“Ўзбекнефтгаз “ ва Геология қўмитаси ўртасида сарсон “Ўзбекгеофизика” ишчилари уч йиллик ҳақини қачон олади?

“Ўзбекнефтгаз “ ва Геология қўмитаси ўртасида сарсон “Ўзбекгеофизика” ишчилари уч йиллик ҳақини қачон олади?

Фото: qalampir.uz

Бугун бир одамга иш бажартириб “ҳақингни 2-3 йилда бераман, ишлайвер-чи, ука, оласан-да”, деб қўйсангиз нима бўлади? Хунук бўлади. Аммо давлат тизимидаги айрим корхоналарда бунақаси оддий ҳол эканлиги афсусланарли.

Сарлавҳани икки орада сарсон деб қўйганимиз сабаби бор. Асосий вазифаси ер остини ўрганиб, нефт ва газ конларини бурғилаш учун аниқлаб бериш бўлган “Ўзбекгеофизика” 90-йилларда Геология вазирлигига қараган бўлса, кейин “Ўзбекнефтгаз” Миллий Холдинг компаниясига ўтказилган. 2019 йил ноябрида эса яна Геология қўмитаси таркибига қайтарилган.  Бу маълумотларни иш ҳақидан қарздорлик қачон юзага келганини билдириш учун келтиряпмиз.

Аввал ва кейин

Маълумки, идорада салқин хонада ўтириб ишлаш билан қишин-ёзин дала-даштда кирка билан ер кавлаб, қўлда кабел тарқатиш фарқ қилади.  Одатда, иккинчи иш оғирлиги учун ҳаммаям боришни истамайди. Шу боис дала шароитида ишловчиларга “дала коэффициенти” деб аталган қўшимча ҳақ тўланади. 300-400 минг сўм орасида бўлган бу тўлов кўпчиликни ишлашга рағбатлантиради, ҳатто, шу суммани, деб дала ишларини танлаган одамлар бор. Аммо шугина тўловни бермасдан йиллаб чўзиб келаётган корхоналар ҳам бор.

Сайтга келиб тушган хатлардан бирида Давлат Геология қўмитаси таркибига кирувчи “Ўзбекгеофизика” АЖ Фарғона геофизика экспедицияси филиалининг бир гуруҳ ишчи-ходимлари нақ ўн уч ойлик дала пулини олмагани ёзилган. Иш ҳақидан қарздорлик 2017 йилдан бошланган экан. Уч йилдан кўп вақт ўтибди. Хўш, бу маблағ қанча бўлади? Ҳар бир одамнинг 350 минг сўмдан ҳақини 13га кўпайтирсак, тўрт ярим миллиондан ортиқ пули қўлига тегмаган. Биз ҳали пул қадрсизланишини ҳисобга олмадик. Одамлар 4-5 млн сўм кредит олаётган бир вақтда бу арзигулик суммадир. Айниқса, карантин пайтида одамлар моддий қийналишини ҳисобга олсак.

Хўш, иш ҳақидан қарздорлик фақат Фарғонадами? “Ўзбекгеофизика”нинг бошқа филиалларини суриштирсак, улар ҳам ҳеч мақтанадиган ҳолатда эмас. Яккабоғ ва Бухоро геофизика экспедицияси ҳам “полевой коэффициент”ни ўнлаб ой мобайнида тўлагани йўқ. Бунинг устига тўланмаган мукофот пуллари қўшилади. Умумий ҳисоблаганда қарийб икки минг ишчи-ходимнинг ўртача 5 млн сўмдан пули берилмаган. Бу 10 млрд бўлади. Қизиқ, бу пуллар қаерда? Ҳеч қаердан жавоб ололмадик. Алидан сўрасангиз Валида, Валидан сўрасангиз Эшматда, Эшмат эса Тошматда дейди. Аммо “Ўзбекнефтгаз”дами, Геология қўмитасидами, “Ўзбекгеофизика”нинг ўзидами ёки филиаллардами – ҳеч ким билмайди. Қаранг, шунча пул чўнтакдаги эзилиб кетган юз сўмликдай куппа кундузи йўқолиб қолиши мумкин экан. Буёқда минглаган ишчи-ходим сим тортиб қаварган қўлини қовуштириб, иш ҳақидан умид қилиб турибди.

Шу ўринда яна бир гап. Тўланмаган иш ҳақлари ҳақида биринчи марта ёзилаётгани йўқ. Қачонки, ҳукумат портали, халқ қабулхонаси каби даргоҳларга ёзилса, дарров пул тўлаш ҳаракати бошланади. Аммо орадан ярим йил ўтгач, ҳаммаси унутилади. Яна ёзсангиз, яна уч-тўрт сўм берилади-да, қолгани зим-зиё. Президент “Биз халққа хизматкормиз”, деб турганида, айрим раҳбарлар меҳнатга ҳақ тўлашниям мушук-сичқон ўйинига айлантириб юборишади.  Қани бу ерда халққа хизмат?

Мамлакатимизнинг энергетик салоҳиятини таъминлаб берувчи йирик корхоналарни масъул идоралар хафа қилиб қўймайдилар, деб умид қиламиз. Ҳозирча, 131 ишчи-ходим имзолаган хат қуйида.

Имзолар


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.