бир шоир "қора туш"га ўхшатган яқин ўтмишда. Яқин ўтмишки, ҳали кўпам узоқлашганича йўқ: нари кетганига, кетаётганига энди уч йил ўтмоқда. Шу қисқа муддат ичида тизимида анча-мунча ўзгаришлар бўлди, тўғри. Бироқ яқин ўтмиш асоратларидан тўла қутилдик, дейишга жуда-жуда эрта, шекилли. Негаки, ҳали-ҳамон судлар кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ишлар рўй бериб турибди. Таҳририятимизга мурожаат этган Икром Ҳаитовнинг нолалари шундай ўйлашга мажбур қилди.

ҚАҲРАМОН. "...2016 йилнинг декабрида кутилмаганда ҳибсга олиндим, - дея гап бошлади қаҳрамонимиз. - Миробод тумани ИИБ терговчиси мени фирибгарликда айблаб, жиноят иши қўзғатгани ҳамоно оёғимни ерга теккизмай "тиқиб" қўйди. Эмишки, мен Азамат Гайбназаров деган фуқаронинг ишончига кириб, жуда катта миқдорда пулини олиб, қайтармай алдаб юрганмишман?!".

МУАЛЛИФ: Ҳаитовнинг ҳибсга олиниши кутилмаган ҳол бўлгани рост. Нега десангиз, А. Гайбназаровнинг мурожаати Мирободдан аввал Юунсобод тумани Ички ишлар бўлими томонидан обдон ўрганилиб, "фирибгарлик" факти тасдиқланмаган, шунга кўра жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилган экан-да. Кейинроқ, А. Гайбназаровнинг қайта мурожаатидан сўнг "иш" Миробод тумани ИИБга ўтказилгач, ҳаммаси тескари айланибди: жиноят иши қўзғатилиб, И. Ҳаитов ҳибсга олинади...

Кейин-чи?

ҚАҲРАМОН: "...Ҳибсда роппа роса 55 кун ўтирдим. Бу вақт давомида терговчи икки-уч марта сўроқ қилган бўлди, холос... Тергов муддати охирига етгани сари "дело"ни у қилиб кўрди-бу қилиб кўрди, аммо натижа чиқмади барибир. Очилган "дело"ни ёпишга, мени озод қилишга мажбур бўлди. Хуллас, айбловни мени ҳибсга олиб ҳам тасдиқлай олишмади...".

МУАЛЛИФ: очилган "дело"ни ёпиш осонми? Устига устак, терговчи аввалбошданоқ гумондорни қамоққа олган бўлса?! Ҳечда. Қўзғатилган жиноят ишини ҳаракатдан тугатиб, гумондорни озодликка чиқариш, бу терговчи ўз бошини ўзи кундага қўйши билан баробар. Шундай ҳолат содир бўлибдими, демак, И. Ҳаитовнинг гапларидан жон бор. Кейинроқ "дело" Тошкент вилояти ИИБ тергов департаментига олиб берилиб, яна бир карра, ҳисоб бўйича учинчи терговда ҳам қаҳрамонимизнинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатлари топилмагани - у бировни "ухлатиб кетмагани"нинг инкор этиб бўлмас далили! Суриштирув-тергов дегани бир-икки кунда якунига етадиган жараён эмас. Бунда ҳар бир ҳолат, ҳар битта детал синчковлик билан текширилади, ўрганилади. Сўроқ-саволлар билан таққосланиб, қонун қаричи билан ўлчанади. Шундан сўнг муайян қарорга келинадики, бу жараён ойлаб давом этиши тайин. Бундан ўтказилган уч карра тергов ҳаракатлари бир йилдан кўпроққа чўзилганини англаб олаверинг. Бу вақт мобайнида йўқолтилган ҳаловат, қақшаган асаб, путур етган соғлиқ, бола-чақанинг аҳволи, ўлда-жўлда қолган ишлар.... Буларни тасаввур этиш мумкиндир, бироқ ҳис этиш қийин барибир. Тана бошқа - дард билмас, деган гап бекорга айтилмаган.

Шу билан ғурбатлар поёнига етдими?

ҚАҲРАМОН: "... Уч бор ўтказилган терговлардан "омон" чиққач, нафас ростлашга улгурмадим ҳатто. Ички ишлар органига мурожаат қилиб, "муроди ҳосил бўлмаган" Азамат Гайбназаров фуқаролик судига даъво ариза киритибди. Мазмуни ўша-ўша: гўёки алдов йўли билан ундан катта миқдорда пул олиб, бермай юрган эмишман... Алдов йўли билан пул олиб, бермай юриш - қип-қизил фирибгарлик! "Фирибгарлигим" бир эмас, уч марта тергов йўли билан ўрганилди, бироқ тасдиғни топгани йўқ. Шундан кейин А. Гайбназаров "туҳмат"да айбланиб, жавобгарликка тортилиши керак эди, аслида. Менга келганда енг шимариб ишга тушадиган тергов органи унга келганда гўёки "ғайрати сўниб" қолаётганидан ҳайрон бўлиб юрган эдим, бу ёқда суд машмашаси бошланди...".

