Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар рўйхатлари кенгайтирилди

Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар рўйхатлари кенгайтирилди

Вазирлар Маҳкамасининг 27 октябрдаги қарори билан муомалада бўлиши тақиқланган ва чекланган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар рўйхатларига ўзгартишлар киритилди, дея хабар қилди Norma.uz.

Муомалада бўлиши тақиқланган гиёҳвандлик воситаларининг рўйхати 238 та позициядан 265 та позицияга, муомалада бўлиши чекланганларининг — 51 тадан 53 тага ошди. Муомалада бўлиши чекланган психотроп моддалар 4 тага (81 та позициядан 85 та позицияга), прекурсорлар эса 3 тага (26 та позициядан 29 та позицияга) кўпайди.

Жумладан, трамадол муомалада бўлиши чекланган гиёҳвандлик моддалар рўйхатидан жой олди. Муомалада бўлиши чекланган психотроп моддалар рўйхатига эса зопиклон («соннат») киритилди.

Аввлроқ «Газета.uz"нинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги ахборот манбалари трамадол, прегабалин («лирика»), зопиклон («соннат») каби гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар рўйхатда йўқлиги сабабли улар мавжуд бўлган препаратларни кўчалардаги сотувчиларни жавобгарликка тортиш имконсиз эканини маълум қилган эди.

Муомалада бўлиши тақиқланган гиёҳвандлик воситаларининг рўйхати тузилиши ўзгартирилди. Унга киритилган моддалар гуруҳлар ва кичик гуруҳларга бўлинди.

Масалан, синтетик каннабиоидлар гуруҳидаги гиёҳвандлик воситаларига анъанавий (дибензопиранлар), ноанъанавий (циклогексилфеноллар, циклогентеноллар, хинонлар), аминоалкилиндоллар (нафтоилиндоллар, фенилацетилиндоллар, бензоилиндоллар ва ҳ.к.), эйкозанойдлар (анандамидлар), бошқалар (нафтоилпиролллар, диарипиразоллар ва ҳ.к.) ва гибрид каннабиоидлар киради.