Гиёҳфурушлар қўлга олинди

Гиёҳфурушлар қўлга олинди

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабарига кўра, 2021 йил 18 февраль куни вилоят Ички ишлар, ДХХ ва Миллий Гвардия бошқармалари ходимлари томонидан Ҳазорасп туманининг “Овшар” қишлоғида яшовчи, 1971 йилда туғилган О.У.нинг уйи ва ёрдамчи хўжаликлари холислар иштирокида кўздан кечирилганида, ушбу шахс 40 дона гугурт қутиларга жойланган жами вазни 88,81 гр бўлган “Марихуана” гиёҳвандлик воситасини сақлаб келаётганлиги аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Хоразм вилояти Ички ишлар, божхона ҳамда ДХХ бошқармалари ходимлари томонидан  2021 йил 26 февраль куни ўтказилган  навбатдаги тезкор тадбирда, Урганч шаҳрининг Хонқа кўчасида йўл бўйида тўхтаб турган,  Беруний туманида яшовчи, 1976 й.т А.О.га тегишли, “Кобалт” русумли автотранспорт воситаси холислар иштирокида кўздан кечирилганида автотранспорт воситасининг салонида целлофан пакетга қадоқланган 26,28 гр “опий” гиёҳвандлик моддасини борлиги аниқланди. Олиб борилган дастлабки суриштирув жараёнида ҳайдовчи ушбу гиёҳванд воситасини фуқаро Ф.А.га 10 500 000 сўм ҳамда 400 АҚШ доллари эвазига қонунга хилоф равишда сотганлиги маълум бўлди.

Бугунги кунда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми ва 276-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.