МУАЛЛИФ: Зукко ўқувчи уч карра тергов йўли билан ўрганилиб, тасдиғини топмаган важлардан иборат даъво-ариза фуқаролик судида кўз юмиб рад этилиши яхши билади. Бироқ қаҳрамонимиз мисолида бунинг ғирт тескариси бўлди: даъво "кўз юмиб" қаноатлантирилди! Фуқаролик ишини шахсан ФИБ (фуқаролик ишлари бўйича) Учтепа туманлараро суди раиси М. Имомов кўриб, бундай қарор чиқаргани эса, юқорида айтган гап - "судларда ҳамон кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ишлар рўй бераётганига" яққол далил эмасми?!

Суд раисининг ҳал қилув қарори чиқаргунча қилган бошқа хатти-ҳаракатларини-ку, айтманг...

ҚАҲРАМОН: "...Рости, суддан кўнглим тўқ эди. Шу-унча терговда тасдиғини топмаган важлар судда қандай топсин?! Устига устак, фуқаролик судида! Биласиз, ҳатто суд жараёнида бирор ҳолатда жиноят учқуни кўрингудай бўлса, дарҳол ажрим чиқариб, тергов органига оширилади: қаранглар-чи, жиноят борми ёки йўқми, деб... Менинг мисолимда бунинг тескариси бўлаётuганди: тергов йўли билан тасдиғи топмаган важлар судда кўрилмоқда! Яна денг, фуқаролик судида! Қисқаси, кутганимнинг акси бўлди: терговда аниқланмаган, тасдиқланмаган важлар фуқаролик судида... асосли (?) деб топилиб, даъво қаноатлантирилди! Буни тасаввур қиляпсизми?".

МУАЛЛИФ: Ҳайратингизни жиловлаб туринг. Бу ҳали ҳаммаси эмас. А Суд даъво аризани иш юритувга қабул қилишининг ўзи қизиқ: даъво муддати аллақачон ўтиб кетганди-да. Иккинчидан, муддати узрсиз ўтказиб юборилган даъво-ариза иш юритувга қабул қилинибди, хўп. Давлат божи нима бўлди, денг? Бор-йўғи бир миллион сўм бож тўланган, холос. Ваҳоланки, даъвогар даъво қилинаётган суммадан келиб чиқилса, ДАВЛАТГА ТЎЛАНИШИ ШАРТ БЎЛГАН БОЖ МИҚДОРИ бир неча ўнлаб (!) миллион сўмни ташкил этади! Шунга қарамай суд раиси М. Имомов даъвогар гўёки ҳеч қаерда ишламаслиги, моддий аҳвол тангроқ эканини билдирувчи МФЙ берган маълумотни асос қилиб, бож тўлашни кечиктириш ҳақида ажрим чиқариб берибди. Бироқ кўп ўтмай А. Гайбназаров қозони сувга ташланган камбағал эмас, қони тўқ, усти бут, ҳатто "Каптива"га эга бойвачча, МФЙдан келтирган маълумотнома эса сохта экани ошкор бўлади. Икром Ҳаитов шу ҳақда судга тегишли ҳужжатларни тақдим этаркан, даъвогарнинг "Каптива"сига банд солишни сўраб, ариза киритди. Суд раиси М. Имомов: " бу аризангизни кейинги суд мажлисида кўрамиз", деб бир ҳафта танаффус эълон қилади. Бир ҳафтадан сўнг "Каптива"га банд солиш ҳақида ажрим чиқаради ҳам. Бироқ бу орада А. Гайбназаров қимматбаҳо машинасини сотиб (ёки бировнинг номига ўтказиб), яна "камбағалга айланиб" улгургани боис суд давлат божи масаласини муҳокама қилиб ўтирмай иши келган жойидан давом эттаверади... Натижани биласиз: давлат божи тўлашдан қочиб, сохта маълумотнома асосида сохта камбағалга "айланиб", давлатни алдаган А. Гайбназаровнинг таги пуч даъвосини суд давлат номидан ҳал қилув қарори чиқарган ҳолда қаноатлантириб берди! Фуқаролик ишига оид бошқа тафсилотларни қўяйлик: суд раисининг шу хатти-ҳаракатларининг ўзи унинг холис, суд қарори қонуний ва асосли эканига асосли шубҳа туғдирмайдими?

