Германия 12 минг нафар ҳарбийни "COVID-19"га қарши курашда шифокорларга ёрдам бериш учун сафарбар этмоқда

Германия 12 минг нафар ҳарбийни

Йил охиригача Германия Мудофаа вазирлиги пандемия даврида фуқароларга ёрдам берадиган 12 минг аскарни сафарбар қилади. Бу ҳақда "Der Spiegel" хабар бермоқда.

Нашрнинг ёзишича, ҳарбийлар юклама ортиб кетган клиникалар ва соғлиқни сақлаш бошқармасига ёрдам кўрсатади. Хусусан, улар қариялар уйлари ва шифохоналарда вакцинация қилиш жараёни ва тезкор тестларни ўтказишда иштирок этади.

Ноябрь ойи охиригача олти минг ҳарбий хизматчи шифокорларга ёрдам беришга жалб этилса, декабрь ойининг охирига келиб яна олти минг нафар ҳарбий хизматчи улар сафига қўшилади.

Аввалроқ Германияда бир кунда 50 196 кишида коронавирус инфекцияси аниқлангани маълум қилинган эди. Бу пандемия бошидан бери қайд этилган антирекорд ҳисобланади. Бундан олдинги кунлик максимал кўрсаткич 39 676 кишини ташкил қилган эди. 

Эпидемия бошланганидан бери мамлакатда 4 894 250 кишида инфекция қайд этилган. "COVID-19" асоратларидан 97 198 киши вафот этган.