Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ғарб банклари Россиядан чиқиб кетиш учун курашмоқда
17.01.2023 17:46,  
99

Россиядан чиқиб кетишга уринаётган Ғарб банклари маслаҳатчилари фикрича, Владимир Путин томонидан киритилган қонун сотишни қийинлаштириб, Кремлга яқин бизнесменларга фойдали битимлар тузиш имконини беради.

Украинада СВО бошланганидан деярли бир йил ўтиб, фақат бир нечта Ғарб банклари Россияни катта харажат эвазига тарк этишга муваффақ бўлишди, бошқалари эса ўз бизнесларини мамлакатда сақлашни танладилар.

Бироқ, ўтган йили Путин "дўстона бўлмаган" мамлакатларнинг хорижлик мулкдорлари унинг розилигисиз битим туза олмаслигини айтганида, Россиядаги активларини сотишга уринаётган кўпчиликнинг тез чиқиб кетиш умиди пучга чиқди. Зарар кўрган компаниялар рўйхатига Россияда шўба корхоналари бўлган 45 та банк киради.

Битимлар устида ишлаётган маслаҳатчилар Россия президентининг аралашуви аллақачон муҳокама қилинган айрим савдоларни бузишини ва бошқаларнинг шартларини сезиларли даражада ўзгартиришини кутишмоқда.

Уларнинг башоратига кўра, келишувга эришилган сотув нархлари икки баравар пасаяди, чунки Кремль битимларга кўпроқ таъсир қилади. Уларнинг айтишича, дастлаб шартнома тузишга мажбур бўлган потенциал харидорлар президентнинг розилигини олган ва Кремль ёқмаган рақобатчилардан савдони тортиб олишга ҳаракат қилмоқда.

"Кремль билан яқин алоқада бўлган жуда кучли россияликлар бор, улар ўз таъсиридан фойдаланиб, бу ташкилотларни қочиб кетган хорижликлардан тортиб олишга ҳаракат қилмоқдалар", деди музокараларда иштирок этган шахс.

"Биз ҳар куни (бундай турдаги битимлар) устида ишлаймиз, лекин ҳар сафар бу қийинлашиб бораверади", деди Ғарб банкларига Россиядаги шўба корхоналарини сотиш бўйича маслаҳат берувчи Dechert юридик фирмасининг ҳамкори Лаура Бранк.

Украинада Россиянинг босқинчилик фаолияти бошланганидан бир неча кун ўтиб, ўнлаб йиллар давомида Россиядаги шўбаларини секин-аста қуриб келаётган Ғарб банклари қийин танловга дуч келишди: ё тезда бизнесни сотиш ва катта йўқотишларни ўзлаштириш, ёки кутиш ва секин-аста ўз бизнесларини Россияда тугатиш.

Ғарб санкциялари ва Москванинг қарши санкциялари мамлакатда хорижий банкларнинг ишлашини деярли имконсиз қилди.

Россия ва Украинада энг йирик ғарбий кредитор бўлган Австриянинг Raiffeisen Bank International банки ўтган йил бошида чегарада қўшинлар тўпланганида мижозлар ўз жамғармаларини олиб қўйишини кутиб, валюта ҳимоясини кучайтирди ва пулни захирага қўйди.

Аммо 24 февраль кўпчилик Ғарб банкирлари сингари банк раҳбарларини ҳам ҳайратда қолдирди.

"Бу менинг ҳаётимдаги энг ҳайратланарли кунлардан бири эди", деди Ханнес Мёзенбахер Raiffeisen'нинг рискларни бошқариш бўйича директори.

Raiffeisen'нинг шўба корхонаси Кремль рўйхатидаги энг йириги ҳисобланади - Россияда СВО арафасида унинг 4,2 миллион мижози ва 9,4 минг ходими бор эди - ва банк мамлакатдан қандай чиқиб кетишини ҳали аниқлай олмади.

2022 йил бошида унинг Россиядаги 22,9 миллиард евролик активларидан атиги 354 миллион евроси Ғарб санкцияларидан жабр кўрган молия институтларига, 119 миллион евроси эса санкциялардан жабр кўрган бошқа компанияларга боғланган.

Июль ойи охирида HSBC ўзининг Россиядаги шўбасини маҳаллий кредитор Expobank'га сотишга рози бўлди, бу унга мамлакатни тарк этиш имконини беради.

Аммо энди бу савдо тўхтатилди. HSBC улар ҳали ҳам келишувни якунлашга ҳаракат қилишаётганини айтди, аммо уларнинг режалари билан таниш бўлган шахс Expobank харидор сифатида Путиннинг розилигини олиши кераклигини айтди.

"Шартнома имзолангандан бери биз учун ҳеч нарса ўзгармади", деди HSBC раҳбари. 

Президент фармонига қадар Россиядаги шўбасини кўчиришга муваффақ бўлган банклардан бири Франциянинг Société Générale банки бўлиб, апрель ойида ўзининг Росбанкдаги бизнесини ҳамда Россиядаги суғурта операцияларини миллиардер Владимир Потанин асос солган инвестиция компаниясига сотишга рози бўлди.

