Galaxy Note 20 ва Galaxy Note 20 Ultra тақдим қилинди: тўлиқ тавсифи ва нархлари

Galaxy Note 20 ва Galaxy Note 20 Ultra тақдим қилинди: тўлиқ тавсифи ва нархлари

Samsung компанияси 5 август куни Galaxy Unpacked тадбирини онлайн режимда ўтказди. Унинг энг кутилган қаҳрамонлари Galaxy Note 20 ҳамда Galaxy Note 20 Ultra смартфонлари бўлди.

Жуфтликнинг «кичкина»си – базавий Galaxy Note 20 модели 6,7 дюймлик Super AMOLED Plus дисплейга эга. Унинг тасвир аниқлиги FHD+ форматида (2400х1080 пикселлик) бўлиб, HDR10+ видеотехнологиясини қўллаб-қувватлайди. «Катта» версиясидан фарқли равишда, стандарт фаблетнинг экрани текис, яъни четлари қайрилмаган.

Экраннинг юқори қисми ўртасида 10 мегапикселлик олд камера учун тирқиш очилган. Ультратовушли бармоқ изи сканери ҳам дисплейга интеграция қилинган.

Тўртбурчак блокда жойлашган Galaxy Note 20 бош камераси уч модулли, лекин у Ultra-версиядаги каби 108 мегапикселлик датчикка ва 5 карралик оптик зумга эга эмас. Ундаги асосий – 64 мегапикселлик телефото модули f/2.0 диафрагмали объектив билан тақдим этилган ва 3 карралик оптик зум ҳамда оптик барқарорлаштириш тизимига эга. Иккинчи – 12 МПлик кенг бурчакли камера (f/1,8) ҳам оптик стабилизация билан таъминланган. Учинчи сенсорнинг ҳам аниқлиги 12 мегапикселлик бўлиб, 120 даражали ўта кенг бурчакли объектив (f/2,2) билан бириккан. Смартфон бош камераси 30 карралик зум ва сониясига 24 кадрлик аниқликда 8K-видео суратга ола билади. Лекин тезкор лазерли автофокус фақат «катта» моделда мавжуд.

Galaxy Note 20 қайси ҳудудда сотилишига қараб, Exynos 990 ёки Snapdragon 865+ процессори базасида ишлаб чиқарилади. Фаблетнинг LPDDR5 стандартидаги тезкор хотира чипи 8 гигабайтлик ҳажмга эга. Доимий хотира вариантлари иккита – 128 ҳамда 256 гигабайтлик, лекин хотира картаси слоти йўқ.

Бу смартфон NFC чипи билан таъминланган, корпуси IP68 стандартига кўра ҳимояланган. AKG томонидан тақдим этилган стереодинамиклари эса Dolby Atmos технологиясини қўллаб-қувватлайди.

Планшетофоннинг 4300 мА/соатлик аккумулятор симли ва симсиз усулда тезкор қувватлана олади. Шунингдек, унда симсиз реверсив зарядлаш функцияси бор – мазкур технологияни қўллаб-қувватловчи бошқа девайсларни симсиз зарядлай олади.

Galaxy Note 20 смартфонининг корпуси 161.6х75.2х8.3 миллиметрлик бўлиб, вазни 194 граммга тенг.

Galaxy Note 20 Ultra моделининг эса корпус ўлчамлари 164.8х77.2х8.1 миллиметр келади, вазни эса 208 грамм тош босади. Samsung унда ўзгача – Dynamic AMOLED 2X дисплей қўллаган. Четлари қайрилма экраннинг ўлчами диагоналига 6,9 дюймга тенг, тасвир аниқлиги – 3088х1440 пикселлик. Унинг дисплейи HDR10+ форматини қўллашдан ташқари, 120 герцлик янгиланиш частотасига ҳам эга. Бармоқ изи сканери ва олд камера ҳам худди «кичик» шеригидаги каби.

Лекин Ultra-версиянинг бош камераси фарқли: 108 мегапикселлик асосий датчик (f/1.8) оптик барқарорлаштиришга эга. Ўт кенг бурчакли (120 даражали) иккинчи сенсор мегапикселлик аниқликда. Учинчи телефото модули ҳам 12 МПлик аниқликда ва f/3.0 диафрагмалидир. Бош камера лазерли автофокусга, 50 карралик зум ва 5 карралик оптик зумга эга; у ҳам 24 кадр/сония частотасида 8K-видео олишга қодир.

Процессор ўша-ўша: сотиладиган бозорига қараб Exynos 990 ёки Snapdragon 865+ чипсетлари, лекин хотираси стандарт моделдагидан каттароқ. Galaxy Note 20 Ultra флагманида 8 ёки 12 гигабайтлик LPDDR5 тоифали тезкор хотира ҳамда 128/256/512 гигабайтлик ички хотира қўлланган. Тағин, унда нақ 1 терабайтгача ҳажмли MicroSD-карта учун слот ҳам мавжуд.

Фаблетнинг автономлиги учун 4500 мА/соатлик батарея масъул, у ҳам симли ва симсиз тезкор қувватлашни, шунингдек, симсиз тескари зарядлашни қўллаб-қувватлайди. Смартфонда NFC чипи ҳамда Dolby Atmos технологияли AKG стереодинамиклари қўлланган; корпуси IP68 стандартига кўра ҳимояланган.

Янгиланган S Pen стилуси янада тезкор ишлайдиган бўлган: унда ушланиб қолиш муддати Galaxy Note 20 моделида 26 миллисония, Galaxy Note 20 Ultra моделида эса 9 миллисониягача қисқартирилган. Стилусга реакция бериш вақти стандарт фаблетда 40 фоизга, Ultra-версияда эса 80 фоизга қисқартирилган. Унда бешта ишора мавжуд: Орқага, Уйга, Сўнгги иловалар, Smart Select ва Экрандан ёзиб олиш. Стилус ёрдамида бевосита PDF-файлларда, расмлар ва матнларда қўлёзма қайдлар қилиш имкони қўшилган.

Янги планшетофонларда «Windows билан алоқа» функцияси кенгайтирилган. У смартфондаги иловаларга бевосита компьютердан кириш имконини беради. Шу йилнинг ўзида мазкур функция орқали компьютерда бир вақтнинг ўзида бир нечта иловани ишга тушириш опцияси ҳам қўшилади.

Galaxy Note 20 туркумида смартфондаги контентни телевизорда трансляция қилиш ва бир вақтнинг ўзида бошқа иловалар билан ишлаш имконини берувчи Samsung DeX режими яхшиланган. Шунингдек, бунда флагманни тачпад сифатида қўллаш ва бармоқ ишоралари билан бошқариш мумкин: юқорига силаш (яқинда очилган иловалар), пастга (уй экрани), чапга ва ўнгга (очиқ турган иловаларнинг биридан бошқасига ўтиш).

Янги смартфонлар учун бугун – 6 август куни олдиндан буюртма очилган, очиқ савдолар эса 21 августдан бошланди. Galaxy Note 20 моделининг нархи 1000 доллардан, Galaxy Note 20 Ultra эса 1300 доллардан бошланади. Булардан биринчиси Mystic Bronze, Mystic Black ва Mystic White рангли, иккинчиси эса Mystic Bronze, Mystic Grey, Mystic Green рангли корпусларда чиқяпти.