ҚАҲРАМОН: "...Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди раиси М. Имомовнинг "кашфиётлари" шулардан иборат эмас. У ҳали суд мажлиси бошданмаёқ "орузларини ошкор қилиш"ни бошлаб юборганди. Аввалига "айланма йўллар" орқали даъво аризани иш юритувга қабул қилиб кўпларни ҳайратлантирган бўлса, кейин даъвони таъминлаш ҳақида ажрим чиқариб, мени мамлакатдан чиқишимга таъқиқ қўйди, шунингдек, уй-жойимдан ташқари синглим раҳбарлик қилаётган "Uzpromtek-Buxoro" шўъба корхонасининг мулклари-ю ҳисоб-рақамларига ҳам банд солди. Ваҳоланки, шўъба корхонани фуқаролик ишига алоқаси йўқ! Гарчи шўъба корхонага солинган бандда "иш ҳақи ва бошқа мажбурий тўловлар" истисно қилинган бўлса-да, унинг фаолияти амалда тўхтаб қолди. Ахир, корхона фаолият юртсагина иш ҳақи ва бошқа мажбурий тўловларни амалга оширадими? Шўъба корхона фаолияти М. Имомовнинг ғайриқонуний ажрими сабаб тўхтагани оқибатида ўнга яқин ишчилар тирикчилигидан мосуво бўлди. Бошқа зарарларнинг ҳисоб-китоби бир неча юз миллион сўмни ташкил этади...".

МУАЛЛИФ: Қаҳрамонимизнинг гапларини муболағага йўйманг. Тақдим этган ҳужжатларни кўрдик. Қайта-қайта. Дарҳақиқат, суд раисининг даъвони таъминлашга қаратилган қонунга зид ажрими шўъба корхона фаолиятига болта ургани аниқ. Бу ҳол Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2019 йил 30 июлидаги ажримида яққол ифодасини топади. Унда "Uzpromtek-Buxoro" шўъба корхонаси низо бўйича тараф ҳисобланмаслиги таъкидланишидан ташқари ФИБ Учтепа туманлараро суди раиси М. Имомов "...ушбу корхонанинг фаолиятини тўхтатиб қўйиши мумкинлигига эътибор бермасдан, шошма-шошарлик билан даъвони таъминлаш чорасини кўргани" алоҳида қайд этилади. Суд раиси М. Имомовнинг даъвони таъминлаш ҳақидаги 2018 йил 9 февралда чиқарган қонунга зид ажарими Олий суд томонидан 2019 йил 30 июль куни бекор қилингани эътиборга олинса, шўъба корхона нақ 18 ой "тутқунликда қолгани", бунинг оқибатида фаолияти тўхтаб, шу ерда меҳнат қилган ўнга яқин ишчилар бекор қолиши натижасида уларнинг оила аъзолари не аҳволга тушганини тасаввур қиляпсизми? Давлат ва жамиятга етган зарарларни-чи?

ЯНА МУАЛЛИФ: Юқоридаги баёнларни ўқиб, масала Олий судгача келиб, ҳаммасига қонуний нуқта қўйилибди-да, деган хаёлга борсангиз - адашасиз. Тўғри, фуқаролик иши Олий суднинг тегишли судлов ҳайъатида кўрилгач, вазият бироз ўзгарди. Яъни, ФИБ Учтепа туманлараро судининг даъвони таъминлаш ҳақидаги ажрими бекор қилинди. Шунингдек, биринчи босқич суди ҳал қилув қарорини қарийиб ўзгаришсиз қолдирган (!) ФИБ Тошкент шаҳар суди кассция инстанциясининг ажрими ҳам бекор қилиниб, иш шу босқичда қайта кўриш учун юборилди.

ҚАҲРАМОН: "...Шунга қарамай шакл ўзгарди, аммо моҳият ўзгаргани йўқ. Фуқаролик иши Олий суд ажримига мувофиқ, ФИБ Тошкент шаҳар судининг кассация босқичида қайта кўрилиши керак эди. Ўтган тўрт ой давомида икки марта суд бўлди, холос. Биринчи суд мажлисидан кейин "дело"ни Олий суд чақириб олди, дея номаълум муддатга танаффус эълон қилинди. Ноябрь ойи бошларида яна судга чақиришди. Бордик. Суд мажлиси ўн дақиқага бормади - прокурорнинг "иш билан танишиш учун вақт сўрагани" эътиборидан бошқа кунга қолдириди. Аммо белгиланган санадан бир кун бурун хабар келди суддан: "дело"ни яна Олий суд чақириб олибди..."

МУАЛЛИФ: Олий суд ишни назорат босқичида кўриб, шаҳарга юборган бўлса-да, вақти-вақти билан яна чақириб олиб, "кинна солаётгани" таажжубли, албатта. Қизиқ, мазкур фуқаролик ишида қандай сир-синоат борки, унга ҳатто олий маҳкама алоҳида эътибор ва муҳаббат билан қарайверса?! (мазкур фуқаролик иши бўйича арилган суд ҳужжатлари Олий судгача "беталофат" етиб боргани алоҳида-ку мавзу) Бу нимадан далолат? Манфаатдорликданми ёки суд ходимларининг қандайдир кучлар олдида ожиз қолаётганининг белгисими? Майли, башоратга берилишнинг мавриди эмас ҳозир. Бундай сирли-сирли ҳолатлар замрида қандай омиллар ётмасин, фуқароларнинг судлар бўлган ишончига путур етаётгани аниқ. Бу эса, Президент сиёсатига хиёнатдан бошқа нарса эмас.

Воқеалар ривожини вақт кўрсатаверади. Мавзуга қайтиш қочмас.

Акбар Алишайхов

Azon.uz сайтидан олинди.