Raiffeisen ва Италиянинг UniCredit билан бир қаторда, SocGen барча Ғарб банклари орасида Россиядаги энг йирик корхоналардан бирига эга бўлиб, 2022 йил бошида активлари 18,6 миллиард еврога тенг эди. Росбанкда 12 минг киши ишлаган.

SocGen битимни тезда ёпишга муваффақ бўлди, чунки у ўтган ой АҚШ санкциялари остида қолган, Кремль билан яқин алоқада бўлган Россиянинг энг бой одамларидан бири Потанинга сотилган. Франция банки ҳам 2008 йилда Потаниндан бизнесни сотиб олган.

"Биз буни жуда тез қилдик - бу банкни яхши биладиган одамга сотишимизга ёрдам берди", деди SocGen раҳбарларидан бири.

Бироқ бундай шошқалоқ савдо туфайли SocGen 3,3 миллиард евро зарар кўришига тўғри келди.

UniCredit'нинг Россиядаги операциялари 2 миллион мижоз ва 3500 нафар ходимни ўз ичига олади. Бош директор Андреас Орсел ҳатто CБО бошланишидан бир неча ҳафта олдин Россиянинг Откритие банкини сотиб олиб, ўз улушини оширишни кўриб чиқаётган эди. Октябрь ойи ўрталарига келиб, унинг Россияга жами сармояси ҳали 7 миллиард еврони ташкил этди.

Орсел ёзда бизнесни бекор қилиш ёки уни чегирма билан сотиш "ахлоқий жиҳатдан нотўғри" эканлигини айтганидан сўнг, Италия банкининг Россия билан алоқаларини узмагани Европа Марказий банки билан келишмовчиликни келтириб чиқарди, деди.

Бироқ яқинда банк "Россиядан тартибли ва қатъий чиқиб кетишга интилганини" айтди, Орселнинг айтишича, бу бошқа банклар томонидан олиб борилаётган "ҳамма нарсани ташлаб юбориш" стратегиясидан фарқ қилади.

"Сиз уларни ўзингиз курашмоқчи бўлган одамларга ташлаяпсиз", деди у сентябрь ойида Bank of America конференциясида.

Бироқ у Renault ва Nissan билан Россия қўшма корхонаси бўлган РН-Банкни Лада ишлаб чиқарувчи Автовазга сотишга рози бўлди. Келишув ноябрь ойи охирида Путин томонидан маъқулланган эди.

Маҳаллий шўба корхонаси буюртмадан таъсирланган Citigroup ўз муаммоларига бошқача ёндашади. Унинг активлари декабрь ойи охирида 7,5 миллиард долларни ташкил этди.

Бир йилдан кўпроқ вақт давомида Россия бизнеси учун харидор топа олмагач, америкалик кредитор бизнесни тўхтатишга қарор қилди.

Ўтган ой банк рус истеъмол кредитлари портфелини маҳаллий тижорат кредитори Уралсибга сотди.

Шунингдек, у 2023 йилнинг биринчи чораги охиригача Россиядаги аксарият институционал банк хизматларини тугатишни режалаштирмоқда, аммо бизнес билан таниш одамларнинг фикрига кўра, унинг кастодиал операцияларини очиш қийинроқ бўлиши мумкин.

Intesa Sanpaolo бош директори Карло Мессина Италия ва Россия компаниялари ўртасидаги трансчегаравий кредитларни бекор қилиш орқали активлари бўйича Италиянинг энг йирик кредиторини "Россия учун ноль хавфли банк"га айлантириш ниятини айтди.

Аммо, мамлакатда қолиб кетган бошқа Ғарб банклари сингари, унинг Россиядаги шўбаси тақдири ҳам Путиннинг қўлида.

"Бу кўпчилик банклар учун бўлгани каби биз учун ҳам жуда оғир вазият", деди шўба корхонаси чекланган рўйхатда бўлган банклардан бирининг раҳбари.

"Аввалига санкцияланган ташкилотларга сотишнинг имкони бўлмагани, ҳозир эса бу банкларнинг барчасини гаровда ушлаб туриши Россия ҳукуматининг қўлида. Банкларнинг чиқишини енгиллаштириш учун ҳеч қандай рағбат йўқ".

Унинг қўшимча қилишича; "Биз умидсизликдамиз, лекин бу муаммони ҳал қилиш истаги йўқлиги учун эмас. Ундан чиқиш йўли нима эканлигини аниқлаш жуда қийин", дея ўз фикрини якунлади банк раҳбари.

СВО Украинадаги "Махсус ҳарбий операция" сўзининг қисқартмаси бўлиб, Россия расмийлари томонидан 2022 йилда Россиянинг Украинага бостириб киришига ишора қилиш учун ишлатиладиган эвфемизм.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан