Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






«Ғафур Ғулом» номидаги маданият ва истироҳат боғи қачон фойдаланишга топширилади?
15.03.2022 18:51,  
127

Ушбу маданият ва истироҳат боғи пойтахтимизнинг гавжум ва сўлим гўшаларидан бири ҳисобланади. Хабарингиз бор, айни пайтда боғ ҳудудини капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Реконструкцияга масъул «BMP SMART DECISION PRIVATE LIMITED» компанияси хабар беришича, боғ ҳудудида аввал канализация тизими умуман йўқлиги санитария-гигиена талабларига нолойиқ ҳолат деб топилгани боис, таъмирлаш ишларининг биринчи босқичида бу ерга сув оқава тизими ўрнатилган.

Қолаверса, дарахт ва буталар жуда ҳам кўп бўлган ушбу боғда уларни суғориш тизими йиллар давомида яроқсиз ҳолга келиб қолган эди. Шу сабабли, водопровод тизими янгитдан ўрнатилди. Бу тизимни ишга туширишда энг замонавий ва қимматбаҳо ечимларга эътибор қаратилди. Масалан, ёмғирлатиб суғориш усулини олайлик. Бу усул боғга ташриф буюрувчилар орасида болалар кўп бўлгани боис, эҳтиёт чораси сифатида ҳам мақбул усулдир. Чунки, боғ дарахтларни суғоришдан бўш вақтда ер остида, суғорилаётган пайт эса ер остидан қайта чиқиб келадиган тизим билан таъминланди.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда 2019 йилнинг 14 февраль куни имзоланган 132-сонли инвестиция мажбуриятлари тўғрисидаги шартномага мувофиқ, «Ғафур Ғулом» номидаги маданият ва истироҳат боғини фойдаланишга топшириш 2022 йилнинг декабрь ойи охиригача режалаштирилган.

Аммо, шунга қарамай, боғ маъмурияти уни белгиланган муддатдан аввал, яъни, 2022 йилнинг ёз мавсумида фойдаланишга топширишни мўлжалламоқда.

Шу тариқа «Ғафур Ғулом» номидаги маданият ва истироҳат боғи қисқа муддатда – атиги икки йил ичида тўлиқ реконструкция қилинади.

Боғ учун зарур жиҳозлар, техника ва технологиялар танлови масаласига тўлиқ масъулият билан ёндашилган.

Хабар қилинишича, боғ ҳудудидаги аттракционларнинг узлуксиз ва хавфсиз ишлаши учун ёритиш ускуналари, қўриқлаш ва электр таъминоти тизимлари янгисига алмаштирилган. Эски электр подстанциялари ўрнига янги, кучли қувватга эга подстанциялар ўрнатилган. Боғга ташриф буюрувчилар учун қулайлик яратиш, энг муҳими, хавфсизликни таъминлаш мақсадида ёритиш тизими тўлиқ янгисига алмаштирилади.

Шунингдек, шахс юзини аниқ кўрсатиб берувчи ва буни хотирасида сақлаб қолувчи видеокузатув тизими ўрнатилади.

Қайд этилишича, боғ концепцияси пойтахтликларнинг хоҳиш-истакларига асосланган ҳолда тузилган. Яъни, бу боғ «бетон мегаполис»га айланиб улгурган шаҳар марказининг сокин ва кўкаламзор бурчаги сифатида пойтахт аҳлини ўз бағрига чорлайди.

Янгидан фаолият бошлайдиган истироҳат боғида пиёдалар ва сайр учун мўлжалланган йўлаклар тўлиқ таъмирланмоқда, яшил майдонлар кўпайтирилиб, бетакрор ландшафт яратилмоқда.

Боғда ёшлар байрами ва оммавий тадбирларни ўтказиш учун карнавал майдонини қуриш, турли мамлакатлар, халқларнинг миллий таомларидан татиб кўриш мумкин бўлган гастрономик кўчаларни ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.

Қувонарлиси, «Ғафур Ғулом» номидаги маданият ва истироҳат боғида олиб борилган реконструкция ишлари асносида бирор-бир дарахтга зиён етказилмаган. Боғни ижарага бериш бўйича шартнома имзолангандан сўнг дарҳол барча экинлар инвестор, эколог ва фаолларнинг алоҳида назоратига олинган (бу борада керакли маълумотлар тақдим этилди).

Боғ корхона тасарруфига ўтказилгунига қадар турли кичик дўконлар ва овқатланиш шохобчалари барпо этилгани сабаб, яшил майдонлар ҳолатига эътибор берилмаган. Реконструкция жараёнида эса дарахтларни сақлаб қолиш учун уларни тўлақонли парваришлаш чоралари кўрилди.

Боғни таъмирлаш концепциясига кўра, у табиатнинг бир бўлаги бўлиб қолади, шу боис, икки кўлни сақлаш ва таъмирлаш устувор вазифага айланган. Янгиланган боғда кўллар экотизимнинг асосий элементи ҳисобланади. Боғга ташриф буюрувчилар унда яшовчи жонзотлар - оққуш ва ўрдаклардан эстетик завқ олишлари мумкин бўлади.

Шу билан бирга, кўллардан биридаги иккита кўприк қайта қурилмоқда. Экспертиза хулосасига кўра, эски кўприк ҳашар усулида барпо этилган бўлиб, на қурилиш талаблари ва на техник талабларга жавоб бера олган.

Шундай қилиб, яқинлашиб келаётган ёз мавсумида таъмирланиб, қайта чирой очадиган сўлим боғ пойтахт аҳли ва меҳмонлари учун яна энг севимли гўшалардан бирига айланиши кутилмоқда.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан