Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллар
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар








Геология соҳасидаги вазифалар ижроси кўриб чиқилди
8.07.2022 20:30,  
56

Президент Шавкат Мирзиёев 8 июль куни геология соҳасидаги натижалар ва йил якунигача бўлган режалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.

Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси Б.Исломов охирги йилларда амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисобот берди. Жумладан, замонавий технологиялар жорий қилингани натижасида геологик ўрганиш ва бурғилаш ишлари ҳажми 1,5 баробаргача ошгани айтилди.

Ерости қазилмаларига солиқ ставкалари пасайтирилиб, соҳада хусусий инвесторларга йўл очилди. Конларни аукцион орқали сотиш ҳисобига, 1 миллиард 400 миллион доллар инвестиция киритиш бошланди.

Геология фанлари университети ташкил этилиб, фаолияти энг замонавий технологиялар ва илғор методикалар асосида йўлга қўйилди.

Шу йил 19 май куни бўлган тақдимотда Президент “Навоийуран” давлат корхонасини трансформация қилиш, уран захирасини ошириш бўйича топшириқлар берган эди. Бугун шу борада бошланган ишлар, ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар ҳақида ахборот берилди.

Унга кўра, технологик жараён ва молиявий ҳисоботларни халқаро стандартларга ўтказиш, уран ишлаб чиқариш ҳажми ҳамда захирасини 2030 йилгача 2 баробар ошириш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари бу ишларни самарали ташкил этиш учун “Навоийуран”да лойиҳа офиси очиш, чет эллик мутахассисларни жалб қилиб, кадрлар малакасини ошириш кераклигини таъкидлади.

Рангли ва ноёб металли конларни ўзлаштириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Бу борада геологик қидирув майдонлари кенгайтирилган. Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳузурида “Янги кон” компаниясини ташкил этиш кўзда тутилган. Бу компания литий, алюминий, магний, графит ва бошқа нодир металларни ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳалари ижросини ташкиллаштиради.

Ер остидаги қадрли неъматлардан яна бири – бу сув. Сўнгги йилларда 21 та туманда ерости сувининг сатхи 20 метргача пасайиб кетган. Жойларда айримлар буни тушуниб етмай, ундан хўжасизларча фойдаланмоқда. 2021 йилнинг ўзида 1 минг 200 та ноқонуний қудуқ бурғилаш ҳолати аниқланган.

Шу боис Президентимиз ерости сувларидан оқилона фойдаланишни ташкил этиш бўйича топшириқлар берган эди. Айни мақсадда ерости сувларини самарасиз ишлатганлик учун жавобгарликни кучайтириш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Шунингдек, Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида ерости суви захирасини ошириш чоралари кўрилаётгани айтилди.

Қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий қилиш, Қашқадарёда бу бўйича кластер ташкил этишга қаратилган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

– Умуман, геология иқтисодиётнинг ўсишига асосий туртки берадиган соҳа. Бу борадаги салоҳиятини тўлиқ ишга солиш керак, – деди давлатимиз раҳбари.

Тавсия Этамиз








Тавсия Этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан