Германияда отишма: қуролли шахс синагогага ҳужум қилиб, икки кишини ўлдирди

Германияда отишма: қуролли шахс синагогага ҳужум қилиб, икки кишини ўлдирди

Шарқий Германияда яҳудийларнинг энг муҳим байрамларидан бўлган Йом-Киппур нишонланаётган синагогага киришга уринган қуролли шахс икки кишини отиб ўлдирди.

Ҳужумда гумонланаётган шахс қўлга олинишидан олдин ҳужум жараёнини онлайн ўйин платформасида жонли тарзда ёритиб борган.

Кейинчалик ўчириб ташланган видеода гумонланувчи ҳужумдан олдин камерага қараб яҳудийларга қарши гапларни айтган ва машинасини Ҳалле шаҳридаги синагога томонга ҳайдаб, унинг эшигига ўқ узган.

Синагога эшиги ёпиқлиги учун у ерга кира олмаган қуролли шахс шу атрофдаги икки кишини отиб ўлдирган.

Маҳаллий матбуотга кўра гумонланувчи 27 ёшли немис бўлиб, ёлғиз ҳаракат қилган.

“Федерал прокуратурага кўра ҳужум қилган шахс ўнг экстремистик гуруҳларга алоқадор бўлиши мумкин”, деган Германия Ички ишлар вазири Ҳорст Зееҳофер.

Воқеалар қандай ривожланди?

Ҳужум чоршанба куни, маҳаллий вақт билан соат 12:00 атрофида содир бўлган. Унинг бошланиши ўша ердаги кузатув камерасига тушиб қолган. Унинг эгнида ҳарбийларнинг кийими бўлган. Маҳаллий яҳудий жамоаси етакчиси Макс Приворотскининг сўзларига кўра ҳужум вақтида синагога ичида 70-80 киши бўлган.

Ҳужум уюштирилган синагога ва унга яқин кабоб дўконининг жойлашув ўрни

Синагогага кириш уриниши ўхшамаганидан кейин қуролланган шахс у ерга яқин турган бир аёл ва кабоб дўкони ёнидаги эркакни отиб ўлдирган.

Полиция қуролли шахс ҳужум қилган жойидан қочишга уринганида қўлга олинганини айтган. Ҳали унинг исми очиқланмади, аммо 27 ёшли немис эканлиги айтиляпти.

302